ДУНЁ ТУРИЗМИДА ТУРКИЯ
26.01.2022 581
Туркия дунё туризмида муҳташам тарихи, қадимий обидалари, турли миллий урф-одатлари ва таомлари билан ҳам машҳурдир. Бугун айримлари ҳақида маълумот берамиз.
Усмонийлар даврида ҳам маълум ва машҳур бўлган ширинлик
Пишлоқ қўшиб тайёрланиши билан бошқа ширинликлардан ажралиб турувчи турк миллий ширинлиги – хўшмерим жаҳон аҳлининг катта қизиқишига сабабчи бўлган. У асосан Баликесир, Бурса, Чаноққалъа, Текирдағ, Қиркларели ва Измир вилоятлари аҳолиси томонидан тайёрланади. Тузсиз пишлоқ, ёғли қаймоқ, сариёғ, шакар, ун, сув, тухум ва жуда оз миқдорда тузни қовуриш орқали тайёрланади. Устига узум шинниси қуйилган ҳолда, шиннисиз ёки устига сут қуйган ҳолда ҳам дастурхонга тортиш мумкин.
Усмонийлар даврида ҳам маълум ва машҳур бўлган хўшмерим ширинлигининг тарихига оид энг қадимги маълумотлар турк сайёҳи Авлиё Чалабий томонидан қаламга олинган “Саёҳатлар” асарида зикр этилган бўлиб, асарда “Хўшмерим, Баликесирга келиб жойлашган илк Туркман кўчманчилартомонидан тайёрланган”лиги айтилади.
Йиллар давомида анъанавий турк ширинликлари қаторидан ўрин олган хўшмерим, асосан Баликесир, Қораденгиз ва Марказий Анатолия ошхоналарида тайёрланса ҳам, ишлаб чиқариш ва етказиб бериш имкониятлари ривожланганлиги сабабли, Туркиянинг ҳар бир вилоятига кириб борган ва аҳоли томонидан севиб танавул қилинадиган машҳур ширинликга айланган.
Ўтмишда янги фарзанд кўрганлиги сабабли 40 кун давомида сув истеъмол қилмаган аёлларни кўргани келган меҳмонлар, ўзлари билан хўшмерим ширинлиги ва сут олиб келган. Хўшмерим Туркиянинг Карабук ва Анталия вилоятларида Рамазон ва Қурбон Байрами кунларида “байрам ширинлиги” сифатида тортиқ қилинади.
Туркларнинг ўзига хос анъаналаридан бири бўлган “хина кечаси“, авваллари турмуш қураётган икки ёшнинг оиласидаги фақатгина аёл ва қизлар жамланган, вақт ўтиши билан эса эркаклар ҳам иштирок этишни бошлаган тўй олди маросими ҳисобланади.
Туркиянинг турли минтақаларида турлича бўлсада, анъанавий “хина кечаси” келиннинг ота уйида тўйдан бир кун олдин ўтказилади.
Тухум оқига қурилган қадимийуйлар
Туркиянинг Карабук вилоятида жойлашган Сафранбўлу уйлари юз йиллар давомида шаклланган Турк шаҳарсозлик маданиятининг бугунги кунга қадар сақланиб қолган энг ноёб намуналаридан бири ҳисобланади. Турк шаҳарсозлигининг энг муҳим меъморий бойликларидан бири сифатида тилга олинадиган бу уйлар дастлаб, ХVII-XVIII асрларда қурилган.
Ҳозирда мавжуд
Усмонийлар даврида Сафранбўлу уйларининг зилзилага бардошлилиги оҳакларининг тухум оқидан қилингани сабаб экани айтилади. Сафранбўлу уйларининг барчаси оқ рангда ва бу уйлар бир-бирини тўсиб қўймаган ҳолда маҳорат билан қурилган.
Уйлар Сафранбўлунинг икки қисмида жойлашган бўлиб, улар қишда фойдаланишга мос бунёд этилган “Шаҳар” деб номланган қисм ва ёзги турар жой сифатида қурилган “Боғлар” деб аталадиган қисмдан иборат.
Шаҳар ўртасидаги майдон томон олиб борувчи йўл ва кўчалар бутунлай тош билан қопланган. Уйларнинг ҳовлилари ва майдонлар ҳам тош билан қопланган. Мавжуд тош қоплама услуби намликни камайтиради, тошқинларга чидамли ва дарахт илдизларига етарли миқдорда сув етиб боришини таъминлайди.
Уйлар бир-бирига яқин жойлашган ва уларни тор кўчалар ажратиб туради. Аҳолининг узумзорлари эса бир неча юз метр баландликда, ҳаво оқимлари учун очиқ ва кенгроқ ерларда жойлашган.
Деярли ҳар бир оиланинг қишки ва ёзги уйлари бор бўлиб, маҳаллий аҳоли қишда шаҳардаги уйларида яшаса, ҳаво исиши билан ёзги уйларига кўчиб ўтишади.
Барча уйлар ўзидан кўра марказроқда жойлашган йирик бинолар, масжид ва ёдгорликларга қаратиб қурилган. Қайси уйга қараманг, унинг гўзаллигини бошқа бир уй ёки бино тўсиб қолмайди.
Сафранбўлу уйларининг катталиги ва шаклини белгиловчи учта асосий омилни айтиб ўтиш мумкин. Булар, кўп болали катта оила, ёмғирли иқлим, шунингдек, оиланинг маданий ва моддий фаровонлиги.
Одатда, оилада эр ва хотиннинг икки ёки уч фарзанди бор. Ўғил турмуш қурса, унга алоҳида уй олинмайди, балки келинни ўша уйга олиб келинади. Оила аъзолари, жумладан амакилар, аммалар, холалар ва неваралар бир уйда бирга, аҳил яшайдилар. Аксарият хонадонларда, уй бекаларига уй ишларида ёрдам бериш учун асраб олинган қизлар бўлади. Асраб олинган қиз оила аъзоси сифатида кўрилади.
Дин ва урф-одатлар сабабли уйлар ташқи томонга ёпиқ ҳолда қурилади. Шунинг учун уйнинг ички қисми ва боғлар баланд деворлар билан ажратилиб қурилади. Деразаларга панжара ўрнатилганлиги сабабли аёллар бегона одамларга кўринмайди. Баъзан бир уйда ҳам, эркаклар ва аёллар алоҳида яшашади. Сафранбўлуда саломхона ва ҳарам деб иккига бўлинган уйлар ҳам учраб туради.
Хонадонга тегишли ҳайвонлар уйнинг биринчи қаватидаги молхоналарда боқилади. Ёмғирли иқлим туфайли ички маконга бўлган эҳтиёж ҳам юқори. Оиланинг озиқ-овқатлари ва уй ҳайвонларининг ем-хашаклари, шунингдек қиш учун ғамланган ўтинлар уйнинг тегишли қисмларида сақланади. Шуларнинг барчаси эътиборга олинган ҳолда Сафранбўлууйлари катта ҳажмларда қурилади.
Уйларда иситиш тизими печкалар ёрдамида амалга оширилади. Девор қаватлари орасига совуқ қайтарувчи материаллар қўлланилсада, ёғоч уйларда иссиқликни сақлаб қолиш бир мунча қийин. Шунинг учун, асосий қоида бўш жойни эмас, балки одамларни иситишдир. Печка, яқин ўтмишдан бери ишлатила бошланган. Ёритиш воситаси эса керосин чироқ ҳисобланган. Сўнгги пайтларда эса, катта ўлчамли ва ёрқин лампалар ишлатилмоқда. Баъзи уйларда эса совутиш ва ёнғинга қарши восита сифатида қурилган ҳовузлар ҳам мавжуд.
Хина маросими
Турк халқининг қадимий ва дунёга машҳур анъаналаридан бири – хина қўйиш маросимидир. Хина қўйиш оқшомига тайёргарлик, маросимдан бир кун олдин куёвнинг оиласи томонидан юборилган хина ва қуруқ мева каби совға салом юбориш билан бошланади. Хуфтон намозидан сўнг қизнинг ота уйида бўлиб ўтадиган “хина кечаси” маросимида анъанавий каштали қизил кўйлак кийган келиннинг юзи ҳарир қизил ёпинчиқ билан ёпилади.
Туркиянинг турли минтақаларида бу удум турлича бўлса-да, маросимда энг асосийси хина қўйишдан олдин келинни йиғлатиш ҳисобланади. Шу сабабли, хина қўйишдан олдин турмушга чиқмаган қизлар қўлларида шам ушлаган ҳолда келиннинг атрофида айланиб ота-она мавзусидаги инсонни маҳзун қилувчи қўшиқлар куйлашади ҳамда рақсга тушади.
Анъанавий хина тайёрлаш ва қўйиш вазифаси одатда бахтли оила соҳибаси бўлган аёлга берилади. Хина кечаси маросимининг яна бир муҳим одати эса келиннинг хина қўйилган кафтини очмаслигидир. Хина қўйган аёл, “Келин кафтини очмаяпти” дейиши билан бўлғуси қайнона келиннинг кафтига хина совғаси сифатида тилла танга ёки тақинчоқ қўяди.
Хина кечасида келинни йиғлатиш одатидан кейин келиннинг ўнг кафтига хина суртилади ва рўмолча билан ўралади ва қўлқоп кийдирилади.
Келиннинг кафтига хина қўйилгандан сўнг, маросим қўшиқ куйлаш, ширинликлар улашиш ҳамда тонгга қадар суҳбатлар билан давом этади.
