Атрофга назар

Долзарб мавзу: ЎЗБЕКИСТОНДА СУВ ТАНҚИСЛИГИ БОШЛАНАДИ...


27.07.2023   127

Инсоннинг турмуши, фаровонлиги сув билан. Сув бор жойда ҳаёт қайнайди. Сув танқислиги бошланиши билан муаммолар ҳам бўй кўрсата бошлайди. Шу боис ота-боболаримиз ҳамиша сувнинг ҳар томчисини қадрига етиш зарурлигини таъкидлаб келишган.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, уларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ва ривожлантириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

МҲТИ экспертлари Ўзбекистонда сув танқислигини қурғоқчил ҳудудларнинг қишлоқ хўжалиги тармоғига қандай таъсир кўрсатишини ўрганди. 2030 йилга бориб мамлакатда 7 млрд. куб метр сув танқислиги кузатилиши мумкин. Натижада Ўзбекистон сув танқис бўлган 33 та давлат қаторига тушиб қолиш эҳтимоли бор.

Таъкидланишича, ҳозирда Ер юзида қарийб 1,1 миллиард киши турли даражадаги сув танқислигидан азият чекмоқда.

Сув танқислиги, ўз навбатида, ичимлик суви танқислигига олиб келмоқда. Сўнгги 15 йил ичида аҳоли жон бошига йиллик сув ҳажми 3048 м3 дан 1589 м3 гача камайган.

Ичимлик суви таъминотидан фойдаланишда асосий хавфлар чучук сувнинг ўткир тақчиллиги, фойдаланиш учун рақобат, ифлосланиши, қурғоқчилик ва бошқалардан иборат эканлиги айтилган.

Мутахассисларнинг хулоса қилишича, Марказий Осиё мамлакатларида, жумладан Ўзбекистонда ҳам сув танқислиги бўйича вазият ёмонлашади.

Қандай қилиб бунга йўл қўймаслик мумкин?

Биринчи навбатда, иқтисодий ва сиёсий патологияга олиб келадиган экологик вирусни қўзғатмаслик учун сувни тежамкорлик билан ишлатиш ҳақида жамоавий тушунчани шакллантириш керак. Сув танқислиги йилдан-йилга инсоният учун энг катта ва долзарб муаммога айланиб бормоқда. Ёғингарчиликнинг камлиги ҳамда аномал иссиқлик тўлқини дарёлар, кўллар, сув омборларининг бўшаб қолишининг асосий сабабидир. Табиат билан бевосита боғлиқ вазиятнинг тобора ёмонлашиб бориши ҳукуматлардан зудлик билан чора кўришни талаб қилмоқда. Шундай қилиб, дунёнинг бир қисмида фақат сувдан норационал фойдаланиш оқибатларига тайёргарлик кўрилаётган бўлса, бошқа бир жойда бу оқибатлар аллақачон миллионлаб одамлар учун оғир ҳақиқатга айланган. Айни ҳақиқатлар билан тарғибот-ташвиқот ишлари орқали барчанинг кўзини очиш керак.

Стратегик муҳим ресурс танқислиги қандай оқибатларга олиб келишини тасаввур қилиш қийин эмас. Бу қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилишига хавф, экспорт ҳажмининг қисқариши, қишлоқ хўжалиги билан шуғулланадиган аҳолининг турмуш сифати ёмонлашиши дегани.

Сув танқислиги муаммоси Марказий Осиёнинг барча республикаларида аҳоли сонининг кўпайиши, иқлим ўзгариши, сувни тежашга тизимли ёндашишнинг йўқлиги билан мураккаблашмоқда.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда сувни тежовчи технологияларнинг жорий этилаётгани ҳам айни муаммони бартараф этиш учундир. Масалан, томчилатиб суғориш тизимлари. Тизим қамровини янада кенгайтириш зарур.

Фермерларни томчилатиб суғоришни жорий этишга янада рағбатлантириш, шунингдек, сув тарифларини ошириш лозим.

Маълумки, сув муаммоси энергетик комплекс билан чамбарчас боғлиқ. Шунинг учун ҳам юртимизда янги энергетика объектларини қуришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш жоиз, аҳоли йилдан-йилга, кундан-кунга кўпайиб бораверади, сув ва озиқ-овқатга талаб ҳам шунга яраша ортаверади. Аммо унутмаслигимиз керак: сув кўпаймайди. Мамлакатимиз эҳтиёжи учун сарфланадиган сувнинг 80 фоизи қўшни республикалар ҳудудидаги тоғларда шаклланади. Иқлим ўзгариши, азим тоғлардаги кўп йиллик музларнинг эриши ҳисобига сув заҳиралари камайиб бормоқда. Бундай шароитда энг аввало сувдан самарали фойдаланиш ва сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этишни кенгайтириш ҳисобидангина танқисликнинг олдини олиш ҳамда халқимиз учун оби-ҳаётни етарли даражада етказиб бериш мумуикн бўлади.

З. РАҲМОНОВА