Дала чети — шунчаки йўлак эмас, балки даромад манбаи ҳамдир
16.03.2026 75
Жорий йилнинг 20 январь куни вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг дала четларига дарахтлар ҳамда қишлоқ хўжалиги экинлари экиш ишларини ташкил этиш масалаларига доир қарори қабул қилинган эди. Ҳужжатда етиштириладиган маҳсулотнинг прогноз кўрсаткичлари ҳам аниқ-тиниқ белгилаб қўйилган.
Мазкур қарор қай зарурат сабабли қабул қилинди? У ҳаётга қандай татбиқ этилмоқда?
Бугун глобал иқлим ўзгариши ва озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи дунё миқёсида энг долзарб муаммолардан бирига айланди. Ер ресурслари чекланган шароитда ҳар бир қарич майдондан оқилона фойдаланиш, айниқса, Андижон каби аҳоли зич жойлашган ҳудудлар учун ҳаётий заруратнинг ўзгинаси. Шу боис, вилоятда 2026 йил ҳосили учун дала четларини ўзлаштириш ва иҳота дарахтларини экиш бўйича янги тизим ҳаётга татбиқ этилаётир.
Ўзингиздан қолар гап йўқ, авваллари дала четлари шунчаки бўш турган ёки бегона ўт босган майдонлар сифатида қаралар эди. Янгича ёндашувга кўра, бу ерлар иқтисодий айланмага киритилмоқда.
Мисол учун, жорий йилда дала четларидаги майдонларнинг 623 гектарига олча, олхўри каби 484 минг туп дарахт кўчатлари ўтқазиш режалаштирилган. Бу бежиз эмас, албатта. Аввало, маҳаллий тилда “аччиқ гилос” деб ном олган олча ҳар қандай тупроқ шароитига мослашувчанлиги, қолаверса, серҳосиллиги билан ажралиб туради. Айниқса, “компот ёпиш мавсуми”да наинки ички бозорда, балки хорижда ҳам ниҳоятда харидоргир. Шу маънода мазкур турдаги мевали кўчатлар сонининг кескин кўпайтирилиши бозорни кенгайтириш ва нарх-наво мўътадиллиги учун муҳим масала.
Худди шу каби яна 623 гектар майдондан сабзавот, полиз, мойли, дон ва дуккакли экинлар етиштириш орқали жами 7 минг 660 тона ҳосил олиниши кутилмоқда. Бироқ муайян фермер сабзавотнинг ёки бошқа экин турларининг айнан қайси хилини етиштириши унинг ўз ихтиёрида: чунки бугунги кун деҳқони бозор шароитини, талаб ва таклифни яхши билади. Шундан келиб чиқиб, қолаверса, ўзи миришкорлик қилаётган майдонларнинг хусусиятларини инобатга олиб, экин турини эркин танлаш имкониятига эга. Бироқ дала чети бўш қолмаслиги керак.
Яна бир гап: вилоятда каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонлар ҳам шарт-шароитига мос экинлар парваришланса, катта имконият манбаи, аслида. Шу маънода 797 гектар ана шу тоифадаги майдонлар ҳам юқоридаги қарорга киритилганки, 616 минг туп мевали дарахт экиш ҳамда яна шунча майдонда қишлоқ хўжалиги экинлари парваришлаш орқали 8181 тонна ҳосил олиш кўзда тутилаётир.
Ҳар қандай қарор ижроси билан кўзга ташланади. Сўз бораётган саъй-ҳаракатлар учун вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси, вилоят фермерлар кенгаши билан бирга, ўсимликлар ҳимояси ва карантини бошқармаси ҳам масъул этиб белгиланганлиги бежиз эмас. Аввало, ўсимликлар ҳимояси ва карантини бошқармаси мутахассислари маҳсулот қай талаблар асосида етиштирилганда, экспорт масаласида муаммо юзага келмаслиги бўйича катта тажрибага эга. Бу кун тартибидаги масаларининг айрим муаммоларини ҳал этишда фермерларга яқиндан кўмак беради, албатта.
Бугун вилоятдаги юқоридаги қарор ижросига жадаллик билан киришилаётир. Тўғри, кўклам аввалида деҳқон учун жиддий синов келди. Қишнинг сўнгги ҳароратли кунларидан фойдаланиб экин экишни бошлаб юборган айрим миришкорлар сўнгги кунлардаги ёғин-сочин, хусусан, ҳавонинг кескин совиб кетиши натижасида жиддий ташвишга тушиб қолишди. Ана шундай вазиятда ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси вакиллари тезкорлик билан жойларга чиқиб, тутатиш усули орқали дарахтзорлар атрофида дим тутун ҳосил қилиш, томчилатиб суғориш тизими ёрдамида микроқават муз ҳосил қилиш йўли билан ўсимликларни баҳорги совуқдан ҳимоялаш масаларида фермерларга йўл-йўриқ кўрсатдилар.
Хулоса ўрнида айтганда, дала четига экин экиш — бу шунчаки қўшимча иш эмас, балки юксак деҳқончилик маданиятининг белгисидир. Бу ташаббусга ҳар бир фермер масъулият ва манфаатдорлик ҳисси билан ёндашса, бозордаги мўл-кўлчилик кенгайса кенгаядики, асло камаймайди.
Муҳаммад Зиё
