Андижонда

ХАЛИЛОВНИНГ ҚЎРFОН ДЕВОРИ НЕГА БУЗИЛДИ?


06.10.2021   627

Тасаввур қилинг, савдо дўкони қуриш учун очиқ аукционда қатнашиб, ғолиб бўлиб, нақд пулингизга ер сотиб олдингиз. Эндиликда ўзингизга тегишли майдоннинг хат-ҳужжатларини тўғрилаб, қурилиш учун ҳаракатни бошламоқчисиз. Аммо кутилмаганда бошқа бир шахс ўзбошимчалик қилиб айни ҳудудни қўрғон девор билан ўраб олса, қандай аҳволга тушасиз?

Избосканлик Каримжон Собиров (исм-фамилиялар ўзгартирилди) худди шу ҳолатни бошдан ўтказди - қўлида бир даста қонуний ҳужжат-у, ерни қўрғонлаб олган Халилов деган одам бўшатиб берса қани? Турган гапки, томонлар муросага келмайдиган бундай вазиятда низо судгача етиб келади. Каримжон Собиров фуқаролик ишлари бўйича Избоскан туманлараро судига мурожаат қилиб, жавобгарнинг ҳисобидан ушбу ноқонуний қурилган қўрғон деворларни буздириб беришни сўради. Суд масалани атрофлича ўрганиб, 0,01 гектар ер майдонида жойлашган қурилмаларни Халилов ҳисобидан мажбурий тартибда буздириш ҳамда даъвогар фойдасига 446 минг сўм дастлаб тўланган давлат божини ундириш хусусида ҳал қилув қарори қабул қилди. Гарчи мазкур иш кейинчалик апелляция ҳайъати томонидан кўрилган бўлса-да, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори кучида қолди.

Шунга ўхшаш воқелик Балиқчи туманида ҳам кузатилди. Маҳаллий ҳокимлик судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, вилоят Ер ресурслари ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг туман филиали томонидан Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси талаблари ижроси юзасидан мониторинг ўтказилганида маълум бўлишича, Халфачек маҳалласида яшовчи фуқаролардан бири Пахтакор массивида фаолият юритиб келаётган "Андижон ханой ипаги" МЧЖга ажратиб берилган экин ер майдонининг 8 сотих қисмини ўзбошимчалик билан эгаллаб, уй-жой қуриб олганлигини, шу боис ноқонуний қурилмаларни жавобгар ҳисобидан мажбурий тартибда буздиришни сўраган. Ҳолат батафсил ўрганилгач, туман ҳокимлиги даъвоси қаноатлантирилди.

Таассуфки, кейингипайтда юқоридаги каби низолар кўпайиб бормоқда. Таҳлилларга кўра, вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ҳамда туманлараро судларида жорий йилнинг биринчи ярмида ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойни ёки қурилмани бузиш билан боғлиқ жами 82 та фуқаролик иши кўриб тамомланиб, шундан 57 та даъво қаноатлантирилган. Шунингдек, 10 та даъво ариза рад этилган бўлса, 12 таси кўрмасдан қолдирилган, 3 та ҳолатда фуқаролик иши иш юритишдан тугатилган.

Шу муддатда ер майдонларини ноқонуний эгаликдан қайтариб олиш ёки ер майдонидан чиқариш билан боғлиқ жами 50 та фуқаролик иши кўриб тамомланган бўлиб, 31 та даъво қаноатлантирилган.

Нима демоқчимиз? Ҳар бир фуқаро ҳамиша мамлакатдаги қонун-қоидаларни ҳурмат қилиши, уларга риоя этиши шарт. Ноқонуний қурилмалар куни келиб жавобгарга каттагина ташвиш туғдириши турган гап. Ахир мол аччиғи - жон аччиғи деган, гап бежиз айтилмаган. Қолаверса, амалдаги тартиб-таомилларни билмаслик кишини жавобгарликдан озод қилмайдики, бу ҳуқуқий билим ва ҳуқуқий маданият барча учун зарурлигидан далолат.

Муқаддамхон АҲМАДАЛИЕВА,

вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси.