Атрофга назар

ДУКЧИ ЭШОН: ТАРИХ ВА ҲАҚИҚАТ


15.06.2022   701

Тарихда «Андижон қўзғолони» номини олган халқ миллий озодлик ҳаракатининг ташкилотчиси Муҳаммадали Эшон Собир Халфа ўғли - Дукчи Эшон ҳақида сўз юритишни ният қилдик.

Буюк тарихда ҳеч нарса изсиз кетмайди. У халқларнинг қонида, тарихий хотирасида сақланади ва амалий ишларида намоён бўлади. Шунинг учун ҳам қудратлидир. Тарихий меросни асраб-авайлаш, ўрганиш ва авлодлардан авлодларга қолдириш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим, устувор йўналишларидан биридир.

Ш.Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти.

Ватанни севмоқ иймондандир. Мазкур исломий ҳикмат ушбу мақоламизнинг ҳам мазмун-моҳиятига сингиб кетишига интилдик. Янада ойдинроқ айтганда кўҳна ва қадимий Андижоннинг бебаҳо бўлаги Мингтепанинг яқин ва узоқ ўтмиши билан чамбарчас боғлиқ, шу улуғ юртнинг фарзанди, тарихда "Андижон қўзғолони" номини олган халқ миллий озодлик ҳаракатининг ташкилотчиси Муҳаммадали Эшон Собир Халфа ўғли - Дукчи Эшон ҳақида сўз юритишни ният қилдик. Ва гўзал диёримизнинг жасоратли фарзанди бўлмиш истиқлол курашчисининг бой тарихий ва маънавий мероси сизда ҳам улуғ боболаримиздан фахрланиш, ифтихор туйғусини янада уйғотишига ишончимиз комил.

ТУРКИСТОННИ ЛАРЗАГА СОЛГАН ҚЎЗҒОЛОН

XIX асрнинг иккинчи ярми тарихимизнинг яна бир аламли ва кулфатли даврини бошлаб берди. Шимолдан ёғилган аёвсиз бало-қазо пароканда бўлган Туркистонни зулм ва истибдод исканжасига солиб қўйди.

"Оқ империя" аждодларимизга нисбатан мустамлакачилик, шовинистик, геноцид сиёсатини олиб борди.

Табиийки, бунга қарши маҳаллий аҳоли ўз озодлиги йўлида чоризм босқинчиларига қарши бош кўтарган ва натижада тарихий маълумотларга қараганда 1897-1917 йиллар орасида Туркистонда 4922 марта исён кўтарилган. Маҳаллий халқни бирлаштирган ана шу ҳаракатларнинг энг кучлиларидан бири (ҳатто ярим мустамлака ҳисобланмиш Бухоро ва Хива хонликлари халқларига ҳам таъсир ўтказган) 1898 йилги Андижон қўзғолони бўлиб, мустамлака ҳисобланмиш Туркистонни инқилобий ларзага келтирган. Бу қўзғолонга Андижон губернияси, Избоскан кенти маркази, яъни пойтуғлик Эшон Султонхон Тўранинг муриди, мингтепалик "Дукчи Эшон" номи билан машҳур бўлган 42 ёшли Муҳаммад Али Эшон уста Собир ўғли бошчилик қилди.

Андижон қўзғолонининг асл сабаблари ва аҳамияти, қўзғолон ташкилотчиси ва раҳнамоси Муҳаммад Али Эшон шахси ва унинг фаолияти ҳақида воқеа содир бўлганидан то ҳозирги кунимизга қадар турлича қарашлар, бир-бирига қарама-қарши фикр-мулоҳазалар айтилиб келинди.

Тарихий манбаларда ёзилишича, "Чор Россияси маъмурлари, ҳарбийлар, сиёсатдонлар ўзларининг кўплаб ҳисоботларида, матбуот ("Мир божий", "Русский инвалид", "Правительственнўй вестник" ва бошқалар) саҳифаларида бу қўзғолон ҳақида қатор муносабат-хабарлар билдирганлар.

Рисола ва диссертациялар (В.Сальков. "Андижон қўзғолони", Қозон, 1901; И.Кузнецов. "Марказий Осиёда цивилизация ва тиллар кураши". Париж, 1913 й.), ҳатто Владимир Ульянов ("Империализм дафтарлари") ва бошқалар ўз асарларида Андижон воқеасини таҳлил қилишган. Айтайлик, Владимир Ульянов Швейцарияда бўлиб турган (1916 й.) вақтида ёзган "Империализм дафтарлари" ва бошқа асарларида ушбу қўзғолонни ижобий ва салбий жиҳатдан баҳоловчилар бўлгани ҳақида маълумот берган.

В.Ульянов ўзининг юқоридаги асарида бу қўзғолонни "Диний ниқоб остида сиёсий норозилик рўй бериши... ўз тараққиётининг маълум босқичида ҳамма халқларга ҳам хос бўлган ҳодисадир", дея талқин қилган.

Шўролар замонида 1898 йилги Андижон воқеасини тўғри, ҳаққоний ёритишни Андижон фарзанди, жадидчи, публицист ва олим Фозилбек Отабек ўғли бошлаб берди. Унинг "Дукчи Эшон воқеаси" (Самарқанд, 1926) китобида чоризмнинг истибдоди ва унга қарши кўтарилган миллий озодлик ҳаракатлари далиллар асосида ўзининг ёрқин ифодасини топган. Фозилбек Отабек ўғли ўтган асрнинг 20-йиллар тарихшунослигида биринчи бўлиб, 1898 йилги Андижон қўзғолонининг раҳбари Муҳаммад Али Эшон шахси ва унинг фаолиятини холис баҳолаб, ўз фикрларини замондошлар гувоҳликлари асосида ишонарли тарзда исботлаб берган эди.

Афсуски, худди ўша вақтда Андижон воқеаси тарихан холисликдан йироқ, хаспўшланган ва бир ёқлама тарзда баҳолангани ҳам маълум. Бу ўринда Сангзоданинг "Революция в Средней Азии" журналида (Тошкент, 1928 й.) эълон этилган "К 30 летию Андижонского восстания 1898 года" мақоласини эслаш мумкин. У Андижон қўзғолонини шундай таърифлаганди: "Объектив олганда бу қўзғолон нимага олиб келар эди? Ҳақиқатан ҳам у чоризм пойдеворига зарба бердими? Ҳа, бу тўғри, лекин шу билан бирга 1898 йилги қўзғолон капиталистик муносабатлар ривожига ҳалақит берарди, бу эса биринчиси каби муҳим аҳамият касб этади".

Баъзи бир "ўртоқлар" қатор ҳолатларга кўра, уни реакцион қўзғолон деб баҳолайдилар ва шу заҳотиёқ инқилобий томонларини ҳам қистириб ўтадилар. Яна бошқалар эса уни инқилобий қўзғолон деб ҳисоблайдилар, чунки унда деҳқонлар ва омма иштирок этган эди. Яна бошқалар эса бу қўзғолон объектив равишда чоризм асосларига зарба берганлигини рўкач қиладилар...

Барчамизга ойдек равшанки, қаерда босқинчилик, зулм, истибдод бор экан, у ерда ҳақиқат, адолат, эрк, миллий озодлик учун кураш бўлади, ўз ҳақ-ҳуқуқини таниш учун, она тупроғини озод ва ҳур кўриш учун халқ ҳаракати бўлиши табиий ҳол, албатта. Шу маънода тарих саҳифаларида "Андижон қўзғолони" номи билан машҳур ушбу кураш жадидчилик ҳаракатининг улкан намояндаларидан бири мингтепалик Муҳаммадали Эшон - Дукчи Эшон бошчилигида 1898 йили 17 майдан 18 майга ўтар кечаси тунни ёритган чақмоқ мисоли юз беради.

Минг афсус, қўзғолон бобомизнинг орзу-умидлари оч-юпун халқнинг курашдаги тажрибасизлиги, ўқотар қуролларининг озлиги, ташкилотчиликнинг етарли олиб борилмаганлиги, қолаверса, аҳоли орасидан чиққан баъзи бир сотқин кимсаларнинг "Оқ пошшо" малайига айланганлиги боис аёвсиз бостирилади.

(Суратда:Дукчи Эшон набирасининг рафиқаси 94 ёшли Моҳинав ая.)

«Қатлиом»га дучор бўлган мингтепа

Шундан сўнг эртасига, 1898 йил 19 май куни кечаси соат 23 лар чамасида Избоскан ноиби Оғабеков ўз йигитлари ва халқ хоини Қодирқул мингбоши ёрдамида Еттисув вилоятига ўтиб кетиш учун Чорвоқ қишлоғидаги тошкўприк олдида адашиб қолган Муҳаммадали Эшон, унинг сўписи Ҳожимат ва энг яқин муриди Субҳонқулни тутиб олиб келишади. Андижон ҳибсхонасида чоризм терговчилари кўплаб гувоҳларга "мана шу киши Эшонми?" деб қайта-қайта сўрайди, Асака ноиби Соҳиб Еникеевга "бу киши, ҳақиқатдан ҳам, ўша Муҳаммадали эшонми?" деб кўрсатишади, Тупроқтепадаги дор тагига тўпланган шаҳар аҳолисига "Эшон шуми?" деб мурожаат қиладилар. Бу сўроқлар, албатта, Дукчи Эшон тақдирига яқиндан қизиққанларни ажаблантириши табиий. Сабаби Дукчи Эшон ҳақидаги бошқача маълумотларнинг ҳам мавжудлигидадир. Андижон қўзғолони бўлган кечаси, 1898 йилнинг 17 май куни ярим тунда Мингтепанинг "Гар-гар" қишлоғида яшаб ўтган, яъни Тўрақул эшонга турмушга чиққан Шакаройимникига оқ отда Муҳаммадали Эшон кириб келади. Чунки улар ака-сингил эдилар. Эшон қўзғолон ҳақида гапира туриб, душманларга кучи етмаганини афсус-надомат билан сўзлаб беради.

Бу суҳбат ҳақида эса Шакаройимнинг чевараси 90 ёшни қоралаган Кимсанбой ота 1992 йилда бўлиб ўтган суҳбатимизда айтиб берган эдилар. Мингтепанинг Янгиқишлоқ маҳалласида яшаган амакиси Йўлдошбой, Абдукаримлар ҳам отанинг юқоридаги фикрларини тасдиқлаган. Бу албатта, тарихий манбаларда "Дукчи Эшон осиб ўлдирилган" деган маълумотларни ўқиган бизларни ўйлантириб қўйганди. Ҳар икки отахоннинг сўзларига кўра, Шакаройим хонадонидаги "туя сандиқ"нинг орқа тахталари олиб ташланиб, унинг ичига Муҳаммадали Эшонни кўрпага ўраб беркитганлар ва шу тарзда икки-уч кун сақлашган. Сўнгра 3-4 отлиқ кишилар келишиб, Олой орқали Қошғарга, яъни Эшоннинг онаси Асалбибининг юртига олиб кетишган.

Савол туғилади, унда дорга осилган ким эди?

Маълумотларга кўра, Эшоннинг ўрнига унинг андижонлик муриди, энг яқин мирзоси аввалдан ўрисларни ҳар эҳтимолга қарши чалғитиб, "Мен Муҳаммадали Эшонман" деб айтишга тайёрлаб қўйилган қиёфадоши осиб ўлдирилган. Бу эса, ҳар қандай эшитган инсонни таажжубга солади. Қўзғолон ваҳшийларча бостирилгач, ҳаммаси бўлиб, 8 нафар одам дорга осилган.

Шу ўринда тарих фанлари доктори, профессор Рустамбек Шамсутдиновнинг "Қатағон қурбонлари. Хотира китоби"нинг биринчи бўлими ва бошқа китобларига киритилган Андижон воқеаси ва Дукчи Эшон ҳақидаги айрим маълумотларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

"Муҳаммадали Эшон томонидан кўтарилган қўзғолоннинг натижаси бўлган 18 май кунги Андижон лагерига қилинган хиёнаткор ҳужумга қарши ўч олиш бўйича биринчи ҳаракат бугун амалга оширилди - яъни дорга осилдилар.

1. Эшон Муҳаммадали халфа Муҳаммад Собир ўғли.

.... қатлдан сўнг чорак соат ўтгач шифокор уларнинг ўлганини тасдиқлади...

... қатл этилганларнинг жасади кечгача осилиб турди..."

Минг таассуфки, бу борада Бобур номли халқаро жамоат фонди ҳамда Андижон қўзғолони бўйича кўплаб тадқиқотлар олиб борган ва бу ҳақда бир неча китоблар чоп этган тарих фанлари доктори, профессор Рустамбек Шамсутдинов раҳбарлигидаги "Мерос" халқаро илмий-амалий экспедицияси жамоат фонди ҳам етарлича эътибор қаратмаганликлари боис, Дукчи Эшоннинг осилмаганлиги, балки Тожикистонда яшаб ўтганлиги ҳақидаги янги маълумот вақтлироқ ўрганилмади.

Мағлубиятга учраган Андижон қўзғолонидан сўнг унинг фожиаси узоқ давом этди. Ҳатто тарихни ўзгартирди. Сабаби, юзлаб бегуноҳ одамлар отиб ташланди, кўплаб юртдошларимиз ўз юртидан бадарға қилиниб, чор Россиясининг турли, олис юртларига сургун қилинди. Дукчи Эшоннинг 81 ёшлик онаси Асалбиби, оила аъзолари - Тожибиби Мақсудҳожи қизи ва унинг икки қизи Неъматпошшо ва Ҳамробиби, Иснорабиби Абдужалил қизи ва унинг ўғли Абдужалил, Руқиябиби Исмоил қизи ва унинг ўғли Абдураҳим, шунингдек, акаси Муҳаммадсоқи ва унинг ўғли Мусурмонқул Пенза губерниясига 6 йилга сургун қилинади.

Боз устига, чор маъмурлари ва ҳарбийлари ўша йили 13 июнь куни кечки пайт замбарак ва милтиқлар билан қуролланган батальон аскарларини Мингтепа қишлоғига кираверишга ўрнаштириб, эртаси куни тонг саҳарда Мингтепани жануб томондан тўпга тутиб култепага айлантиради. Қишлоқнинг бор иморатлари маҳаллий мардикорлар томонидан буздириб ташланади. Шу алпозда 15 кун одамларни мажбуран ишлатиб Мингтепа қишлоғи ва унда яшовчи 780 оиланинг уй-жойлари теп-текис қилинади. Дукчи Эшон масжиди, хонақоҳи ва ҳовлилари ҳам тамоман бузиб ташланади.

Теп-текис қилинган, аҳолиси "қатлиом"га дучор бўлган Мингтепа қишлоғининг майдони Марғилон ва Андижондан чақирилган муҳандису ва ер ўлчайдиганлар томонидан қисқа муддатда тўлиғича қайтадан режалаштирилиб, янги кўчаларнинг тархи олинади. Шундан кейин оз фурсат ичида Мингтепа ва Тожик қишлоқлари ўрнида 450 хонадонга мўлжалланган (баъзи манбаларда 200 хонадон) янги ўрисча посёлка қурилиб битказилади ва унга "Марҳамат" деган ном берилади. Бу ерга Россиянинг Саратов, Самара ҳамда Украинанинг Харьков шаҳарларидан фуқаролар олиб келиб жойлаштирилади.

(Суратда: Муҳаммадали эшон Собир Халфа ўғли - Дукчи Эшон ҳазратларининг қабри).

Орадан салкам бир аср ўтгач...

1992 йилнинг кеч кузида Мингтепага Душанбе шаҳридаги тиббиёт олийгоҳи талабаси, асли Сўғд вилояти (Хўжанд), Ашт тумани, Қалам қишлоғи, Раҳимжон Турсунов кўчаси, 2-уйда яшовчи Зокиржон Рўзиев келади. Унинг бу ерга ташрифидан мақсад Тожикистоннинг Тавилдарасида яшовчи Дукчи Эшоннинг набираси Карим маҳсум Зокиржонга Мингтепада қариндошлари бор-йўқлигини билиб келишни топширган экан. У Гар-гар қишлоғидаги Кимсанбой ота Янгиқишлоқдаги Йўлдошбой тоға ҳамда Хакка қишлоғидаги Абдураҳим маҳсум қизи бўлмиш Анорхон ая хонадонларида бўлади. Шунингдек, Анорхон аянинг опаси Ортиқбуви келин бўлиб тушган Қирғизистон Республикаси Ўш области, Новқат тумани, Кўкжар қишлоғидаги қариндошлариникига ҳам боради.

Зокиржоннинг ташрифидан тўрт йил ўтиб, 1996 йил 30 ноябрь-2 декабрь кунлари Тожикистоннинг Тавилдарасидан Дукчи Эшоннинг ўртанча ўғли бўлган Абдураҳим маҳсумнинг ўша юртдан уйланган хотинидан туғилган фарзанди 72 ёшли Карим Эшон ўзининг иккинчи ўғли Маҳмудулло ва бизга таниш Зокиржонни бирга олиб, Мингтепага келадилар. Улар аввал Ўшдаги қариндошларини зиёрат қилиб, сўнгра Марҳаматга келганлари маълум бўлди.

Уч кунлик ташрифи давомида Карим Эшон юқорида номлари тилга олинган қариндошлариникида бўлиб, бобоси Дукчи Эшон 1898 йилги Андижон қўзғолонидан сўнг яшириниб, Қошғарга кетгани, 6-7 йил яшаб, ундан сўнг Қошғардан Помир тоғлари оша Жилғатол орқали Тавилдара қишлоғига қайтганини, то 1933 йил 25 ноябргача шу қишлоқда яшаганини ва 78 ёшида вафот этганини айтиб беради.

Во ажабо?! Бу қандай янгилик бўлди? Демак, унинг ўрнига чоризм маъмурлари қиёфадош муридини уриб-калтаклаб, "Эшон шуми, Эшон шу" дея бўйнига қўйиб, осишгани рост экан-да! Орадан 100 йил ўтиб бу гап-сўзлар чиқса-я?! Шубҳасизки, бўлиб ўтган бу суҳбатлар бизларга тинчлик бермай қўйди. Чунки бу маълумот мабодо ўз тасдиғини топса, чинакамига барча юртдошларимизни ҳайратга солиши табиий-да! Бунинг учун эса янгилик ҳақиқатми ёки йўқ, буни исботлаш, халқимизга асл воқеликни борича етказиш зарур эди.

(Суратда: экспедиция раҳбари Зокиржон Машрабов (чапда), Дукчи Эшон чевараси Муҳаммадилло (ўртада) билан).

Ҳақиқат... синмайди!

Ва ниҳоят, 2019 йили 14-16 ноябрь кунлари жамоат фондимиз томонидан халқаро илмий экспедиция уюштирилди. Унинг асосий мақсади Дукчи Эшон ҳақидаги маълумотларни тўплаш, Қирғизистон ва Тожикистондаги Эшон авлодларининг манзилларини аниқлашдан иборат эди. Экспедиция Бобур номли халқаро жамоат фонди раисининг ўринбосари Рустамжон Мамасолиев, журналист Обиджон Маҳмудов, фонд ҳайдовчиси Сойибжон Азимовлардан иборат бўлди.

Дастлаб Эшоннинг Ўратепа, Душанбе, Кулоб вилоятларида яшовчи қариндошлари ҳамда Душанбе шаҳри, Темирйўлчилар тумани, Мирзабек посёлкаси 2-тор кўча, 44-45-46-уйларида, шунингдек, Мавлоний гумбази маҳалласида яшовчи Карим Эшон ва Саиджон Эшон фарзандлари ҳақида маълумотлар тўпланди.

Шунингдек, Сўғд вилояти, Ашт тумани, Қалам қишлоғидаги Зокиржон Рўзиев хонадонида бўлинди. Зокиржоннинг онаси Гулшаҳар ая билан мулоқотда ўғли Душанбеда ўқиб юрган 1991-1997 йилларда Дукчи Эшон яшаб ўтган ва набираси Карим Эшон яшайдиган маҳаллада икки марта бўлганини айтиб берди.

Дукчи Эшон изидан яна янги маълумотларни тўплаш, аниқлаш зарур эди. Шу боисдан унинг изидан Бобур халқаро илмий экспедициясининг иккинчи сафари 2022 йилнинг 14-19 январь кунларига белгиланди. Биз, экспедиция аъзолари Андижондан чиқиб, Қўқон, Конибодом, Хўжанд, Астрафшан (Ўратепа), Душанбе йўналиши бўйлаб автомашинада сафарга йўл олдик. Ўратепага боргач, Шаҳрустон ва Анзоб довонлари орқали оғир ва ниҳоятда мураккаб йўлларини босиб, Душанбе шаҳрига кириб бордик.

"Ориё" меҳмонхонасида тунагач, эртаси куни эрталаб нонуштадан сўнг Темирйўлчилар тумани сари отландик. Сўраб-суриштириб, Мирзабек даҳасига кириб бордик. Келаётганимиздан хабар топган Дукчи Эшон авлодлари бениҳоя хурсандчилик билан кутиб олдилар. Самимий танишув, илиқ суҳбатлар хонадонларида давом этди. Дастурхон атрофида Раҳимов Абдуллажон, Раҳимов Саиджалол, Раҳимов Маҳмудулло, Раззоқов Қисматилло ва уларнинг фарзандлари жам бўлишди. Ўтмиш бизни бирлаштиргани, ҳар биримизнинг ниятимиз Дукчи Эшон ҳақидаги ҳақиқатни аниқлаш эканини билдириб, улардан зарур маълумотларни йиға бошладик.

Аммо вақтимиз тиғизлиги боис мулоқот қисқа бўлди. Биз Дукчи Эшон ҳазратларининг яқин қариндошлари билан самимий суҳбатлашдик. Сўнг Карим Эшоннинг ўғли Маҳмудулло йўлбошчилигида Тавилдара томон жўнадик. Кўзланган манзил - Карим Эшоннинг турмуш ўртоғи, 94 ёшли Моҳинав ая ва унинг тўнғич ўғли Абдусалом маҳсум яшаётган "Лайрони боло" ("Баланд жой") қишлоғига оғир машаққатли йўллар билан етиб бордик. Сабаби, Тавилдара (Узун дара) деган жой денгиз сатҳидан 3-3,5 минг метр баландликдаги қорли тоғ ва бир томони эса ниҳоятда чуқур дарадан иборат манзил экан. Оби гарм дарёси бўйлаб биргина машина сиғадиган йўлдан бир амаллаб, 15-20 қишлоқ оралаб ўтиш зарур эди. Бунинг устига йўл қалин қор билан қоп­ланган, тор, сирпанчиқ ва ўта хавфли бўлгани учун хизмат автомашинамизни Арзонқул маҳалласи ҳудудида қолдиришга тўғри келди.

Бизни ота уйига бошлаб бораётган Маҳмудулло қўшни Лайлаи поён маҳалласида яшовчи Назиржон Одинаевни телефон орқали чақирди. У бир соатлар чамасида "Musso" енгил автоуловида бизларни олиб кетиш учун етиб келди. Ҳарқалай, бу ерликлар ўз йўлларида қандай ҳаракатланиш кераклигининг ҳадисини олишганда. Буни ҳам тан олиш керак. 15-20 км. йўл босиб ва ниҳоят Дукчи Эшон ҳужраси ҳамда акаси Абдусалом ва онаси Моҳинав ая яшайдиган уй олдига етиб бордик. У чуқур сойнинг нариги бетида экан. Биз автомашинадан тушиб, қолган масофани пиёда босиб ўтдик.

Тун қоронғусида фонар ёқиб, бизларни кутиб турган Абдусалом ака билан кўришгач, экспедиция аъзоси Ваҳоб Раҳмонни ўз розилиги билан шу ерда қолдириб, бизлар Назиржоннинг уйига қайтдик. Унинг уй меҳмонхонасида тунагач, эрталабки нонуштадан сўнг тўғри Лайрони боло қишлоғида жойлашган Мавлоний қабристонига бордик. Абдусалом ва укаси Маҳмудулло жиянлари билан қорни суриб, йўлак очиб қўйишган экан. Шу йўлакдан юриб темир панжаралар билан ўралган қабристоннинг эшигидан кирдик. Бизни Абдусалом ака қабристоннинг шундоққина тепа қисмига дафн этилган бобоси Дукчи Эшон ва у билан ёнма-ён ётган отаси Карим Эшон қабрлари олдига бошлаб борди. Шу ерда ул зотларнинг ҳақига қуръон тиловат қилинди. Ҳар икки қабр оддийгина қилиб пишиқ ғиштдан ўраб қўйилган эди.

Дукчи Эшон ҳужраси

Қабристондан қайтар эканмиз, Муҳаммадали Эшон яъни Дукчи Эшон бобомиз ўз қўли билан қурган ҳужра ва унга яқин жойда Карим Эшоннинг уйи шундоққина кўриниб турар эди. 80-100 метр чамасидаги қор йўлакдан бизлар эшакка миниб ўтиб, Дукчи Эшон ҳужраси олдида тўхтадик. Абдусалом ва укаси Маҳмудулло жиянлари билан бирга бизларни ҳужрага таклиф қилдилар. Дукчи Эшон ҳужраси ҳозирда йўқлаб келганлар учун меҳмонхона, жигарбандлар учун эса масжид вазифасини ўтар экан. Уларнинг гап-сўзларига қараганда, ҳар йили Моҳи Рамазон ва Ийд-Қурбон кунларида маҳаллада яшовчи 15 хонадон аъзолари тўпланиб, шу ерда ўтган аждодлари руҳига қуръон тиловат қилишар экан. Суҳбат асносида Абдусалом аканинг дўсти ва қудаси Мирзараҳмон ака ва бошқа маҳалла оқсоқоллари бўлиб ўтган тарихий воқеаларни батафсил сўзлаб бердилар. Уларнинг гапига қараганда, Дукчи Эшон Қошғардан, шарқий Туркистон заминидан Помир тоғлари оша Жилғатол орқали Тавилдарага 1905-1906 йилларда бир ўзи келган экан. Ўшанда бу ердаги Боршид қишлоғида яшовчи оқсоқоллар уни кутиб олган ва шу қишлоқдаги масжиддан жой беришган экан. Дукчи Эшон бобога уй-жой қуриш учун ер ажратишган. Уй қуриб бўлингач, Ўратепадаги қариндошларининг қизига уйланиб, бола-чақали бўлиб, шу ерда умрларининг охирига қадар яшаб ўтибдилар. Шунингдек, маҳалладан 15-16 км. узоқликда "Ҳазрати Мавлоний" масжиди жойлашгани ва ундан 5-6 км. нарида эса дунёга маълум ва машҳур бўлган "Ҳазрати Бурғ" зиёратгоҳи борлигини фахр-ифтихорга тўлиб сўзлаб берди.

Ҳужрадан чиқар эканмиз, Абдусалом аканинг катта ўғиллари ва қиз набиралари момоси Моҳинав аяни биз билан салом-аликка қўлларида кўтариб, қорли йўлакчага стул қўйиб ўтқазишди. Онахон дуога қўл очиб, қиш чилласида йўқлаб келганимиз учун бизни ва барча юртдошларимиз ҳақига дуо қилди. Моҳинав ая билан зарур ва қизғин суҳбатлар қилинди. Шундан сўнг онахон ва фарзандлари билан хайрлашиб, Душанбе шаҳрига қайтдик.

Йўл-йўлакай бизларга бу юрт ҳақида кўп янгиликларни айтиб келаётган йўлбошловчимиз Маҳмудулло "Бу ердаги аҳоли Тавилдарани Тожикистоннинг "Сибири" деб аташади", деди. Бу гапда жон борлигига ташрифимиз давомида тўла иқрор бўлдик.

Манзилларни ортда қолдириб, кеч соат 22:30 ларда Темирйўлчилар туманидаги Абдуллажон Саиджон ўғлининг уйига етиб бордик. Бир пиёла чой устида дилдан суҳбат қурилди. Бу бизнинг ушбу сафардаги Дукчи Эшон авлодлари билан сўнгги дийдорлашувимиз эди. Чунки сафаримиз ниҳоясига етмоқда эди. Улар билан самимий хайрлашдик. Кеч соат бирлар чамасида шаҳардаги "Душанбе" меҳмонхонасида тунаш учун қолдик. Эрталаб нонушта қилиб бўлгач, текис ва равон Душанбе, Зарафшон, Садриддин Айний, Шаҳристон йўналиши бўйлаб, чегара постидан Ўзбекистон ҳудудига эсон-омон ўтиб олдик. Денов, Қарши, Самарқанд, Жиззах, Гулистон, Бўка орқали Олмалиқ шаҳридан тўғри қамчиқ довонига кўтарилдик. "Олтин водий"га, унинг гавҳари бўлмиш жон Андижонимизга 19 январь куни кечга яқин етиб келдик. Шундай қилиб, 125 йилга яқин вақт ўтиб, кутилган орзу ниятлар ўз рўёбини кўрсатганидан барча экспедиция аъзолари бениҳоя хурсанд эдик. Мингтепалик авлиё, тарихий "Андижон қўзғолони"нинг ташкилотчиси ва раҳнамоси, ватан озодлиги ва ҳуррияти йўлида чор Россияси босқинчиларига қарши курашга халқини бошлаган улуғ жадидчи бобомиз Дукчи Эшон ҳақидаги тарихий ҳақиқат ва адолат ўз исботини топди. Эндиликда ул зот ҳақида бугунга қадар етиб келган турли юзаки, чала маълумотлар, уйдирмалар ва бўҳтонларга чек қўйилиши зарур!

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Андижон заминига ташрифлари чоғида "Буюк тарихда ҳеч нарса изсиз кетмайди. У халқларнинг қонида, тарихий хотирасида сақланади ва амалий ишларида намоён бўлади. Шунинг учун ҳам қудратлидир. Тарихий меросни асраб-авайлаш, ўрганиш ва авлодлардан авлодларга қолдириш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим, устувор йўналишларидан биридир" деб айтган адолатли сўзлари бизлар учун бамисоли маёқ бўлмоғи даркор.

1898 йил 17 май куни Андижон шаҳрида бўлиб ўтган халқ миллий озодлик ҳаракатининг ташкилотчиси ва раҳнамоси Муҳаммадали Эшон Собир Халфа ўғли - Дукчи Эшон ҳазратлари дорга осилмаган! Аксинча ул зот 1933 йили ноябрь ойининг 25-санасида 78 ёшларида боқий дунёга рихлат қилганлар. Аллоҳ таоло ҳазрат бобомизни ўз раҳматига олган бўлсин!

Халқаро илмий, тарихий экспедиция давомида Дукчи Эшон ўз умрини Помир тоғлари орасида Тавилдара қишлоғида ўтказган даврида муқаддас ислом дини қадриятларини, дунёвий илму маърифатларини, ахлоқий тарбияни у ерда яшаган аҳолининг қалбига, жисму жонига сингдириб кетганлигига амин бўлдик. Буюк аждодларимиздан бири Баҳоуддин Нақшбандийнинг "дил ба ёру даст ба кор" деган ғоясининг амалий ифодасини Тавилдара қишлоғи халқида кўрдик. Дарҳақиқат, ҳамманинг қалбида ва зикрида Аллоҳ, қўли эса меҳнатда. Барчалари ҳалол ризқ териб, кун кечирмоқда экан.

Дукчи Эшон яшаб ўтган Лайрони Боло қишлоғигача 200 га яқин қишлоқлардан, машаққатли оғир йўллардан ўтиб бордик. Йўлакларни қалин қордан тозалаётган ёш болакайлардан тортиб, қўлида ҳасса тутган нуронийларгача бизларга самимий нигоҳ билан қараб, "Ассалому алайкум биродари азиз, хуш омадед", дея қўлини кўксига қўйиб, кутиб олдилар.

Дукчи Эшон бошчилигидаги Андижон қўзғолони чор Россияси маъмурлари ва ҳарбийлари томонидан ваҳшийларча бостирилиб, Мингтепа таг-туги билан яксон қилиниб, халқи қатлиом этилиб, уйлари, масжид-мадрасалари бузиб ташланиб, шахсий кутубхонасида мавжуд бўлган 300 га яқин диний ва дунёвий асарларни, шу жумладан, "Ибрат-ул ғофилийн" асари ва унга киритилган кўплаб ғазаллари-байтлари, шунингдек, шахсий мирзоси бўлган "Осий" тахаллуси билан ижод қилган муриди томонидан ёзилган 168 варақдан иборат "Дукчи Эшон мақомати" асари мусодара қилинган бўлса-да, уларнинг барчаси ҳозиргача етиб келгани бизнинг бахтимиздир. Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг қўлёзма асарлар бўлими бошлиғи, таниқли олим, тарих фанлари доктори Маҳмуд Ҳасаний ҳазратларининг айтишича, Дукчи Эшоннинг ҳамма асарлари сақланган ва қизиқувчи ўқувчиларга хизмат қилиб келмоқда.

Ҳа, юқорида таъкидлаганимиздек, "Андижон қўзғолони"нинг етакчиси бўлган Дукчи Эшон ҳақида 125 йил давомида нохолис фикрлар, Чор Россияси ва кейинчалик ҳукм сурган Шўролар мафкураси ҳамда зўравонликка асосланган ғоялар таъсирида ёзилган асарлар, "ёлланма адабиётшунослик" муаллифларининг материаллари, чала ҳақиқат ва бир ёқлама, турли ҳадиклар билан суғорилган ва бизгача етиб келган маълумотлардан энди бутунлай воз кечиш керак. Зотан, тарихимизни бор бўй-басти билан фақат рост кўрсатиш ва авлодларга ҳам ҳақиқатни мерос қилиб қолдириш бурчимиздир.

Келгуси 2023 йилда Дукчи Эшон бошлаган "Андижон қўзғолони" бўлганига 125 йил тўлади. Биз - Бобур номидаги халқаро илмий экспедицияси аъзолари Тожикистон давлатининг Помир тоғлари орасидаги Тавилдара ҳудудидаги Лайрони боло қишлоғида жойлашган Мавлоний қабристонидан Дукчи Эшоннинг қабридан ҳоки пойини олиб келиб, у туғилган Мингтепа юртига қўйишни режалаштирдик. Шу мақсадда янги экспедиция сафари 2022 йилнинг июль ойларига мўлжалланмоқда. Помир тоғлари оралиғидаги Тавилдара қишлоғига яна бориш режалаштирилган.

Зокиржон МАШРАБОВ,

Бобур номли халқаро жамоат фонди раиси,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, табиатшунос олим, экспедиция раҳбари.

Ваҳоб РАҲМОНОВ,

филология фанлари номзоди, доцент, экспедиция аъзоси.

Обиджон МАҲМУДОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси,

публицист, экспедиция аъзоси.