ДОСТОНОБОДДА ДАРОМАДСИЗ ОИЛАНИНГ ЎЗИ ЙЎҚ...
13.02.2022 475
Уйдан чиқмаган ҳолда даромад топиш, қўшимча маблағ ишлаш андижонликларга хос бўлган фазилат. Шу боис қай бир хонадонга кирманг, томорқасида бўш турган бир қарич ерни тополмайсиз. Айниқса, кексалари бор уйда ҳатто қишда ҳам ер бекор қолмайди. Жалақудуқ туманидаги Достонобод маҳалласида истиқомат қилувчи Дилоромхон опа Юлдашева ана шундай фахрийлардан биридир.
Онахон гарчи, кексалик ёшида бўлсада, меҳнатни канда қилмайди.
-Томорқам унча катта эмас,-дейди суҳбат чоғида онахон. -Шу боис атиги бир сотих майдонда иссиқхона барпо этганмиз. Унда 20 туп лимон парваришлайман. Ҳар йили ўртача 40-50 кило ҳосил йиғаман. Бу ишларда турмуш ўртоғим Қодиржон акангиз бош-қош бўлиб турадилар. Ҳосилни бозорма-бозор кўтариб юрмайман. Харидорлар ўзлари келиб, олиб кетишади.

Оила соҳиблари иссиқхонани
-Бу оила маҳалламиздаги энг кичик иссиқхона эгаси ҳисобланади,-дея суҳбатга қўшилади Достонобод МФЙ раиси Зулфияхон Мирзаева. –Энди бошқа қўшниларимиз лимондан қанча даромад топаётганлигини тасаввур қилаверинг. Умуман олганда, маҳалламизда 740 та хонадон бўлса, шуларнинг асосий даромади иссиқхона туфайли. Кимдир цитрус мевалар билан шуғулланса, бошқаси гулчиликнинг ҳадисини олган. Лимончилик бўйича алоҳида тажриба мактаби яратилган. Шу боис айнан шу соҳа билан шуғуллунувчи оилалар сони 60 тани ташкил этади. Яқинда яна бир бор хатлов ишларини амалга оширдик. Натижада яна 30 нафар фуқаро лимончилик билан шуғулланиш истагида эканлиги аниқланди. Ҳозирда уларга амалий ёрдам бериш чораси кўрилмоқда.
Маҳалла раисининг айтишича, ушбу ҳудудда бирорта ҳам ишсиз фуқаро йўқ экан. Қайтанга, мавсум пайтида ишчи кучига эҳтиёж сезилар экан. Ўзидан ортиниб, ўзгаларга ошинаётган бу маҳалла аҳлининг томорқадан унумли фойдаланаётгани ана шундай ютуқларга сабаб бўлмоқда.
Саминжон ҲУСАНОВ.
