Андижонда

ДЕПУТАТЛАР НАЗОРАТИ ЙЎЛОВЧИЛАР ЖАМОАТ ТРАНСПОРТЛАРИ ХИЗМАТИДАН МАМНУНМИ?


01.04.2023   192

Кундалик ҳаётимизда йўл-транспорт муаммоларининг, айтайлик, тирбандлик, йўлдаги бахтсиз ҳодисалар, жароҳатлар, экологик зарар кабиларнинг асосий ечими — хавфсиз жамоат транспорти.

Жамоат транспорти юртдошларимизнинг муҳим базавий эҳтиёжидир. Ундан фойдаланувчиларнинг асосий қисмини ўрта ва кам даромадли аҳоли, шу жумладан, ёшлар (ўқувчи ва талабалар) ва кексалар ташкил этади. Бартараф этилиши зарур бўлган масалалар ҳам етарли. Масалан, йўналиш тармоқларини кенгайтириш, автобусларнинг кутиш оралиқ вақтларини янада қисқартиришга эришиш керак. Жамоат транспортларида юриш катта стресс ва вақтни исроф қилишга олиб келаётгани ҳам бор гап. Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари ва мутасаддилар, ОАВ вакилларидан иборат ишчи гуруҳнинг навбатдаги назорат тадбири айни жамоат транспортлари кўрсатаётган хизматлар сифати юзасидан бўлди.

2021-2022 йилларда вилоятга 80 та автобус ҳамда 25 та микро автобуслар олиб келинган. 2023 йил бошида эса улар сафига яна 5 та янги микро автобус қўшилди. Шу ўринда таъкидлаш жоиз, барча йўналишларда давлат дастурлари асосида бекатларни қуриш, янги автовокзаллар ташкил этиш бўйича амалий ишлар давом эттирилмоқда. Жумладан, 2022 йил давомида 37 та автобус бекатлари қурилди ва реконструкция қилинди, 2 та автовокзал ва автостанцияларда қуриш ва қайта таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Хуснидахон УМАРОВА, Андижон шаҳри ва Андижон туманининг белгиланган йўналишида ҳаракатланадиган автобус йўловчиси:

- Автобуслар оралиқ кутиш вақти жуда катта ва аниқ эмас, манзилга вақтида бора олмайсиз, аксарият ҳолларда кўп кутишимизга ва тиқилинчда қийналишимизга тўғри келади. Ҳатто автобус салони тўлганда ҳам ҳайдовчилар уни янада тўлдирмоқчи бўлади. Шунақанги ҳайдовчилар борки, йўналишдаги бошқа автобуслар билан рақобатлашиб, баъзида жуда секин, баъзида ўта тезлик билан юришади. Масалан, мен доим бир йўналишдаги жамоат транспортида юрмайман. Одатда вақтим бемалол бўлганда автобус ёки микроавтобусга чиқаман. Бошқа пайт вақт масаласини ҳисобга олиб, манзилимга енгил машинада боришни танлайман.

Хуршидахон ХАЛИЛОВА, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати:

- Кўпроқ шу ҳолатлар ва бошқа масалалар сабаб одамлар йўналишлардаги таксилардан ёки шахсий автомобилдан кўпроқ фойдаланади. Бу эса табиийки тирбандликларга, йўллардаги ўлим ва жароҳатланиш кўпайишига, экологияга зарар етказилишига олиб келяпти. Асосий муаммони ҳал қилишнинг йўли барибир қатнов тармоқларини кенгайтириш ва жамоат транспортлари сонини ошириш бўлиб қоляпти. Демак, жорий йилда олиб келиниши кўзда тутилган қўшимча 80 та янги ҳажмли автобуслар масалага ечим бўлади, деб ўйлайман. Автобус ва микроавтобусларнинг қулайлиги йўл ҳақи тўловининг хамёнбоплигида. Давлат дастури доирасида 2022 йилда 63 та жамоат транспортларида электрон тўлов тизими жорий этилган бўлса, 2023 йил бошида қўшимча 17 та электрон тўлов тизими терминаллари жамоат транспортларига ўрнатилди. Рақамли Иқтисодиёт – 2023 стратегиясини самарали амалга ошириш мақсадида жамоат транспортларидаги электрон тўлов учун вилоятимизда ҳам чегирмалар қўлланилмоқда. Яъни, тўлов нақд шаклда 1500 сўм, электрон шаклда эса 1300 сўм. Бу эса пластик карточкадаги пулини ҳали нақдлаштириб улгурмаган фуқароларимиз учунқулай.

Мансурбек МАМАЮСУПОВ, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати:

- Назорат тадбири давомида эътиборимизни тортган муаммолардан яна бири Андижон шаҳри Янги бозор ҳудудида жойлашган марказий автовокзалдаги ҳолати бўлди. Вилоятнинг қатор туман, шаҳарларидан ташқари Фарғона, Наманган, қўшни Қирғизистон Республикасининг Ўш вилоятига йўловчиларни кузатадиган ва кутиб оладиган бош бекат йўлакларини асфальтлаш вақти келгани яққол кўзга ташланади. Қачондир тўкиб қўйилган шағал пиёдалар юришига ҳам ноқулайлик туғдиряпти. Бундан ташқари, автовокзалда қайта таъмирлаш ишлари олиб борилиши зарур.


Жасурбек САИДОВ, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати:

- Жамоат транспортларини бошқараётган ҳайдовчилар билан ўтказган мулоқотимиз асосан муомала, кийиниш ва гигиена маданияти масалаларида бўлди. Чунки ҳайдовчи йўловчиларига намуна бўлиши керак-да. Автобус ёки микро автобус салони қанчалик озода, саришта бўлмасин, ҳайдовчида юксак дид, маданият бўлмаса, таъбнинг хира бўлиши аниқ. Белгиланган муддатларда тиббий кўрикдан ўтишлари давр талаби. Муомала муносабатида самимийлик муҳим. Баъзан ҳайдовчиларнинг хулқ-атвори масаласи, масалан, сигарет чекиш, бақириб гаплашиш, йўловчиларга “ўрта бўш-ку, юришинглар”, деб ҳайқиришлари тўғрисидаги ҳақли эътирозларга дуч келамиз. Мана шундай ҳолатларнинг олдини олиш ва йўловчи ва ҳайдовчи ўртасидаги ҳурмат масаласини ўртага ташладик, фикрлар билан ўртоқлашдик.

Жорий йил охиригача вилоятдаги бир нечта автобус йўналишларида янги молиялаштириш ва бошқарув схемасини жорий этиш бўйича тажриба лойиҳасини ишга тушириш режалаштирилган. Бу брутто-шартномаси. Хўш, бу тизим қандай имкониятни тақдим этади?

Холмурод ТЎРАБОЕВ, вилоят транспорт бошқармаси инспектори:

- Брутто-шартномалар — бу йўловчи ташишни ташкил этиш модели бўлиб, унда барча тушумлар шаҳар бюджетининг махсус ҳисоб рақамига ўтказилади ва шаҳар маъмурияти йўловчи ташувчига йўналишлар бўйича тўловларни бажарилган иш ҳажмидан келиб чиқиб, сифат назорати остида ўтказиб беради.

Президентимизнинг 2023 йил 16 февралдаги “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисидаги”ги қарорига асосан 2024 йил 1 январ санасидан вилоятимизда автобус йўналишларида чекланган тарифлар бўйича йўловчилар ташишни брутто-шартнома асосида ташкил этиш ва молиялаштириш тизими босқичма-босқич жорий этилади. Унга кўра, йўловчи ташувчиларни баҳолашнинг асосий мезонлари миқдорий кўрсаткич, яъни йўналишга шартномада кўрсатилган миқдорда автобуслар чиқиши ва белгиланган рейсларни амалга ошириш ҳисобланади.

Агар йўловчи ташувчи миқдорий кўрсаткичнинг 90 фоиздан кўпроғини бажарса, шаҳар ҳокимлиги унинг харажатларини қоплайди. Қайд этиш керак, ҳайдовчининг сифат кўрсаткичи — ҳаракат жадвали ва интервалларига риоя қилиши (автобус йўлга қайси вақтда чиқиши, қачон маълум бир бекатга келиши), шунингдек, санитария шароитлари (салон ва автобуснинг тозалиги, ҳайдовчиларнинг ташқи кўриниши)ни ҳам ўз ичига олади.

Айни вақтда Андижон шаҳри жамоат транспортини ривожлантириш мақсадида қўшимча (янги автобуслардан 1 метрга узунроқ) 80 та янги катта ҳажмдаги автобуслар олиб келиш режалаштирилган. Шунингдек, Андижон шаҳрини бошқа туман марказлари билан боғлаш учун Тошкент шаҳридан 80 та “Isuzu” русумидаги автобуслар йўналишларга жойлаштирилади.

Ўтказилган назорат тадбири жараёнида аниқланган муаммолар ечимини тегишли мутасаддилар зиммаларига олдилар.

Зилола РАҲМОНОВА.