Андижонда

Фаровонлик манзиллари: «Кампирровот»да бошланган тажриба илк самарасини бера бошлади


25.11.2024   307

Шу йилнинг 16 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев Хонобод шаҳрида бўлиб, аҳоли даромадини ошириш учун маҳалла драйверига асосланган ҳолда барча ички имкониятларни ишга солиш, шу орқали аҳолини қўшимча даромадга йўналтириш юзасидан кўрсатмалар берган эди. Орадан ўтган давр мобайнида ҳудудда кўплаб ибратли ишлар амалга оширилди. Биргина “Кампирровот” МФЙдасервис хизмати кўрсатиш, томорқачиликни ривожлантиришдан ташқари форель балиғини парваришлаш бўйича тажриба амалиётга тадбиқ этила бошланди. Хўш, бундан маҳалла аҳли қанчалик манфаатдор бўлмоқда? Шу каби саволларга жавоб излаб манзилда бўлдик.

Аввало шуни айтиш жоизки, ушбу маҳалла республикамизнинг энг олис ҳудудида жойлашган. Қирғизистон Республикаси билан шундоққина ёндош манзилда 3,5 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Тан олиш керак, чекка ҳудуд бўлгани боис ишсизлик масаласи йўқ эмас эди. Қишлоқ хўжалиги ва саноат ҳудудларидан олис бўлган ушбу маҳаллада ўз-ўзини иш билан банд этиш даромадга йўналтиришнинг энг мақбул йўлидир. Шу боис аҳоли томорқадан унумли фойдаланишга астойдил киришган. Бу ерда етиштирилган малина, картошка, бодринг, помидор, қўзиқоринга Хонободнинг ўзида ҳам харидорлар бисёр. Ана шу маҳсулот қаторига энди форель балиғи ҳам қўшиладиган бўлди.

Дарвоқе, ушбу балиқ юрак қон томир касалликларига шифо бўлади. Уни парваришлаш бироз мушкул жараён бўлгани боис маҳаллий тилда “Хон балиқ” ҳам деб аташади. Кислородга тўйинган ҳавза унинг учун энг мақбул маскан ҳисобланади. “Кампирровот” маҳалласи шу номдаги сув омборининг қуйи қисмида жойлашганлиги боис деярли ҳар бир хонадонда ариқ тўла сув мавжуд. Бу эса форель балиғини парваришлаш учун қулай имконият ҳисобланади. Шу боис маҳалладаги 24 та хонадонда тажриба сифатида балиқ турини парваришлашга киришилди. “Санам” кўчасида яшовчи Гулсанамхон Алимова билан мавзуга доир суҳбатлашдик.

-Ҳовлимиз 20 сотихдан иборат бўлиб, томорқадан унумли фойдаланамиз,-дейди Гулсанамхон биз билан суҳбатда. – Асосан малина, қўзиқорин етиштирамиз. 2 сотихдан иборат иссиқхонамизга бодринг ва помидор экканмиз.Бундан ташқари, қўй, товуқ боқамиз. Тўғриси, бирор жойга ишга кириб ишлашга эҳтиёжимиз ҳам йўқ. Боиси, уйдан чиқмаган ҳолда бир йилда ўртача 100 миллион сўм даромад топамиз. Форель балиғи ҳисобига бу кўрсаткич кескин ортишини кутяпмиз. Сабаби, бу биз ўйлагандан ҳам юқори натижа берадиганга ўхшайди.

Гулсанамхон дастлаб балиқ парваришига оид қўлланмалар билан танишди. Наманган вилоятидаги балиқчилар билан суҳбатлашиб, бу иш қўлидан келишига ишонч ҳосил қилди. Шундан кейин ҳовлисининг бир четидан оқиб ўтувчи ариқ бўйига 11 метрли ховуз қурдирди. Шундани кейин 300 дона балиқ чавағи ташланди.

-Ҳар бир ишнинг ўзига хос мураккаб жиҳатлари бўлади, албатта,-дейди Гулсамнамхон. –Балиқни парваришлашда ҳам ўз вақтида озуқасини бериш, кислородни назорат қилиш муҳим аҳамият касб этади. Барча амалларга риоя қилинса, тўрт ойда етилади.

Ана энди тахлил қилиб кўрайлик. Ушбу ҳовлида балиқ парваришлаш учун хонадон эгаси 33 млн. сўм кредит маблағи олди. Шундан 14 млн. сўми ҳовуз барпо этишга сарфланди.3 млн. сўмга 300 дона балиқ чавағи сотиб олинди. Уларни озиқлантириш учун 16 млн. сўмлик маҳсулот ҳарид қилинди. Жами ҳаражат 33 млн. сўмни ташкил этмоқда. Сотиб олинган пайтида 100 граммдан иборат бўлган балиқлар бугунги кунга келиб 1 кило тош босмоқда. Айни пайтда ҳар бир килоси учун 100 минг сўмдан сотиб олишга қарор қилган ҳаридорлар мавжуд. Бироқ, уй эгаси балиқни 1,5 килогача етиштириш ҳаракатида. Шунда унинг даромади 45 млн. сўмни ташкил этади. Демак, уч йил муддатга берилган кредит маблағини шу йилнинг ўзида қайтариш билан бир қаторда 15 млн. сўм даромад олиш имконига эга. Бу тажриба давомида эришиладиган натижа, холос. Кейинги босқичга ҳовузни барпо этишга сарфланган маблағ ҳам даромад ҳисобига киришини ва бу ҳовузда 700 тагача балиқ парваришлаш мумкинлигини ҳисобга оладиган бўлсак, оиланинг йиллик даромади айрим якка тадбиркорнинг даромадидан бир мунча ортиб кетиши аниқ.

Ўзбекистоннинг шарқий дарвозаси ҳисобланмиш “Кампирровот” маҳалласи гарчи, ишлаб чиқариш корхоналаридан бироз олисда жойлашган бўлсада, бу ерда ишсизлар сони мавжуд эмас.

- Бунга ички имкониятлардан унумли фойдаланиш эвазига эришмоқдамиз,-дейди маҳалла фаоли Зулхуморхон Сайдуллаева. –Масалан, форель балиғи билан шуғулланаётган 24 нафар фуқароларнинг11 нафарини Россия Федерациясида ишлаб қайтган маҳалладошлар ташкил этади. Ушбу йўналишда фаолият олиб боришлари учун уларнинг 9 нафарига 165 млн. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди. Маҳаллада аҳолини доимий даромадга йўналтириш, ишсизликка бархам бериш, қўшимча даромад топиш манбаини ривожлантириш мақсадида ўтказилган хатлов давомида 88 нафар фуқароларнинг бандлигини таъминлаш зарурияти аниқланди. Ҳозирга келиб уларнинг барчаси даромад манбаига эга.Бунинг учун 144 та кичик лойиҳалар ишлаб чиқарилди. Шу тариқа ҳудуд ишсизликдан ҳоли манзилга айлантирилди. Бу эса, оилалардаги турмуш фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Халқимизда: “Қаловини топсанг қор ҳам ёнади”,-деган нақл бор. Бу айни “Кампирровот”ликлар учун топиб айтилгандек гўё.

Саминжон ҲУСАНОВ,

журналист.