Андижонда

ЭЛИМДА АЛЁРИМ ҚОЛУР...


23.04.2022   573

Марҳамат туманининг қовунчи қишлоғи ҳар йили апрель ойида Муҳаммад Юсуф ижоди ихлосмандлари билан гавжум бўлади. Шоирнинг болалиги, мактаби, яшаган ҳовлиси - барчаси меҳмонлар учун янги-янги қирраларни очиб бераверади.

22-ИДУМнинг файзи аллақачон М.Юсуф ижодига ҳамоҳанглик касб этган. Мактаб фойесиданоқ шоирга ҳурмат, ижодидан завқланиш кайфиятлари уфур-япти. У ўқиган синф тўридаги портретдан боқиб турган шоир ўқувчиларга ҳаёт илҳомларидан сабоқ бераётгандек... Деворлардаги болалик, ўсмирлик ёшидаги суратлари шодон ўқувчилик даврининг завқи-шавқини акс эттириб турибди.

1925-1926 йилларда ўрта мактабга айлантирилган мадраса йил оша замон руҳига уйғунлашиб бораверди. Бугунга келиб мутлақо ўзгача қиёфа касб этган таълим масканида шоир 1961-1971 йилларда таҳсил олган.

«ҲАР ДОИМ БИР ҚЎЛИДА КИТОБ-ДАФТАР, БИР ҚЎЛИДА КОПТОК БЎЛГАН»

Шоирнинг синфдоши Расулжон Раимов айни мактабда математика фанидан дарс бераркан. Самимий кечган суҳбатимизда шоирнинг болалигикўз ўнгимизда гавдалангандек бўлди:

- Муҳаммад тўп тепишни яхши кўрарди. Нуқул бўш қолдик дегунча, стадионга югурардик. Бир қўлида китоб-дафтари бўлса, бир қўлида копток бўларди. Спортнинг футбол турига жуда қизиқарди.

Ҳам дўстим, ҳам синфдошимнинг илк машқлари 5-синфда ўқиб юрган кезларимизда юз очганди. Илк ёзган шеърини мақтаниб менга кўрсатганди. Биргалашиб Сайдиллохон домламизга олиб борганмиз. Илк йўл-йўриқларни шу устозимиздан олди. Раҳматли биринчи ўқитувчимиз Сайдиллохон Тожибоев таҳрирчиси, рағбатлантирувчиси, иштиёқини оширувчиси бўлганди. "Бугун яна янги ёздим, юр,муаллимга кўрсатамиз", дея чопганларимиз кечагидек ёдимда...

«ОҚТУЛПОР»ДАН«ҚОРАҚУМҒОН»ГАЧА

- Болалигимиз бир партада ўтириб, бирга хаёллар суриб, ёнма-ён дарс қилиб, биргаликда шўхликлар билан ўтган, - дея хотираларини давом эттирди Расулжон Раимов. - 1961 йилда қишлоғимиздаги 12 мактабда таҳсилимизни бошлаганмиз. Ўн йиллик партадошим,қадрдон дўстим, ҳамсуҳбатим эди Муҳаммад. Бир йили шеъри туман газеталарида чоп этилиб, халқаро "Артек" лагерига йўлланма олди. Барчамиз унга ҳавас қилгандик. Икки ойлик дам олишдан кўкси тўла медаллар билан келгани ёдимда. Мен ҳам келаси йили физикадан олимпиадада қатнашиб, ушбулагерга йўлланма олиб кўксимни медалларга тўлдириб қайтдим. Ўшанда дўстимнинг ютуғидан илҳом олгандим.

Шеърларининг аксариятида биргаликда ўтган болалик хотираларимиз бор. Ёзда бекор юрмайлик, деб қурувчиларга қора қумғонда сув қайнатиб, усталарга чой ташиганмиз. Машҳур Турсунбой Парпиев ижросидаги "қорақумғон" қўшиғи ўша болалик хотиралари асосида яратилган.

Бир куни Ширмонбулоққа курсдош меҳмони билан биргаликда дам олгани бордик. Сўлим боққа файзли жой қилинган экан. Боғнинг эгаси чиройли тулпорда келиб қолди. Меҳмон қизиқиб отга мингиси келди. Лекинот асовгина экан, жиловланмади. Шу билан бу ҳолат унутилиб кетгандек эди. Вақт ўтиб дўстимнинг "Оқ тулпор" шеъри дунёга келди. Бу ҳақида ўзи тўл-қинланиб "эсингдами дўстим, тулпор воқеаси", дея шунга ишора қилганди. Бугун ёқимли хотиралар билан ёдланаётган ўртоғим билан кечмишларимиз айтсам қоғозга сиғмайди. Ортидан "қорақумғону", "Оқ тул- пор"лар қолди...

«ШЕЪРЛАРИМДАН БИТТА ЎҚИБ БЕР, СИНГЛИМ...»

Шоирнинг синглиси Муҳаббатхон Юсуповадан тинг-лаганларимиз бизни ўша содда, танти, меҳрибон, ғазалгўй Муҳаммад Юсуфга янада яқинлаштиргандек бўлди:

- Адабиёт сирларини акамдан ўрганганман. Жаҳон адабиёти дурдоналарини жигарим орқали таниганимни доим тан оламан. Акамнинг китоб жавони ҳамиша тўла бўлган. Онам Навоий, Машраб, Нодирабегим, Бобур ғазалларини жуда чиройли ўқирди. Акам билан бирга кўп шу ғазаллар бў-йича баҳру байт ўйнардилар. Уларга ҳавас билан улғайганман. Ўзимча мен ҳам улардек ифодали ўқишга ҳаракат қилардим. Ҳаракатларимни кўрган акам "Кел, битта шеър ўқиб бер", дерди. Мен эса ҳижолатчиликдан дув қизарганча рад этардим. Кейинчалик ҳам катта шоир бўлиб кетгач, ҳар гал қишлоққа келганида шеърларидан ўқиб беришимни сўрашни канда қилмади. Мен эса уялдим - улардек шеър ўқий олмаслигимни билардим. Шу армон бўлиб қолди...

Муҳаббат опанинг кўзларида милтиллаган ёш дийдор соғинчи, "шеърлашиш"лар армони эди. Хотиралар кўп, айтмишлар мўл. Сингил билан суҳбатимиз оила даврасида ака қандай бўлгани билан қизиқишларимизга уланди:

- Акам ҳам шодон, ҳам вазмин феъл-атвори билан ҳамманинг кўнглига йўл топарди. Одатда дам олиш кунлари уй, ҳовли юмушлари билан банд бўлардик. Ҳеч иш қилгимиз келмаса, секингина акамдан ёрдам сўрардик. Улар эса дадамнинг олдиларига бориб, ҳазил қилар, кўнглини овлар, хуллас, шу куни дам олишга кўндирарди.

УЙ МУЗЕЙИДА ШОИР ҲАЁТИГА ЁРҚИН ЧИЗГИЛАР БОР...

Муҳаммад Юсуф болалиги ўтган ҳовлида ташкил қилинган музей шоир ҳаётининг ҳар йилидан сўзлаб тургандек. Оиласи, кийган либослари, қўлёзма асарлар, ҳарбий хизматдан сўзловчи суратлари, мактублар, пойтахтда топилган бахту фарзандлар қувончини намоён этувчи кўринишлар худди шоир ёнингизда тургандек ҳиссиёт беради. Узоқ-яқин туман, қўшни вилоятлардан келган ўқувчилар устозларига тинмай савол беришар, қайси бири шоир ижодидан шеър айтса, яна бошқаси қўшиққа айланган сатрларини хиргойи қилади.

-Ўқувчиларим билан ҳар йили апрелда Марҳаматга келамиз, - дейди Андижон шаҳридаги 3-умумтаълим мактаби она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Шаҳнозахон Мухтарова. - Шоир мактабига, уй музейига саёҳат, қабрини зиёрат қиламиз. Бир олам таассуротлар билан қайтгач, тенгдошлари билан ўртоқлашишади. Бу ҳам бўлса, Андижонимизнинг танти фарзанди, хассос ижодкорига бўлган ҳурмат ва эътиборнинг ифодасидир.

ТАНЛОВЛАР ДАВОМ ЭТМОҚДА

Апрель ойи марҳаматликлар учун байрамлар ойига айланган. Халқ таълими туман бўлими томонидан ҳудуддаги она тили ва адабиёти фани ўқитувчилари ўртасида шоир таваллуди муносабати билан танлов ташкил этилган. "Элимда алёрим қолур" мавзусидаги мазкур кўрик-танловда ўқитувчиларМуҳаммад Юсуф ҳаёти ва ижодига бағишланган эсселар ёзиш, асарлари асосида саҳна кўринишлари ташкиллаштириш, бадиий ўқиш каби шартлар асосида ўзаро беллашадилар.

Бундан ташқари, шоир ҳаёти ва ижодини ўзида акс эттирган ёшлар фестиваллари ҳам мазкур тадбирлар қаторидан ўрин олган. Ҳатто ўқувчилар ўртасида М.Юсуф ҳақида хорижий тилларда бадиа ва эсселар ёзиш танловлари ҳам ўтказилмоқда.

* * *

Шоирлар ўлмайдилар. Улар ҳамиша уйғоқ. Улар доим қалбларда мангу яшайдилар. Асарлари абадийликка дахлдор Муҳаммад Юсуфлардан илҳом олган янги издошлар туғилаверадилар.

Ҳар йили кўклам лолақиз-ғалдоқлари, баҳорнинг илиқ нафаси мангу хотираларни шоир ихлосмандлари билан бирга Марҳаматнинг қовунчисига етаклайверади...

Зилола РАҲМОНОВА,

Моҳигул СИДДИҚОВА.

Сарварбек ЗУҲРИДДИНОВ

олган суратлар.