Андижон 24

БОҒ ЯРАТИШ ИШЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА


10.12.2021   581

Президентимиз томонидан республикамиз бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт ва бута кўчатларини экиш ҳамда яшил майдонларни кўпайтириш долзарб вазифа қилиб белгилаб берилди. Мазкур лойиҳа доирасида йилига 200 млн. туп дарахт ва бута кўчатларини экиш ва шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни яратиш режалаштирилган.

Шу кунга қадар Филиалнинг барча шаҳар-туман бўлимлари томонидан 5000 тупдан ортиқ манзарали ва мевали кўчатлар экилди. Шундан 2200 туп гилос, олма, беҳи, узум, анор, хурмо, нок, шафтоли ва кўчатлари бўлимлар ҳудудларига экилди.

“Пахтаободтумангаз” газ таъминоти бўлимида ҳам кўчат экиш ишлари қизғин олиб борилмоқда,- дейди туман газ таъминоти бўлими бошлиғи Хайрёлло Аҳмадалиев. – Ҳозиргача туманимиздаги аксияларда ҳам фаол иштирок этмоқдамиз. Тумангазимизни ҳудудида боғимиз бор, лекин мана янги кўчатларни мева беришни тўхтатган дарахтлар ўрнига экяпмиз. Шу кучатлар ҳосилга кирса, мевасидан ўзимизни ходимлару идорамизга ташриф буюрганлар ҳам баҳраманд бўлади-да...”

Бундан ташқари, ҳосилдорлиги юқори бўлган ток кўчатлари, мевали кўчатлар соҳада узоқ йиллар ишлаб, ҳозирда нафақада кексалик гаштини сураётган меҳнат фахрийлари оилаларига беғараз тарқатилди.

“..Бугун экилган бир дона ниҳол эрта катта дарахтга айлангач, унинг сояси-ю мевасидан катта-ю кичик бирдек баҳраманд бўлади, олаётган нафасимиз мусаффолиги таъминланади. Биз ҳам “Избоскантумангаз” газ таъминоти бўлимимизда янги боғ барпо этмоқчимиз. Ҳудудимиз қанча гўзал ва кўкаламзор бўлса, ишхонага келганингда ҳам дилинг яйрайди, кайфиятинг кўтарилади. Бу эса иш кунини яхши бошланишига сабаб бўлади, - дейди “Избоскантумангаз” газ таъминоти бўлими бошлиғи Одилжон Камолдинов.

Юртимиз бўйлаб эълон қилинган, дарахт экиш, кўкаламзорлаштиришга қаратилган “Долзарб 40 кунлик”да фаол қатнашиш мақсадида “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали ва унинг шаҳар-туман бўлимлари томонидан кўчат экиш, боғ яратиш ишлари амалга оширилмоқда.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати