Атрофга назар

ГЕРБИМ - МЕНИНГ ФАХРИМ


02.07.2022   245

Талабалик даври бекорга олтинга тенглаштирилмаса керак. Катта ҳаётга қадам қўйиш, оқ-қорани ажратиш, аста-секин мустақиллик сари интилиш айнан шу даврдан бошланса ажаб эмас.

Барчада бўлгани каби бизнинг талабалик давримиз ҳам шундай ажойиб, мазмунли, сабоқ олгувчи ҳолатлардан йироқ бўлмади.

3-курсни тамомлаш арафасидамиз. Ҳарқалай илк йилларгидай қўрқув йўқ, ўзимизга ишонч, қандай бўлмасин кейинги курсга ўтиб олиш осондек, ҳар нарса қўлимиздан келадигандек туюла бошлаган йиллар. Аммо тарих фанидан дарс берган ўқитувчимиздан чўчиброқ турибмиз. Чунки жуда талабчан, дарсларни ҳам аъло даражада олиб борган, биздан ҳам имтиҳон арафаси қаттиққўллик билан ўтилган дарсларни талаб қилар эди. Ҳар куни кафедрасига чувиллашиб талабалар тўпланар, ёзилган курс ишлари кўчирилган дея ортга қайтарилар, ёшлар рейтинг дафтрчасини кўтарганча сўппайиб қолишарди. Хуллас кўпга келган тўй, аълога топшираётганлар 4 баҳо, 4 га ёпаётганлар 3 баҳо, қолганлар курсдан ўтишолмай қийналаётган эди.

Баҳо илинжида барчамиз тўпланиб устозимиз дарс бераётган аудиторияга бордик. Дарс тугаган, домлани атрофи ўраб олинган, ҳамма ҳар тарафдан ўз муаммоларини гапиряпти, русийзабон талабалар ҳам нима қилишни билмай туришарди. Бир пайт Шоҳиста деган курсдош дугонамиз югуриб келиб рус йигит билан тортишиб қолди. Ўзбекчалаб “қочиб тур” дейди ҳадеб. Йигит ҳайрон, оҳиста турган жойидан силжиди. Шоҳиста оёқ остида ётган 50 сўмлик тангани олиб, у ер-бу ерини пуфлаб арта бошлади. Йигит бироз кулимсираб, “пул керак бўлса айтмайсанми, оёқ остидаги тангага ёпишмасдан” деб, қизнинг устидан кулгандек бўлди. Бирдан хонага жимлик чўкди, ҳамма шу иккисига қараб турибди.

“Бу тангада менинг Ватанимнинг герби бор, уни оёқости қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”, деб дугонам тангани сумкасига солди, кўзидан томчи ёш ҳам думалади. Шу пайт ўқитувчимиз қарсак чалиб юборди. Биз ҳам қўшилдик. Бутун аудиториядан бир неча дақиқа давомида қарсак овози эшитилиб турди. Йигит ҳеч вақога тушунмай аланглайди. Кимдир қизнинг гапларини таржима қилиб берди шекилли у ҳам чапак чала бошлади.

Энг қизиғи кейин бошланди. Ўқитувчимиз дугонамиздек ватанпарвар, ўз элига, халқига, давлатимизнинг рамзларига бўлган ҳурмати, ҳимояси учун бутун курсни мукофотлади. Тантанавор нутқдан кейин барчамизнинг рейтинг дафтарчамиз биз кутган баҳо билан тўлди. Ўша курсдош талабамиздан ҳам миннатдор бўлдик. Ҳозиргача Давлатимиз рамзларидан бири бўлган гербимга кўзим тушганда беихтиёр ўша воқеа ёдимга тушади. Гербим – менинг фахрим!!!

Моҳигул СИДДИҚОВА.