Андижонда

БОҒ АРО ҚЎЙСАМ ҚАДАМ...


26.03.2022   1063

Олтинкўллик Усмонжон Шокиров асли стоматолог. Аммо гулларга бўлган иштиёқи уни сира “тинч қўймайди”. Ниҳоллар парваришини севимли касби билан уйғунлаштира олган тиббиётчининг томорқа фаолиятига қизиқдик...

“Далварзин” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида чаманзор ташкил қила олган гулчи шифокорни излаб келувчилар талай. Бу ерда парваришланаётган 12 турдаги гул ва манзарали дарахт кўчатларининг харидорлари ҳар ерда топилади. Яхшиси, бироз ортга қайтайлик.

У.Шокиров неча йиллик орзуларини ташаббус сифатида илгари сурганида 2016 йил эди. Бизнес лойиҳа мутасаддиларга маъқул келди. Ер ажратилди. Бир гектару 30 сотихдан иборат майдон дастлаб экин-тикин учун тайёрланди. Икки нафар ишчи билан бошланган фаолиятда турли арча, пальма ва шамшод ниҳоллари илк куртаклар бўлди. Уларнинг ёнига яна бир неча турдаги гул кўчатлари ўтқазилди. Самарали қаров, меҳр ила қилинган парвариш ўзини оқлади. Биринчи ҳосил бўй берди. Даромад ҳам чаккимас: бир йилдаёқ 100 миллион сўмга етгулик маблағ кирим қилинди.

Айни кунда гулхонада 15 нафар ер билан тиллашувчилар бандлиги остида 12 турдаги манзарали дарахтлар етиштирилмоқда.

- Павловния, берёза, клён, арча туя, қрим сосна, дуб, цигас-саговая пальма, лола дарахти каби кўчатларимизнинг, айниқса, харидорлари жуда кўп, - дейди моҳир томорқачи Усмонжон Шокиров. – Ҳатто, ўзимиз ҳомий сифатида туман ва вилоятдаги ташкилот ҳамда идоралар атрофига, ҳовлиларига ўтқазиб, парваришида кўмаклашамиз. Шаҳримиз, яшаш жойимиз обод бўлса, кўнгиллар яшнайди-да. Юртимиз чиройига оз бўлса-да, ўз меҳнатимиз билан ҳисса қўшолсак, хурсанд бўламиз.

Тиниб-тинчимаган тадбиркор 2019 йилда Хитой давлатининг Гуанджоу шаҳридан цикас ва қора шаҳзода ниҳолларини олиб келиб, парваришини йўлга қўйди. Бугунга келиб шу ноёб кўчатларнинг ҳам бозори чаққонлашди.

У.Шокиров ташкил этган гулхонанинг овозасидан кўплар хабардор. Мана, олти йилдирки, барпо қилинган чаманзор соҳибининг тажрибасини оммалаштириш мақсадида узоқ-яқиндан келувчилар қадами узилмайди. Ноёб дарахт ва гулллар парвариши осон эмас, албатта. Алоҳида назорат зарур. Уруғ экиб, кўчат қилиш ва уларни зарурат бўлганда, махсус тувакларга кўчиришнинг ўзи ҳам маҳорат талаб қилади. Беморларига даво улашиб томорқачиликнинг ҳам уддасидан чиқаётган Усмонжон Шокировдан гулчилик сирларини сўрадик.

- Биринчи навбатда, меҳр бериш шарт! – деди у. – Касбим машаққатларидан ҳориб келганимда, гулу ниҳоллар билан гаплашаман, чарчоқларимни унутаман. Очиғи, гулхона ҳам яна бир оиламдек бўлиб қолган. Ишонасизми, улар ҳам сизу биздек кўнгилга талпинади. Қайси гулга қандай парвариш лозим, шунга қараб иш тутаман. Ўзларига муҳаббатни ҳис қилгандагина, ниҳоллар ҳам яшнаб, яйраб кўкка бўй чўзади.

Айни кунда ер эгасининг йиллик даромади 100-120 миллионга етди. Режалари баланд. Келгусида фаолиятини яна-да кенгайтириш истагида. Дунёнинг ҳар давлатидан ноёб гул ва дарахт кўчатлари олиб келиб, Андижон шароитида етиштиришни йўлга қўймоқчи.

“Сен менга нима бердинг?” деб эмас, “Мен сенга нима бера оляпман,Ватан?” шиори билан яшаётган шифокор гулчининг атрофидагиларга улашаётганлари жуда кўп...

Зилола РАҲМОНОВА.