Атрофга назар

ЭНЕРГИЯ РЕСУРСЛАРИНИ ТЕЖАШ


30.05.2023   162

таъминотнинг барқарорлигида муҳим омилдир

Президентимиз раислигида жорий йил 11 май куни ҳудудларда энергия таъминоти ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш масалалари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида истеъмолчиларни сифатли ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш борасидаги муаммоларни бартараф этиш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилди.

Иқтисодиётимиз ривожи, халқимиз турмуш фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этадиган энергия таъминоти масаласи Халқ депутатлари вилоят кенгаши йиғилишида ҳам кўриб чиқилди, Давлатимиз раҳбари томонидан берилган топшириқ ва вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланди.

Мутахассислар томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, вилоятда 2023 йилда электр энергиясига бўлган эҳтиёж 6 миллиард 250 миллион кВт соат бўлиб, марказлашган ҳолда етказиб бериш режаси 5 миллиард 845 миллион кВт. соатни, кутилаётган дефицит 405 миллион кВт. соатни ташкил этади.

Ана шундан келиб чиқиб етишмаётган дефицитни қоплаш бўйича қўшимча 508 миллион кВт. соат электр энергияси ишлаб чиқиб, юзага келадиган дефицитни 103 миллион кВт. соат ортиғи билан қоплаш бўйича аниқ ҳисоб-китоблар қилинди.

2023 йил вилоятда жами 570,4 миллион кВт.соат электр энергияси, 221,6 миллион куб-метр табиий газ иқтисод қилиниши кўзда тутилган.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг “Вилоят аҳолиси ва ижтимоий соҳа обектларини 2023 йилда энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш тўғрисида” ги қарори билан долзарб масалага оид истиқболдаги вазифалар тасдиқланди. Хусусан, вилоятда энергия тежамкорлик ва энергия ресурслардан оқилона фойдаланиш орқали белгиланган чора-тадбирларни бажариш натижасида электр энергияси истеъмоли бўйича 9,8 фоиз, табиий газ истеъмоли бўйича 18,9 фоиз иқтисод қилишга эришилади. Ушбу иқтисод манбалари ҳар бир истеъмолчи кесимида ҳисобланиб, уларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар белгиланган.

Бундан ташқари, вилоятдаги ҳар бир маҳалланинг электр ва газ хўжалигини 2023/2024 йилларнинг куз-қиш мавсумига тайёрлаш, қуёш панеллари ва қуёш сув иситиш коллекторларини ўрнатиш ҳамда бошқа техник тадбирлар бўйича режалари ишлаб чиқилган.

Вилоят электр ва газ хўжалигини 2023/2024 йиллар куз-қиш мавсумига тайёрлаш доирасида 2 минг 201,2 километр узунликдаги электр тармоғини жорий, 1 минг 700,2 километр тармоқни мукаммал, шунингдек, 1 минг 368 та трансформатор пунктини жорий, 716 тасини мукаммал таъмирлаш, шу билан бирга, 9,2 километр узунликдаги газ тармоғини мукаммал таъмирлаш ва реконструкция қилиш ҳамда 12 та газ тақсимлаш пунктини мукаммал таъмирлаш орқали истеъмолчиларга энергия ресурсларини етказиб беришдаги узилишлар бартараф этилиши белгиланган.

Жами 80 та муассаса, шу жумладан 56 та умумтаълим мактаби, 9 та мактабгача таълим ташкилоти, 15 та тиббиёт муассасаси, шунингдек, 15 та иссиқхона хўжалиги, 4 та цемент, 1 та оҳак ишлаб чиқарувчи корхона табиий газдан кўмир ёқилғисига ўтказилади. Натижада улар истеъмол қилаётган табиий газ биринчи навбатда аҳолига етказиб берилади. Энергия ресурслари таъминоти корхоналари томонидан тармоқларда йўқотишларнинг олдини олиш мақсадида кўрилган чора-тадбирлар асосида 73,2 миллион кВт соат электр энергияси, 1,9 миллион куб метр табиий газ иқтисод қилиниши кўзда тутилган.

Ижтимоий соҳа объектлари, давлат идоралари бинолари ҳамда аҳоли хонадонларига қуёш панеллари, гелиоколлекторларни ўрнатиш натижасида 37,8 миллион кВт соат қўшимча электр энергияси ишлаб чиқарилади. Шунингдек, вилоятда энергия ресурсларини тежаш, улардан оқилона фойдаланишни “Умуммиллий ҳаракат” даражасига кўтариш мақсадида “Энергия ресурсларини келажак авлодлар учун ҳам асрайлик!” шиори остида кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш белгиланган.

Андижон тумани “Янги Андижон” шаҳарчасидаги кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектларини кафолатли иссиқлик билан таъминлаш учун қурилаётган 20 мегаватт қувватли кўмирда ишлайдиган когенерация лойиҳаси жорий йилнинг сентябрь ойига қадар ишга туширилиши кўзда тутилган.

Хитой Халқ Республикасининг "POWERCHINA INTERNATIONAL GROUP LIMITED" компанияси, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва вилоятимиз ҳокимлиги ўртасида қуввати 400 МВтга тенг фотоэлектр станцияси қуриш бўйича уч томонлама меморандум имзоланган. Жорий йилда мазкур станциянинг бир қисми ишга туширилиши, 100 МВт соат электр энергияси ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.

“Ҳудудий электр тармоқлари” Андижон филиали томонидан эскирган тармоқлар ва трансформаторлар тўла хатловдан ўтказилиши, янгиларига алмаштирилиши, йил якунига қадар тармоқлардаги йўқотишларни камайтириш ҳисобига 66,8 миллион кВт. соат энергияни тежаш бўйича ҳам чоралар белгиланган.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарори ижросини таъминлаш бўйича белгиланган ишлар амалга оширилиши билан ҳудуд аҳолисининг энергия таъминоти бўйича муаммолари ижобий ечим топади, турмуш шароитлари янада яхшиланади.

Диёрбек Турғунов,

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати

вилоят бўлинмаси раҳбари.