Атрофга назар

«ДАВЛАТ ҚАРЗИ ТЎҒРИСИДА»ГИ ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ


09.04.2022   269

Сўнгги йилларда кузатилган давлат қарзининг тез суръат билан ортиши қатор омилларга алоҳида ва кўпроқ аҳамият қаратиш зарурлигини исботламоқда. Хусусан, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, жалб қилинаётган маблағлардан самарали фойдаланиш, давлат қарзи билан боғлиқ хатарларни бошқариш, шунингдек, давлат қарзига ўз вақтида ва тўлиқ хизмат кўрсатишни самарали ташкил этишни йўлга қўйиш кабилардир.

Халқаро мезонларга кўра, Ўзбекистон Республикасининг давлат қарзи “мўътадил” даражада бўлса-да, унинг хавфсиз даражада бўлишини кафолатли таъминлаш механизмларини яратиш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг суверен кредит рейтинглари барқарорлигини таъминлаш бугунги кун талаби бўлиб қолмоқда.

Демак, энди мазкур омилларни тартибга солувчи меъёрий ҳужжатга эҳтиёж бор. Асосий мақсад эса қонун даражасида давлат қарзи ва унга хизмат кўрсатиш харажатларининг устуворлиги, давлат қарзининг чекланган ҳажмлари ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг давлат қарзини бошқаришдаги ваколатларни белгилаш, шунингдек давлат қарзини бошқаришда Парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича самарали ва яхлит тизимни яратишдан иборат. Илғор халқаро тажрибаларни ўрганган ҳолда “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилиб, муҳокамага тақдим этилгани ҳам айни мақсадларни ўзида ифода этди.

Хўш, қонун лойиҳасида белгиланган тўртта асосий йўналишлар қай мезонларни ўз ичига олади?

- давлат қарзини халқаро стандартлар асосида бошқариш (ушбу жараёнда Парламент ролини ошириш, уни макроиқтисодий барқарорлик учун хавфсиз даражада сақлаб туриш кўзда тутилган);

- давлат ички ва ташқи қарзига ўз вақтида кафолатли хизмат кўрсатилишини таъминлаш;

- давлат қарзини диверсификация қилиш ва унга хизмат кўрсатиш ҳаражатларининг ортиб кетиш хатарларини пасайтириш;

- давлат кафолатини бериш механизмини такомиллаштириш.

Қонун лойиҳаси қабул қилиниши билан давлат қарзини бошқариш жараёнининг фрагментациялашуви олди олинибгина қолмай, давлат қарзи ва давлатнинг шартли мажбуриятлари бўйича хатарларни самарали бошқариш, шунингдек давлат қарзига ўз вақтида ва тўлиқ ҳизмат кўрсатилишини кафолатли таъминлаш механизмлари жорий этилади. Шунингдек, давлат қарзини барқарор даражада сақлашга қаратилган қонуний механизмларнинг яратилишига эришилади.

Ўн боб ва 60 та моддадан иборат қонун лойиҳасини батафсил ўрганиб чиқарканмиз, унинг тасдиқланиши мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилашга, хорижий кредитор ва инвесторларнинг мамлакат қарзларни тўлай олиш салоҳиятига бўлган ишончининг ортишига ижобий таъсир кўрсатишини англадик.

Шунинг учун ҳам мазкур қонун лойиҳаси парламент вакиллари томонидан маъқулланиб, қабул қилинди.

Жавлонбек ЭРГАШЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати