Цитрус боғларини ҳимоя қилайлик
17.03.2026 73
Цитрусмевалари инсон саломатлиги учун фойдали бўлган, витаминларга бой маҳсулот ҳисобланади. Айниқса, юртимизда лимончилик соҳаси йилдан-йилга ривожланиб бормоқда. Бироқ цитрус ўсимликларининг ҳосилдорлигига турли касаллик ва зараркунандалар салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Ана шундай хавфли зараркунандалардан бири – цитрус инли куясидир.
Ушбу олигофаг ҳашарот асосан цитрус ўсимликлари билан озиқланади ва уларга катта зарар етказади. У лимон ўсимлигининг энг хавфли кушандаларидан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, бу ҳашарот мандарин, апельсин ва грейпфрут каби бошқа цитрус турларида ҳам ривожланиши мумкин. Цитрус инли куяси дунёнинг кўплаб мамлакатларида – Осиё, Австралия, Африка ва Америка қитъаларида тарқалган. Ўзбекистон ҳудудида эса бу зараркунанда илк бор Тошкент вилоятида аниқланган.
Мазкур ҳашаротнинг капалаги жуда майда, кулранг тусда, ингичка ва учлари ўткир шаклдаги қанотлари ёзилганда 4–5 миллиметргача етади. Ривожланиш жараёнига иқлим шароити, айниқса, ҳаво ҳарорати ва намлик катта таъсир кўрсатади. Одатда цитрус инли куясини июнь–июль ойларида лимонзорларда кўплаб учратиш мумкин.
Зараркунанда асосан лимон баргларининг остки қисмида жойлашиб, кеч кузга қадар ўсимликларга зарар етказади. Урғочи капалаклар тухумларини кўпроқ ўсимлик куртакларига, баргларнинг юқори қисмига ёки ўсиш нуқталарига қўяди. Бир урғочи ҳашарот 200 тагача тухум қўйиши мумкин. Тухумдан чиққан личинкалар барг ичига кириб олиб, 10–20 кун давомида ривожланади.
Личинкалар барг паренхимаси билан озиқланади ва барглар орасида илон изига ўхшаш йўлчалар ҳосил қилади. Шу сабабли барглар буришиб, ўз шаклини йўқотади ва вақт ўтиши билан қуриб қолади. Агар улар бир баргда ривожланиш учун етарли озуқа топа олмаса, бошқа баргларга ўтиб зарар етказишни давом эттиради. Бу эса ўсимликнинг ўсиши ва ҳосилдорлигига салбий таъсир кўрсатади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, цитрус инли куясининг кенг тарқалиши лимончилик хўжаликларига катта иқтисодий зарар етказиши мумкин. Шу боис бундай зараркунандаларга қарши ўз вақтида кураш чораларини кўриш муҳим аҳамиятга эга.
Энг аввало, зараркунанда тарқалган ҳудудлардан кўчат ва қаламчаларни олиб келиш қатъиян ман этилади. Чунки бу орқали ҳашарот бошқа ҳудудларга ҳам тарқалиши мумкин. Шунингдек, лимонзорларда мунтазам агротехник тадбирлар олиб бориш, баргларни кузатиб бориш ва зарарланган қисмларни ўз вақтида йўқ қилиш тавсия этилади.
Зараркунандалар аниқланган ҳолларда эса Ўсимликлар карантини ва ҳимояси хизмати мутахассисларига мурожаат қилиш зарур. Мутахассислар тавсиясига асосан кўчатларга фосфор-органик препаратлар билан ишлов бериш, профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш яхши самара беради.
Хулоса қилиб айтганда, лимонзорларни зараркунандалардан муҳофаза қилиш, цитрус инли куясининг тарқалишини олдини олиш ва унга қарши курашиш чораларини ўз вақтида амалга ошириш соҳа ривожи ва юқори ҳосил олишда муҳим омил ҳисобланади.
Хасанбой МУҲАММЕДОВ,
Олимжон УРУНБАЕВ,
Иброҳим СОЛИЖАНОВ,
вилоят Ўсимликлар карантини ва
ҳимояси бошқармаси Асака ТИФ инспекторлари.
