Андижонда

Дунё ичра Андижон: Андижон туризми – нималар ўзгарди?


25.11.2024   312

Маълумки, Ўзбекистон ўзининг бой маданий мероси, тарихий обидалари ва гўзал табиати билан, туризмни ривожлантиришга катта эътибор қаратадиган давлатлар қаторига киради. Сўнгги йилларда соҳа иқтисодиётимизнинг драйверига айлангани хеч кимга сир эмас. Давлатимиз раҳбари томонидан мазкур йўналишга катта эътибор қаратилиб, бир нечта қарор ва фармонлари имзоланди. Хусусан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида мамлакатда ташқи ва ички туризмни ривожлантириш учун кенг шароитлар яратиш орқали сайёҳлар сонини ошириш вазифаси қўйилган.

Бу борада Андижон вилоятида ҳам туристларни жалб қилиш ва уларга қулай шароитлар яратиш учун муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аэропортда, “Дўстлик” чегара постида яшил йўлак жорий қилинди. Меҳмонлар электрон рўйхатдан ўтказиладиган бўлди, туристларнинг эркин ҳаракатланиши учун имкониятлар яратилмоқда. Асосан, экотуризм, гастрономик, зиёрат ва тиббиёт туризми йўналишларида қамров кенгроқ.

Лекин, айтайлик, биргина зиёрат туризми учун тарихий-маданий объектлар, зиёратгоҳларнинг ўзи етарли эмас. Бунинг учун ўзаро ҳамкорлик, тажриба алмашиш, тарғибот ишларини йўлга қўйиш, зиёратчиларга қулай шароитлар яратилиши муҳим саналади. Яна бир туризм соҳасини ривожланишига бевосита таъсир кўрсатаётган йўналиш бу транспорт логистикасини кенгайтириш ҳисобланади. Бугун биргаликда қулай ва мақбул авиа парвозларни, автоуловлар ҳаракатини йўлга қўйиш ва уларнинг сонини ошириш бўйича ҳаракат қиляпмизки, бу ўз навбатида вилоятимизга ўзаро туристлар оқимининг янада ортишига хизмат қилади.

Tуристларни жалб қилиш учун яратиладиган яна бир қулайлик кўпроқ одамлар учун шароит (accessibility) яратиб беришдир. Инклюзив муҳит туризмни ривожлантиришда ёрдам беради. Муҳимлиги шундаки, саёҳат қилиш учун ҳам вақти, ҳам маблағи бўлган кекса кишилар кўпинча инклюзив, яъни ногиронлиги бор одамлар учун ҳам муҳит бўлишини талаб қилади. Қулайлик ва шароит бўлмаган тақдирда бундай сайёҳлар сони қисқаради. Шунинг учун туризмни ривожлантиришда ногиронлиги бop кишилар учун шароит яратилган бўлиши керак. Биз ҳам айнан мана шу масалага лоҳида ислоҳотлар билан ёндашишга ҳаракат қиляпмиз.

Айни вақтда Андижонда бир вақтнинг ўзида 3 минг 400 нафар меҳмонни қабул қилиш имкониятига эга жами 151 та меҳмонхона, оилавий меҳмон уйлари ва хостеллар мавжуд. Уларда барча қулайликлар яратилган.

Шунингдек, 28 та театр, музей, стадион, концерт заллари ва амфитеатрларнинг ҳар бирида йилига ўртача 25-30 тагача турли кўнгилочар, маънавий-маърифий, маданий тадбирлар ўтказилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида ана шундай байрамона тантаналарга 20 минг нафардан зиёд хорижий сайёҳлар жалб қилинди.

Бундан ташқари, вилоятимизга ташриф буюрувчи сайёҳларни ҳар бир туман(шаҳар)да қолиш муддатларини узайтириш мақсадида уларни 1-2-3-4 кунга узайтирилган 42 та тур пакетлар фаолияти йўлга қўйилган. Рақамлар билан солиштирсак, 2023 йилда ушбу кўринишдаги турпакетлар сони 27 тани ташкил этган бўлса, 2024 йилда янги 13 та турпакетлар ишлаб чиқилиб, улар сони 45 га етказилди.

Бугунги кунда вилоятда 400 дан ортиқ сайёҳлик объектлари бўлиб, улар музей, истироҳат боғлари, археологик обидалар, зиёратгоҳлар, шунингдек, ажойиб иқлим табиатига эга дам олиш масканларидир. Уларнинг ҳар бири бамисоли ўтмишнинг ўқилмаган саҳифасидир. “Жомеъ”,”Аҳмадбек ҳожи меҳмонхонаси” мажмуалари, “Қутайба ибн Муслим”, “Ширмонбулоқ”, “Имом ота” зиёратгоҳлари Андижон тарихидан сўзловчи масканлар сифатида сайёҳлар эътиборини тортаётган бўлса, “Мингтепа” ёдгорлиги, “Хонтоқ”, “Фозилмон ота” дам олиш жойларининг донғи дунёга кетган. Бу ерга Франция, Хитой, Япония каби кўплаб хорижий давлатлар олимлари келиб, изланишлар олиб бормоқдалар.

Шу ўринда яна бир янгиликни қайд этиш жоиз. Жорий йилнинг ноябрь ойида Хўжаобод тумани, Тош ота маҳалласида жойлашган “Имом ота” қишлоғига “Туризм қишлоғи” мақоми берилди ва бу ўз навбатида мазкур ҳудудга ташриф буюрувчи маҳаллий ва хорижий сайёҳлар оқимини оширилишига ҳамда туризм хизматлар экспортини 2 баробар ўсишига олиб келади.

“Ўзбекистон Швейцарияси” номини олган сўлим Хонобод ҳам айнан вилоятимизда жойлашганлиги, бу шаҳар водийнинг туризм салоҳияти бой ҳудудларидан бири эканлиги, масканда зиёрат туризми, эко туризм, тиббиёт, гастробар ва спорт туризми ривожланганлиги ҳам Андижон туризм салоҳиятига кўзгудир. Ҳудуднинг 3 та йирик дам олиш оромгоҳлари, 11 та туристик масканлари, 5 та спорт иншоотлари, 830 та адирлик қисмларида қурилган дала ҳовлилар, “Фозилмон ота” зиёратгоҳи, 88 турдан ортиқ бошқа ҳудудларда кам учрайдиган манзарали дарахтлари мавжуд. Хусусан, Крим оққайини, япон сафураси, магнолия, лола дарахти каби ноёб турдаги манзарали узоқ йиллик дарахтлар ҳамда балиқчиликка ихтисослашган “Афсона” дам олиш оромгоҳи, “Анҳор” чойхонаси ҳамда қўшни қирғиз халқ таомларини тортиқ қилувчи Ўтов дам олиш маскани ва Хон-тоғ ҳудудида жойлашган тиббий даволаниш санаториялари фикрларимиз исботи.

Мухтасар айтганда, Андижон миллий иқтисодиётининг стратегик тармоқларидан бири бўлган туризмни ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширмоқдамиз. Бу эса унинг вилоятда тез тараққий топишига. Янги иш ўринлари яратилишига, даромадлар ортишига, аҳоли турмуш даражаси ва сифати юксалишига, шу билан бирга, инвестицон жазибадорлик ошишига хисса қўшишига ишонамиз.

Махмуджон РАХМАНОВ,

вилоят Туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари.