Атрофга назар

Хазон ёқманг - жаримага тортиласиз!


01.11.2023   84

Куз хазонрезги фасл. Дов-дарахтларнинг енгил шабодага ҳам тўкилаётган япроқлари заминни гоҳи қизғиш, гоҳи олтин рангга буркаяпти. Бу кўнгил одамларига илҳом бағишлаши турган гап. Бироқ реал олиб қараганда, аҳоли дуч келаётган муаммоларнинг долзарби ҳам шу. Яъни тўкилган барглар ва кесилган шох-шаббаларнинг ёқиб юборилиши ачинарли ҳолат.

Хўш, бундай ҳолга жим қараб туриш керакми? Биринчидан саломатлик учун зарарли, иккинчидан нохуш тасвир, бошқа томондан ерга салбий муносабат... Бундай оғриқли тарафларни исталганча топиш мумкин.

Яхшиси, дўппини бошдан олиб, атрофимиздагиларга обдон тушунтиришга уринсак.

Кўп қаватли уйларда истиқомат қилганман. Ўшанда ёшлик қилибми, тушунмаганим боисми ёки олисроқдаги ахлат учун ажратилган жойга ташлаб келиш малол келгани учунми дарахтлардан тўкилган баргларни кечқурун ёқиб юборишга одатланганим эсимда. Бу ҳол уч-тўрт қайтарилгач, бир шифокор қўшнимиз, ундан чиқаётган тутуннинг зарари ҳақида роса тушунтирганди. Ўшандан кейин эринмай йиғиштирилган шаббаю япроқларни махсус жойга олиб бориб ташлайдиган бўлгандим.

Энди эса бу хусусда жуда яхши биламан. Маъмурий жавобгарликнию соғлик учун зиёндан ташқари ер унумдорлигига салбий таъсирини ҳам тушунаман.

Шу оз-моз билганларимни сизлар билан ўртоқлашишни истадим.

Барглару шох-шаббаларнинг ёқиб юборилиши маъмурий ҳуқуқбузарлик бўлиб, “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексга мувофиқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробаригача, яъни 3,3 миллион сўмгача жарима солинишига сабаб бўлади.

Бундан ташқари, бу ёқиш ҳаракати ўша ёқилган ердаги тупроқ унумдорлигининг камайишига олиб келади ваоқибатда етказилган зарар суммаси мажбурий тартибда ундирилади.

Қуриган барглар ёқилганда ҳосил бўладиган тутундан нафас олган аҳоли саломатлиги хавф остида қолишику айтилмаса ҳам тайин. Илк ўринда ўпка тизими зарарланади, кейинзаҳар қон орқалибутун танага тарқайди ва буйрак, жигар, бош мия ҳамда нерв системасига таъсирини ўтказмай қолмайди.

Шу ўринда бир аниқликни ҳавола этишни лозим топдим. Мутахассислар таъкидлашича, 1 тонна қуриган барг ёнганда, ҳавога 9 килограмгача тутун микрочастицалари ажралади. Бу микрочастицалар таркибида чанг, азот оксиди, ис гази, оғир металлар ва инсон учун энг хавфли моддалар бўлган диоксин ва диоксан бўлиб, улар организмга тушгач, иммун тизимини ишдан чиқаришни бошлайди, гормон ва витаминлар фаолиятини шикастлайди.

Аграр томондан олиб қаралганда, хазонларни ёқиш оқибатида тупроқ қатламининг фойдали микроорганизмлари – чувалчанг, майда ҳашаротлар нобуд бўлади. Майсалар устида ёқилганда,олов алангаси тез кучайиши оқибатида кучли ёнғин келиб чиқиши эҳтимоли кўп.

Мана, қуриган ва тўкилган баргларни, шох-шаббаларни ёқиш эвазига қандай зарарларни чақирилади ёки қарши олинади.

Маъмурий жавобгарликка тортилмаслик, саломатликни муҳофаза қилиш, тупроқ унумдорлигини асраш учун, яхшиси, хазонларни ёқмай қўяверайлик!..

Зилола РАҲМОНОВА