Давр талаби: IT - ҲАМ ЗАМОНАВИЙ, ҲАМ ДАРОМАДЛИ СОҲА
14.11.2024 446
Маълумки, дунё миқёсида ахборот технологиялари соҳаси шиддат билан ривожланмоқда ҳамда IT мутахассисларига бўлган талаб жуда юқори. Чунки бугун бирорта соҳа ривожини ахборот технологияларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бугун ахборот технологиялари (IT) касбларини эгаллаш ўзбекистонлик ёшлар ўртасида ҳам трендга айланди. Чунки бу соҳа ҳам замонавийлиги, ҳам даромадлилиги билан ажралиб туради.
IT деярли барча соҳаларга кириб борди. Рақамлаштириш замон талабига айланди. Демак, ҳамма тармоқлар учун дастурчилар етарли бўлиши керак. Шу маънода, Андижон вилоятида ҳам рақамли технологиялардан фойдаланиш кўламини кенгайтириш заруриятга айланган. Барча ҳокимлик, ташкилот, муассаса ва идораларга IT хизматларидан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича чоралар кўрилмоқда. Бу ўз навбатида ортиқча харажатлар ва инсон омилини камайтиришда ҳам қўл келади.
Шундай экан, соҳани ривожлантириш учун энг аввало, уни ўргатишни – таълимни йўлга қўйиш даркор. Бугун вилоятда ҳам ёшларни ITга ўқитиш, уларга ишлаши учун шароит ва маҳсулотига бозор яратиш энг муҳим масалалардан бирига айланган.
Чунончи, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида Андижон вилоятида кўрсатилган алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари ҳажми
1 012,7 млрд. сўмни, ўсиш суръати 115,5 фоизни ташкил этди.
IT Park резидентларийил бошида 25 тани ташкил этган бўлса, ҳисобот даври якунига 61 тага етказилди. Бу эса ўсиш 2,4 баробарга ортди, дегани. Демак, IT ривожлангани сари дастурчиларга талаб ортмоқда.
Айни вақтда вилоятда мавжуд 62 та резидент корхоналардан 31 таси экспортёр корхоналар бўлиб, 20 таси рақамли таълим йўналишида, 8 таси маҳаллий ва 2 таси креатив иқтисодиётни қайта ишлаш йўналишида фаолият олиб бормоқда. Хусусан сўнгги уч ой давомида қўшилган 14 та резидентларнинг 10 тасини экспортёр корхоналар ташкил этди. Хусусан, “Cargo Prime”, “Aravan Cargo Logistics”, “Windermere Pro”, “Ershi Logistics” ҳамда “DansAds CA” масъулияти чекланган жамиятлари вилоятимиздаги йирик экспортёр корхоналардир. Биргина “Cargo Prime” МЧЖда айни вақтда 80 нафар ёшнинг бандлиги таъминланган. Бу ерда Америка Қўшма Штатларига хизмат экспортлари амалга оширилиб келинмоқда.
Соҳадаги яна бир ютуқли жиҳатни қайд этишимиз лозим. Ёшларни иш билан таъминлаш масаласи даврнинг долзарб муаммоси бўлиб турган бир пайтда IT хизматлари билан ўзини-ўзи банд қилган йигит-қизлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Рақамларга назар ташласак, 2023 йилда бошида улар 343 нафарни ташкил этган бўлса, ҳозирги кунда 863 нафарга етди.
Шунингдек, ёшларни ахборот технологиялари соҳасида стартап лойиҳаларни амалга оширишлари учун зарур
шарт-шароитларни яратиш мақсадида ҳудуддаги олий таълим муассасаларида 4 та Инкубация ва акселерация марказлари фаолият олиб бормоқда.
Режаларимиз кўп. Соҳа ташаббуслари, янгиликлар билан дунёни забт этувчи ёшларга барча қулайлик ваимкониятларни тақдим қилишда бардавоммиз. Масалан, жорий йил сўнгига қадар Андижондаги 55 минг нафардан ортиқ ёшлар халқаро таълим платформалар ва IT марказларга жалб қилинган ҳолда рақамли технологиялар соҳасида, 200 нафар давлат хизматчилари ва ёшлар халқаро IT сертификатларга ўқитилади. Йилни экспорт ҳажмини 50 млн. долларга етказиш билан якунлаш ниятидамиз. 5 минг 950 нафар йигит-қиз инглиз, немис ва бошқа хорижий тилларга ўқитилиб, IT компанияларга йўналтирилади.
Умуман олганда, қисқа давр ичида вилоятимизда ҳам IT бўйича сезиларли натижаларга эришилди. Соҳани янада ривожлантириш учун ҳаракат қиляпмиз. Мамлакатимизда, жумладан, Андижонимизда мазкур соҳани ривожлантириш учун потенциал етарли.
Зиёдулла САМАТОВ,
вазирликнинг вилоят ҳудудий шўъбаси бошлиғи