Атрофга назар

Фуқаролик жамияти институтлари – “Ўзбекистон – 2030” Стратегиясининг муҳим атрибути


19.10.2023   231

Маълумки, жорий йилнинг 11 сентябрь куни мамлакатимизнинг яқин истиқболдаги тараққиётини белгилаб берувчи муҳим стратегик ҳужжат – “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги 158-сонли Фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнида орттирилган тажриба ва кенг жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида ишлаб чиқилган 5 та устувор йўналиш ва 100 мақсаддан иборат “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тасдиқланди.

Ушбу ҳужжат барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш, аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш, аҳоли учун қулай экологик шарт-шароитларни яратиш, халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш ҳамда мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш каби асосий ғояларни ўзида мужассам этганлиги билан аҳамиятлидир.

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ўтган йиллар давомида амалга оширилган ишларни изчил, тизимли ва босқичма-босқич давом эттирган ҳолда янада такомиллаштириш, стратегиянинг барча мақсадли кўрсаткичларига эришиш, шунингдек, Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясининг мантиқий ва узвий давоми сифатида белгиланган муҳим вазифаларни самарали амалга оширишни таъминлайдиган асосий дастурий ҳужжат ҳисобланади.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган прагматик, очиқ-ошкора ва шаффофликка асосланган янги босқичдаги ислоҳотлар натижаси туфайли юртимизда эркин ва очиқ фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш ва мустаҳҳамлаш ишлари сезиларли равишда кучаймоқда.

Ушбу жараёнда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари демократик ҳуқуқий, ижтимоий давлат барпо этиш, жамиятда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда мамлакат ва ҳудудларни ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, маданий, маънавий-маърифий ва ҳуқуқий жиҳатдан ривожлантириш салоҳиятини янада ошириш йўлида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бугунги кунга келиб, Андижон вилояти бўйича жами 580 та нодавлат нотижорат ташкилоти вилоят адлия бошқармасида тегишли тартибда давлат рўйхатига олинган. Уларнинг 57 таси, ёки 9,8 фоизи фуқаролар ташаббуси билан ташкил этилган жамоат ташкилотларидир.

Андижон вилоятида тузилмавий ННТлар сони вилоят бўйича ўтган 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 20 тага кўпайган бўлса, ўз ташаббусига кўра ташкил этилган ННТлар сони 10 тага ошган.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда вилоятда фаолият юритаётган жамоат ташкилотларининг фаолияти аввалги йилларга қараганда сезиларли бўлиб, “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” муносабати билан қабул қилинган Давлат дастурининг устувор йўналишларида белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга оширишда маҳаллий ННТлар томонидан тизимли ишлар қилинмоқда.

Ҳусусан, ҳотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган аёлларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш, уларни манзилли қўллаб-қувватлашда “Меҳримиз сизга” аёллар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази томонидан вилоят адлия, ИИБ, прокуратура, оила ва хотин-қизлар ҳамда бандлик бошқармалари билан ижтимоий шериклик асосида ҳамкорлик яхши йўлга қўйилган.

Айниқса, қийин аҳволга тушиб қолган ҳотин-қизлар ва уларнинг оила аъзоларидан марказда ташкил этилган “Долзарб алоқа” тармоғи орқали 300 га яқин мурожаатлар қабул қилинган бўлиб, уларнинг мазмунига қараб мутахассислар томонидан ижтимоий, психологик ва ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилган. Марказ томонидан мигрантларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш натижасида, уларнинг 85 нафарини иш билан таъминлашга кўмаклашилган.

Шунингдек, марказ ҳодимлари томонидан аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, репродуктив туғрук ёшидаги ҳотин-қизларни саломатлигини муҳофаза қилиш, ҳотин-қизларни тиббий, экологик, ҳуқуқий, иқтисодий саводхонлигини ошириш, гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича бир қатор маънавий-маърифий, профилактик тадбирлар ва амалий ишлар олиб борилмоқда.

Республика “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот маркази вилоят бўлимининг ҳам ижтимоий шериклик соҳасидаги иштироки эътиборга лойиқ бўлмоқда.

Жумладан, мазкур ННТ томонидан вилоят ички ишлар бошқармаси Одам савдосига қарши курашиш бўйича ҳудудий комиссияси, вилоят прокуратураси, таълим, соғлиқни сақлаш бошқармалари, жойлардаги маҳалла фуқаролар йиғинлари ва бошқа бир қатор жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда кенг қамровли тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилмоқда.

Ҳамкорликдаги тадбирлар вилоятдаги йирик савдо комплекслари, автошоҳбекатлар, чегара-ўтказиш пунктлари, божхона постлари, МФЙлар ҳамда аҳоли гавжум жойларда “Одам савдосини тўҳтатамиз”, “Ҳамкорликда одам савдосига қарши курашамиз”, “Одам савдосидан огоҳ бўлинг” шиорлари остида ташкил этилиб, фуқаролар ҳушёрлик ва огоҳликка чақирилмоқда ҳамда аҳоли ўртасида одам савдоси, унинг қурбонига айланган инсонларнинг аянчли қисмати ва бу каби қилмишларнинг оқибатлари ҳусусида тушунтиришлар берилиб, огоҳликка оид рисола, плакат ва бошқа тарғибот материаллари тарқатилмоқда.

Соғлиқни сақлаш йўналишидаги энг йирик жамоат ташкилотларидан бири “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган ҳалқаро ҳайрия фонди вилоят бўлими ўз Устав мақсад ва вазифаларига мувофиқ, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳудуддаги ижтимоий дастурларни амалга оширишда фаол иштирок этиб, шаҳар, туман соғлиқни сақлаш бирлашмалари мутаҳассислари билан биргаликда соғлом авлодни тарбиялаш, жисмоний соғлом, баркамол шаҳсни, соғлом оилани шакллантириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, кам таъминланган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, соғлом турмуш тарзи тамойилларини қарор топтириш ишларига ҳисса қўшиб келмоқда.

Биргина шу йилнинг ўтган даврида вилоят бўйича жами 5792 нафар кам таъминланган оилалар, эҳтиёжманд фуқаролар, ногиронлиги бор болалар ва ижтимоий ҳимоя муҳтож аёлларга малакали тиббий ҳизматлар кўрсатилиб, уларнинг саломатлигини тиклашга кўмаклашилган ҳамда 10 дан зиёд тарғибот тадбирлари ўтказилган.

Шу билан бирга, ижтимоий шерикликнинг кичик бизнес ва ҳусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни шакллантириш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш ва тарихий-маданий қадриятларни тиклаш соҳаларида “Ҳамрох”, “Минтақавий тадқиқот”, Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ҳотин-қизлар тадбиркорлик марказлари, “Аграр соҳа аёллари уюшмаси” вилоят бўлимлари, “Мингтепа” маданий мерос жамоат фонди ҳамда вилоятдаги рус, қирғиз, уйғур, корейс ва арман миллий-маданий-марказлари каби фуқаролик жамияти институтларининг иштироки самарали бўлмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ўтган давр мобайнида мустақил фуқаролик институтларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, уларнинг эркин фаолияти кафолатларини таъминлаш, давлат органларининг фуқаролар билан яқин ҳамкорлигини йўлга қўйиш, уларнинг очиқ, шаффоф ва ошкора фаолият кўрсатишини таъминлаш, давлат органлари фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш юзасидан жойларда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Ушбу жараёнда “учинчи сектор”га мансуб ташкилотларнинг ўрни, роли ва иштироки муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз албатта.

Вилоятдаги бир қатор ННТларнинг жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги фаолияти уларнинг давлат органлари ҳузурида ташкил этилган жамоатчилик кенгашлари, турли йўналишдаги комиссиялар, мониторинг ва ишчи гуруҳлари ва бошқа механизмларда янада яққол намоён бўлмоқда.

Чунончи, бугунги кунга келиб тадбиркорлик, бандлик, соғлиқни сақлаш, таълим, спорт ва бошқа йўналишларда фаолият кўрсатаётган кенгашлар, комиссиялар ва бошқа идоралараро тузилмаларнинг фаолиятида вилоятдаги жами 15 та нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этиб келмоқда.

Мисол учун, Юксалиш” УМҲ вилоят ҳудудий бўлинмаси томонидан жамоатчилик мониторинги гуруҳлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 апрелдаги “2022-2026 йилларда Андижон вилояти ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-табирлар тўғрисида”ги №204-сон Қарорининг ижросини ўрганиш мақсадида 4 маротаба жамоатчилик кенгаши аъзолари билан биргаликда вилоятнинг Асака, Андижон, Булоқбоши ва Пахтаобод туманларида жамоатчилик мониторинглари олиб борилган.

Бундан ташқари, ҳукумат қарорига асосан ҳисобот даврида умумий ўрта таълим мактабларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ҳолати бўйича вилоятдаги 3 та мактаб ҳолати ўрганилиб, масъул ташкилотларга аниқланган камчиликларни бартараф этишга юзасидан 7 та таклиф ва тавсиялар киритилган.

Ушбу ННТ томонидан вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда “Ўзбекистон – 2030” Стратегияси лойиҳасига бағишланган жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиб, унда давлат органлари ҳамда жамоат ташкилотлари вакилларининг 35 та таклиф ва тавсиялари кўриб чиқилган ҳамда ташкилотнинг республика бошқаруви органига тақдим этилган.

Шунингдек, вилоятдаги Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгаши аъзолари таркибига 8 та ННТ раҳбарлари киритилган бўлиб, ўтган давр мобайнида жамоат ташкилотлари томонидан коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларнинг олдини олиш мақсадида “Биз – коррупцияга қаршимиз!” шиори остида 10 дан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилган.

Бундан ташқари, пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун шарт-шароит яратиш, мавсум давомида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан ташкил қилинган Мажбурий меҳнатга қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича вилоят мониторинг гуруҳи таркибига ЎзННТМА, Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси ва Ўзбекистон карлар жамияти вилоят ҳудудий бўлинмаларининг раҳбарлари киритилган.

Шу билан бир қаторда, Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали қошида ташкил этилган мустақил эксперт гуруҳи таркибига киритилган ДЖТҚМ, ЎзННТМА, “Юксалиш” УМҲ, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлимлари раҳбарлари томонидан ташкилот, идора, муассаса раҳбарлигига номзодлар танловининг суҳбат босқичини очиқ ва шаффофлигини янада ошириш, танлов комиссия аъзоларининг номзодлар билимини баҳолашда ҳолислик ва адолатлилик принципларига амал қилишларини таъминлашда таъсирчан жамоатчилик назорати олиб борилмоқда. Албатта, бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Шу ўринда, “Ўзбекистон – 2030” Стратегиясида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб:

– ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш мақсадини кўзлаган ҳолда аҳолининг турли қатламлари вакиллари, айниқса ҳотин-қизлар, ёшлар, ногиронлиги бор фуқаролар вануронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришда ННТларнинг фаол иштирок этишларини таъминлаш, уларнинг бу борадаги таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш;

– жойларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда фуқаролик жамияти институтларининг маънавий-интеллектуал салоҳияти, иш тажрибаси ва мавжуд имкониятларидан самарали фойдаланиш, ушбу мақсадда Республика маънавият ва маърифат маркази, оила ва аёллар, маҳалла бошқармаларининг ҳудудлардаги бўлинмалари билан ҳамкорликда ижтимоий-маънавий вазият барқарорлигини таъминлашнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш, жойларда фуқароларнинг кундалик масалаларни ҳал этиш ишларига яқиндан кўмаклашиш;

– давлат, тармоқ ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларида белгиланган вазифаларни изчил рўёбга чиқаришда ННТлар ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари вакилларини кенг жалб этиш чораларини кўриш;

– меҳнат миграциясидан қайтиб келган шаҳслар ҳамдахорижда меҳнат қилаётган ватандошларга ҳар томонлама кўмак кўрсатиш мақсадида давлат органлари билан ижтимоий шерикликни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш;

– жамиятда миллатлараро тотувликни таъминлаш, конфессиялараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва маданиятлараро мулоқотни янада ривожлантириш ишларида фаоллик кўрсатиш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Муҳтасар қилиб айтганда, фуқаролик жамияти институтлари “Ўзбекистон – 2030” Стратегиясининг муҳим атрибутларидан бири сифатида янги Ўзбекистон шароитида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини трансформация қилиш жараёнларида фаол иштирок этишлари, ислоҳотларнинг бош ташаббускорлари бўлишлари зарурлигини ҳаётнинг ўзи тақози этмоқда.

Зеро, ННТларнинг халқ, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларда ўзига ҳос самарали платформа бўлишида, пировард мақсадимиз бўлган демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамиятини барпо этишга муносиб ҳисса қўшишида “Ўзбекистон – 2030” Стратегияси муҳим фаолият дастури бўлиб ҳизмат қилади.

Адхамжон УЗАКДЖАНОВ,

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси.