Андижонда

Ерни қадрлаганнинг қадри баланд


16.09.2025   11

Фермерлик — аслида шарафли, ҳатто улуғвор касб. Дунёнинг кўплаб бурчакларида одамлар “фермер” сўзини эшитганда этик, катакли кўйлак ва ковбойча шляпа кийган, ўз ерида бир ёки бир неча хил қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирадиган, энг асосийси – мағрур, қаддини тик тутган, ўз қадрини биладиган инсонни кўз олдига келтиради.

Бу дунёнинг тўрт тарафидаги шу соҳа вакиллари қиёфаси. Бизда эса сал бошқачароқ. Мамлакатимизда, айтиш жоиз бўлса, фермернинг ташаббуслари, тиниб-тинчимаслиги қишлоқ хўжалиги муваффақияти гаровидир. Қадди тик, қадри баланд фермерлар, бемалол такрорлай оламиз, бутун республикани боқишяпти. Улар ҳар бир қарич ерни қадрлашяпти. Ер билан тиллашиб, даромад оляпти, ҳосил етиштиряпти, халқимизга етказиб беряпти...

Жалақудуқлик Қобилжон Қўзиев ана шундай “тинчимайдиган”, бедор фермерлардан. “Обод водий салтанати” фермер хўжалиги раҳбари. Бироз ортга қайтайлик. Дабдурустдан фермер бўлиб қолмаган ахир!

1999 йиллар. У пайтлар хали фермер хўжалиги деган тушунча йўқ. “Колхоз”, “корпорация” дейиларди. Ўшанда қаҳрамонимиз эндигина Андижон мелиорация ва сув хўжалиги коллежини тамомлаганди. Отаси агроном бўлгани туфайлими, ерга меҳр оиладаёқ уйғонган – муболаға эмас. Колхозда табелчи, яъни ҳисобчиликдан ишини бошлаган Қобилжон Қўзиев кейинроқ бригадир, ёрдамчи агроном вазифаларида ишлаб, соҳада тобланди.

2006 йилда фермер хўжаликлари ташкил қилинганида, биринчилардан бўлиб, туманнинг Ёрқишлоқ массивидан 24 гектар ер олиб, фермерлик фаолиятига киришган. Илк йиллари осон бўлмади. Машаққатлар, синовлар ортга чекинишни эмас, олдинга ҳаракат қилишга ундайверди.

19 йил оз муддат эмас. Ўтган давр жуда кўп қийинчиликларни рўпарасидан чиқаргани рост. 24 гектар майдон бугунга келиб 86 гектарга айланди. Биргина пахта-ғаллага ихтисослашган хўжалик кўп тармоқли бўлди.

  • Фаолиятимизни бошлаган йиллар билан бугунни солиштирганда фарқ сезиларли, имкониятлар ортиғи билан, - дейди миришкор. – Ўша вақтларда ҳосил йиғиб, давлатга топширишда “минус” билан чиққан пайтларимиз кўп бўлган. Мана, эркин бозор иқтисодиётига ўтилгач, маҳсулотларимиз очиқ аукционда сотилиш йўлга қўйилгач, фермерларнинг елкасига офтоб тегди, дея айта оламан. Исталган кластер билан шартнома тузган ҳолда, соф фойда олишни бошлаганмиз. Ҳатто пахта уруғини Хитой давлатидан олиб келиб экяпмиз. Олган ҳосилни сотиш ҳам очиқ савдода...

Имкониятлар ҳақида тўлқинланиб гапираркан, яратилаётган шарт-шароитлардан, қулайликлардан розилик балқиб турарди.

Хўжаликда асаларичилик йўлга қўйилган. Ҳар йили ўртача уч юз килограмм асал олинади. Уюшмаган ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида фермерлик ерларидан 15 сотихдан 4 гектар майдон ажратилган. Массивдаги ишсиз ёшлар бандлиги таъминланганидан маҳалла аҳли ҳам хурсанд. Сабзавот экинларидан даромад олаётган йигит-қизлар эса фермердан миннатдор.

Жалақудуқ шимолий ҳудуд бўлгани учун пахта асосан плёнка остига экилади. Бу усул эртаки ҳосилга замин. Айни кунда “Андижон-36” нави дала узра барқ уриб ётибди. Теримчилар жавлон уриб басма-бас ҳосил йиғишяпти. Дала четларига экилган помидор, булғор қалампири, маккажўхори, карам кабилар теримчилар учун тушлик овқатларга солиш учун етилиб турибди.

Дарвоқе, хўжаликнинг 6 гектар ерида боғдорчилик ташкил қилинган. Шафтоли, олма ва гилос кўзни қувнатади. Мевалар ҳосили учун 250 тонналик музлаткич ишлаяпти. Экспорт учун бундан қулайи йўқ, албатта.

Саксон нафар аҳоли бандлиги таъминланган фермер хўжаликда имкониятлар талай. Ҳар йили пахта мавсуми тугагач, ишчилар навбати билан мамлакатимиздаги турли дам олиш санаторияларига хўжалик ҳисобидан юборилади. Мана, раҳбарнинг ҳиммати!

***

Бугун даласига нима экишни фермернинг ўзи ҳал қиляпти, даромадини қандай сарфлашни ўзи режалаштиряпти... Буни платформага ҳам унинг ўзи киритяпти. Натижада асосий, такрорий ва тўқсонбости экинлар миқдори олдиндан кўринмоқда. Бу озиқ-овқат хавфсизлиги, нарх-наво барқарорлиги ва деҳқонларнинг даромадида жуда муҳим. Бу омиллар эса миришкор фермер Қобилжон Қўзиев каби соҳа мутахассисларига янги илғор ғояларни илгари суришда турткидир.

Зилола РАҲМОНОВА