Атрофга назар

Бу муаммо ҳар қиш қаршимиздан чиқяпти


20.12.2024   690

Қишнинг завқи ўзгача. Совуғи ҳам ҳароратлидай. Аммо кўнгилни хира торттиргувчи томонларига кўз юмолмаймиз-да. Ҳар қиш қаршимиздан чиқувчи муаммога қарши курашавериб, бу ҳақида ёзавериб ҳам толмаймиз.

Айни вақтда янги йил байрами муносабати билан кўчаларда, арчалар безатилган жойларда мушакбозлик авжига чиққан. Божхона қўмитаси томонидан чегараларда пиротехника воситаларининг ноқонуний олиб кирилиши ҳолатлари ҳақида бот-бот хабар берилаётганига қарамай, мушакбозлик камаймагани, бунга эса маҳалла ва кўчалардаги профилактика инспекторларининг айримлари томошабин бўлиб тургани, чегарада ушлаб қолинаётган пиротехника воситалари қандай йўқ қилинаётгани ҳақида маълумотлар ойнаи жаҳон, радио ва ижтимоий тармоқларда “болалаб” ётибди.

Хўш, чегараларни четлаб ўтаёган пиротехника воситаларининг зарарини қачон тушуниб етамиз? Ҳуқуқ-тартибот органлари бу борада қандай тадбирларни амалга оширмоқдалар?

- Вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан пиротехника маҳсулотларининг ноқонуний муомаласини олдини олиш мақсадида Миллий гвардия ва тегишли мутасадди ташкилот ҳамда жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласини олдини олиш мақсадида аҳоли орасида тарғибот-тушунтириш ишларини олиб борилмоқда, - дейди Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати бошлиғи капитан Шерзодбек Нуриддинов. - Иш юзасидан ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган комплекс ташкилий-таҳлилий ва тезкор-профилактик тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, унга асосан жорий йилнинг 1 ноябрь кунидан 15 декабрь кунига қадар 2545 маротаба рейд тадбирлари ўтказилди. Ушбу тадбирлар натижасида 150 минг 553 дона ноқонуний пиротехника маҳсулотлари аниқланиб 69 нафар фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса, 21 нафар фуқароларга нисбатан расмийлаштирилган ҳужжатлар тегишли чора кўриш учун суд идораларига юборилган. Маълумки, меъёрий ҳужжатлар билан Ўзбекистон ҳудудига пиротехника воситаларини олиб кириш, шунингдек, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, сотиш ва улардан фойдаланиш вақтинчалик тақиқланган. Пиротехника маҳсулотларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, ундан фойдаланиш, шунингдек, Ўзбекистонга ноқонуний олиб кириш ёки олиб чиқиш, шунингдек, пиротехника маҳсулотларини реализация қилиш, ҳуқуқбузарлик буюмлари мусодара қилинган ҳолда 5 миллион 625 минг сўмдан 11 миллион 250 минг сўмгача жарима солишга сабаб бўлади. Тақиқланганига қарамай, ҳар йили катта миқдорда пиротехника воситалари мусодара қилинади. Ачинарлиси, уни бозорларда топиш ва сотиб олиш қийин эмас. Ўтган вақт давомида вилоятимиз бўйлаб қарийб 303 миллион 394 минг сўмлик пиротехника воситалари олиб қўйилди.

********************

Шоҳидбек Нишонов, РШТЁИМ Андижон маркази бош шифокори:

- Ҳар йили янги йил арафаси ва байрамдан кейинги кунларда пиротехника воситаларидан олинган жароҳатлар туфайли марказимиз ҳамда унинг ҳудудий филиалларига қанчалаб оғир аҳволдаги беморлар мурожаат қилади. Энг ёмони, улардан 50 фоизи шифохонада узоқ ётиб даволанишига тўғри келади. Ҳатто баъзилари бир умр асоратлардан азият чекишга мажбур бўлиб қолишади. Чунки бундай воситаларнинг бехосдан қаттиқ пақиллаши кишиларни чўчитиб, юрак-қон томир тизимига ўта салбий таъсир кўрсатади. Ушбу ҳолат фожиали ўлим билан ҳам якун топиши мумкин. Масалан, юз, кўз, қўл соҳаларида оғир куйиш жароҳатлари, кўзлар шикастланиши ва кўриш фаолияти қисман ёки бутунлай бузилиши, жароҳат асорати билан боғлиқ пластик операцияларга муҳтожлик, куйган соҳаларда дағал чандиқлар, қўл бармоқлари соҳаларида контрактуралар ҳосил бўлиши пақилдоқ ва салютларнинг салбий оқибатларидир. Қолаверса, пиротехника воситалари шовқинидан қаттиқ қўрқиш туфайли руҳий бузилиш, сурункали асаб ва қон-томир тизими касалликлари, қандли диабет, ҳомилага зиён етиши эҳтимоли юқори. Яқин масофада пиротехника пақиллашидан инсон баротравма ва акустик жароҳатлар олиб, карлик ёки умрбод қулоқ шанғиллаши (тиннитус) касаллигига йўлиқиши мумкин. Шунингдек, куйиш жароҳати юзага келган ҳолатларда ўша соҳаларни совуқ сув билан ювиш ҳамда ўзи билмаган ҳолда турли хил дори воситаларини ишлатмаслик зарур. Биринчи навбатда асептик боғлам қўйиб, тез тиббий ёрдам хизмати ёки шифохоналарнинг куйганлар бўлимига мурожаат қилиниши зарур.

***************************

Албатта, байрамни нишонлаш, янги йил шукуҳидан завқланиш яхши. Бироқ шодлик пайтида кўпчилик диққатни йўқотиши, бефарқликка берилиб қолиши ҳам тайин. Бу эса кўп ҳолларда кўнгилсизликларга сабаб бўлади.

Янги йилни шу муаммоларсиз кутиб олайлик.

Зилола РАҲМОНОВА