Атрофга назар

Болалар ҳуқуқлари ва уларнинг моддий манфаатлари кафолатлари


25.09.2024   404

Юртимизда болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари қонунлар билан тўлиқ кафолатланган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддасига асосан ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.

Бу борада болаларнинг моддий таъминоти энг биринчи ўринда туради.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 96-моддасига кўра, о96-моддасига асосан ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт.

Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.

Мазкур кодекснинг 99-моддасига кўра, агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун — тўртдан бир қисми; икки бола учун — учдан бир қисми; уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.

Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

Оила кодексининг 103-моддасига кўра, ота-она фавқулодда ҳолатлар (боланинг оғир шикастланиши, касал бўлиши ва бошқалар) туфайли келиб чиққан, боланинг таъминоти учун зарур бўлган қўшимча харажатларда ҳам иштирок этиши шарт.

Қўшимча харажатларда иштирок этишдан бош тортган ота (она)дан суд уларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олиб, қўшимча харажатларни қисман пул билан тўланадиган қатъий суммада ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин.

Алимент Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида пул ёки натура тарзида олинган барча турдаги даромадлардан ушлаб қолинади.

Чет эл валютасида олинадиган даромадлар алимент ундириладиган кунда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг расмий курси бўйича сўмларда ҳисобланади.

Алимент ундириш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори ёки суд буйруғи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ижро этилади.

Вояга етмаган ёки вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бўйин товлаган шахслар Оила кодекснинг 79-моддасига асосан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида” ги Қонунининг 30-моддасига асосан алиментлар ундириш тўғрисидаги талаблар дарҳол ижро этилиши керак.

Алиментлар ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати бўйича ундирув қарздорнинг иш ҳақи ва бошқа барча даромадларига қаратилади.

Қонуннинг с421-моддасига асосан суд ҳужжати асосида берилган ижро ҳужжатидаги ёки ижро ҳужжати бўлган суд ҳужжатидаги талаблар белгиланган муддатда қарздор жисмоний шахс томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаганда, давлат ижрочиси ундирувчининг аризаси бўйича ёки ўз ташаббуси билан қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддасида Моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил
3 августдаги “Алимент тўловлари жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 427-сонли қарорига асосан, Жиноят кодексининг 122-моддасига асосан жазо тайинланиб, суд ҳукмида алимент қарзи тариқасида кўрсатилган зарар суммаси бола манфаати учун МИБда ташкил этилган махсус жамғарма маблағлари ҳисобидан ундирувчига қоплаб берилади.

Мазкур қонунлар мамлакатимизда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг институционал ҳамда ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштиришга, моддий ёрдамга муҳтож ва ногиронлиги бўлган болаларни ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш имкониятини яратиб беради.

Умида Солиева,

фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судининг судьяси