Атрофга назар

“Халқимизнинг олтин фонди”га эътибор – келажакка эътибор


03.03.2025   585

Мамлакатимизда замонавий фикрлайдиган, профессионал тайёргарликка эга янги авлод кадрларини тайёрлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири. Муҳтарам Президентимиз томонидан ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилаётганлиги бу борадаги ислоҳотларнинг нақадар муҳимлигини англатади. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 14 февраль куни ёшлар билан ўтказган самимий мулоқоти бунинг яққол исботи бўлди.

Президентимиз ёшларни “халқимизнинг олтин фонди”, деб атагани бежиз эмас. Зеро, ёшлари билимли, истеъдодли ва салоҳиятли бўлган мамлакатнинг истиқболи, албатта, ёруғ бўлади. Учрашувда таъкидланганидек, ҳар йили меҳнат бозорига 600 минг нафардан ортиқ йигит-қиз кириб келмоқда. 2030 йилга бориб, бу кўрсаткич 1 миллион нафарга етади.

Эндиликда, олий ўқув юрти битирувчиларининг бандлигини таъминлаш бўйича янги тизим йўлга қўйилади. Бунинг учун Миллий банкка 100 миллион доллар йўналтирилиб, уларнинг илғор ташаббус ва ғоялари асосидаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича банк хизматлари жорий этилади. Шунингдек, битирувчиларни иш билан таъминлашда ҳокимлар, банк ва корхона раҳбарларидан иборат комиссия тузилади.

Ҳозирги вақтда дунёдаги нуфузли университетларда 1 минг 500 дан зиёд талабаларимиз таҳсил олаётгани, аввалги 25 йил ичида давлат ҳисобидан 800 нафар йигит-қиз хорижга ўқишга кетган бўлса, биргина “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали сўнгги 7 йилда бу кўрсаткич қарийб уч баробарга ошиб, 2 минг 300 нафар ватандошимиз шундай имкониятга эга бўлгани қувонарли, албатта.

Йиғилишда чекка ҳудудларда чет тилларига ихтисослашган ўқув марказлари очган малакали ёшларга 120 миллион сўмгача фоизсиз ссуда берилиши, шунингдек, хусусий ўқув марказларида хорижий тилларни ўрганадиган ёшларга тўловлари “2+6” ой шаклида қопланиши, камбағал оилалар фарзанди фоизсиз таълим кредити, қўшимча грант, шартнома тўловига ёрдам орқали ўқишга рағбатлантирилиши бўйича қарорлар имзолангани маълум қилинди. Бу барча ёшлар, уларнинг ота-оналари учун қувончли хабар бўлди.

Давлатимиз раҳбари ёшларнинг таклифларини маъқуллаб, уларни ҳар доим қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдираётган, ёшларга кенг имкониятлар яратилаётган бир пайтда, албатта, биз – таълим соҳаси вакиллари ҳам ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва амалга ошириш йўлида астойдил меҳнат қиламиз. Хусусан, Андижон давлат чет тиллари институти чет тилларини ўрганиш истагидаги ёшларни янада кенгроқ қамраб олиш мақсадида Андижонда “Гарвардчилар мактаби”ни ташкил этиш ташаббуси билан чиқмоқда. Ушбу ташаббус орқали вилоятдаги кўплаб ёшлар хорижий тилларни ўрганиш ҳамда келгусида ўзлари истаган олийгоҳларга ўқишга кириш имкониятига эга бўлади.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда ёшларга, уларнинг сифатли таълим олишига, касб-ҳунар эгаллашига кўрсатилаётган эътибор имконият ва салоҳиятларини тўлиқ рўёбга чиқаришга хизмат қилади. Ўз навбатида, йигит-қизларимизнинг кенг билим, тафаккур ва тажрибага эга бўлиши Ўзбекистоннинг иқтисодий ҳамда илмий салоҳиятини юксалтиради, жамиятимиз тараққиётини янги босқичга олиб чиқади.

Ишонч билан айта оламанки, юртбошимиз ташаббуси билан ёшларимизни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган барча ислоҳотлар келажакда ўз самарасини беради. Бизлар эса белгиланган мақсад ва вазифалар ижросини сифатли ҳамда самарали таъминлашда янада фаол, ташаббускор бўлишимиз лозим.

Дилшодбек Рустамов,

Андижон давлат чет тиллари

институти ректори, профессор.