Эрнинг ҳомиладор аёли олдидаги мажбурияти қонун билан белгиланган
15.06.2026 15
Тасаввур қилинг, эр-хотин ўзаро келишмовчилик ёки бошқа сабабларга кўра маълум вақтдан буён бирга яшамаяпти. Аёл ҳомиладор. Ана шундай вазиятда, бўлажак она, гарчи ҳали фарзанди туғилмаган бўлса ҳам, турмуш ўртоғидан ҳомиладорлик даврида ўзининг таъминоти учун алимент ундириши мумкин. Чунки қонун талаби шундай.
Яқинда фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол туманлараро судида мана шу мазмундаги иш кўриб чиқилди. Яъни Фарида Холмуродова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар Зойирбек Рустамов билан 2025 йилнинг октябрь ойида қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қурганлигини, бироқ ҳозирда иккиси бирга яшамаётганлигини, айни вақтда ҳомиласи борлиги сабаб меҳнат қилиш имконияти йўқлигини маълум қилган ҳамда турмуш ўртоғи унинг таъминоти учун моддий ёрдам бермаётганлигини боис ундан ҳар ойда 2 миллион сўмдан алимент ундиришни сўраган.
Ўз навбатида Зойирбек Рустамов даъвони тан олмай, ҳақиқатан бугунги кунда оилавий қўйди-чиқдилар сабабли эр-хотин бирга яшамаётганлигини, бир ойда ўртача 6-7 миллион сўм даромад кўришини, агар аёли у билан бирга бир оила бўлиб яшаса таъминот беришини, акс ҳолда, алимент тўлашга қарши эканлигини баён қилган.
Хўш, бундай вазиятда қонунчилик нима дейди?
Аниқланишича, туман тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникаси мутахассисларининг текширув хулосаларига кўра, даъвогарнинг олти ойлик ҳомиладор эканлиги маълум бўлган.
Оила кодексининг 117-моддаси талабига кўра, эр-хотин бир-бирига моддий ёрдам бериши шарт. Бундай ёрдам беришдан бош тортилган тақдирда, ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр ёки хотин, шунингдек хотин ҳомиладорлик даврида ва ўртада бола туғилган кундан бошлаб уч йил давомида, ўртадаги ногирон бола ўн саккиз ёшга тўлгунча ёки болаликдан I гуруҳ ногирони бўлган ўртадаги болага қараган ёрдамга муҳтож эр (хотин) ёрдам беришга қодир бўлган хотин (эр)дан суд тартибида таъминот (алимент) олиш ҳуқуқига эга.
Мазкур Кодекснинг 119-моддаси талабига кўра, эр-хотин (собиқ эр-хотин) ўртасида алимент тўлаш тўғрисида келишув мавжуд бўлмаган ҳолларда эр ёки хотинга (собиқ эр ёки хотинга) суд тартибида ундириб бериладиган алимент миқдори суд томонидан эр ёки хотиннинг (собиқ эр ёки хотиннинг) моддий ва оилавий аҳволини ҳамда тарафларнинг эътиборга лойиқ бошқа манфаатларини эътиборга олиб, ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланади, бироқ бу сумма қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг 11,5 фоизидан кам бўлмаслиги лозим.
Суд иш ҳолатини батафсил ўрганиб, қонун талабларига асосан ҳамда даъвогарнинг ҳозирги кунда ишламаслиги, ҳомиладорлигини, жавобгар эса муайян иш ҳақига эга эканлигини, даъвогарнинг даъво талабларини инкор этувчи ҳолатлар мавжуд эмаслигини, тарафларнинг моддий ва оилавий аҳволини инобатга олиб, даъвони қисман қаноатлантиришни, яъни Фарида Холмуродованинг фойдасига жавобгардан ҳомиладорлик даври тугагунига қадар ҳар ойда 500 минг сўм миқдорида алимент ундиришни лозим деб топди.
Жасуриддин Абдусаттаров,
фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол туманлараро судининг раиси
