Атрофга назар

ФАРЗАНДЛАРИМИЗ НЕГА ТЕЗ УЛҒАЙЯПТИ?


27.07.2023   109

Маҳалламиз кўчаларини асфальтлаш учун шағал ётқизилганди. Ишдан қайтаётиб уйга чиройли тошчалардан териб кирдим. Болаликни бир эслай дедим. Қизларим билан тўптош ўйнамоқчи бўлдим. Аммо 9-синфга кўчган қизим ҳам, 12 ёшли кичик қизим ва шу ёшдаги жияним ҳам бу ўйинни билишмасди. Жияним дарров телефонини олиб, “ҳозир, аммажон, интернетдан топиб ўрганамизда, сизни ютамиз”, деди шошиб. Қўлидан телефонни олиб қўйиб, ўзим ўргатдим. Роса қизиқиб анчагача ўзлари шу ўйин билан машғул бўлишди.

Кимгадир эмас туйилар, лекин бу ҳақиқат: “Болаларимизнинг аксарияти биз ўйнаб улғайган халқона ўйинларни билишмайди!”

Чунки улар телефон ва интернет билан катта бўлишяпти. Ижтимоий тармоқлар билан жуда тез вояга етишяпти. Биз мактаб ёшида ҳақиқий бола бўлганмиз. Фарзандларимиз эса аллақачон улғайиб бўлишяпти.

Истаймизми-йўқми, уларни телефон ва интернет тез вояга етказяпти.

Мана шу оғриқли нуқта!

Болаликдан ота-онамиз: “Оёғинг остига қараб юр, йўқса йиқиласан”, “Ёмон болалар билан ўйнама — улар сенга чекиш ва сўкишни ўргатади”, “Дарсларни қолдирсанг, институтга ва яхши ишга киролмайсан”, деб танбеҳ беришарди. Бу сўзлар сизга ҳам танишми?

Бугун ўзимиз вояга етиб, ўзимиз ота-онага айландик ва энди ўзимиз фарзандларимиз ҳақида қайғуриб, “Оёғинг остига қараб юр…”, деб ташвиш чекяпмиз. Бироқ интернет ва телефонга “бой бераётган” дилбандларимиз бизни ё эшитади, ёки эшитмайди... Муаммо шундаки, интернетда бу тақиқлар ишламайди ва интернетга кирган боланинг ёнида ота-она ҳам бўлмайди. Интернет ҳақиқий ҳаётга мувофиқ яратилган бўлса-да, аслида ундан кескин фарқ қилади.

Инсоният янги тамаддунга қадам қўйди. Бутун дунёда қадриятлар алмашинуви, интеграциялашув, глобаллашув, маданиятлар аралашуви, синтезлашуви кечаётган бир даврда ахборот тарқатиш мутлақо янги кўринишга кирди.

2020 йилда коронавирус пандемияси туфайли масофадан туриб ўқишга мажбур бўлган деярли барча болалар учун интернет заруратга айланди. Ота-оналар технология боланинг академик ва ижодий муваффақиятларига, жисмоний ва руҳий саломатлигига салбий таъсир кўрсатишидан қўрқишлари табиий.

Менимча, болаларни ижтимоий тармоқлардан ҳимоя қилиш керак. Чунки уларда шафқатсизлик ҳаддан зиёд кўп. У ҳатто энг беозор нарсаларда ҳам яширинган. Ҳатто катталар ҳам изоҳларда қолдириладиган ҳақоратли сўзларга ҳар доим ҳам тайёр эмаслар. Болага эса бу ҳолат жиддий зарар етказиши мумкин.

Болани интернетда қаровсиз қолдириш — уни катта шаҳарда бир ўзини қолдириб кетишдек гап. Сичқончани икки марта босиш ва беш дақиқа ичида суюкли фарзандимиз унинг ҳали мустаҳкамланиб улгурмаган руҳиятига зарар етказадиган сайтларга осон кириб кетиши мумкин.

Афсуски, ўз тақдирини ўзгалар қўлига топшириш, ўзгаларнинг фикри билан ҳаракат қилиш бугунги ёшларни борган сари ўз домига тортмоқда. Ота-она эътибори, меҳридан четда қолаётган ёшлар виртуал оламдан меҳр изламоқда, виртуал оламдагиларнинг фикрига қараб иш тутмоқда.

Бугуни одамлар (тан олиш керак, ўзимиз ҳам улар орасидамиз) кунини интернетдан бошлаб, у билан тугатадиган ҳолга келди. Эътибор берганмисиз, фарзандларимизнинг, ёшларнинг 70 фоизи ўз қизиқиш ва севимли машғулотлари ҳақида бир-бири билан суҳбатлашганда, иштиёқларини гапириш баробарида компьютер технологиялари, ижтимоий тармоқлар билан боғлиқ фикрларини мароқ билан сўзлайдилар. Айтайлик, 50 миллионлик аудиторияга эришиб оммалашиш учун радиога 38 йил, телевиденияга 13 йил, кабел ТВга 10 йил керак бўлган бўлса, бу босқични интернет атиги 5 йил ичида босиб ўтди. Ва кучли мафкуравий таъсир воситасига айланиб улгурди.

Хўш, болаларимиз энди интернетдан воз кеча оладими? Улар бизнинг халқона ўйинларимизга қайтадими?

Йўқ, албатта. Интернет такомиллашса такомиллашяптики, ундан воз кечишга йўл қолдирмаяпти.

Ечим қаерда?

Миллий қадриятларимиз акс этган сайтлар фаолиятини кенгайтириш, мултимедиа ва роликларни кўпайтириш зарур. Фарзандларимиз онгига таъсир этувчи мусиқа ва кино санъатининг тарбиявий имкониятларидан тўла, самарали фойдаланиш лозим.

Болаларимизни болаларча улғайишларига ўзимиз ҳам таъсир этайлик.

Зилола РАҲМОНОВА