ХИТОЙДА ИШЛАБ ЧИҚИЛГАН ЯНГИ РЕКОМБИНАНТ ВАКЦИНА КОРОНАВИРУСГА ҚАРШИ КУРАШДА ЮҚОРИ БАҲОЛАНМОҚДА
03.07.2021 474
Хитой Фанлар академияси микробиология институти томонидан ҳамкор компания билан бирга ишлаб чиқилган коронавирусга қарши янги рекомбинант вакцина (СНО тўқималари) жорий йил 10 март куни маъқулланиб, мамлакатда фавқулодда фойдаланиш учун тавсия этилган эди.
Бу Хитойда COVID-19га қарши шошилинч ёрдам кўрсатиш учун яратилган тўртинчи вакцинадир. Шу тариқа дунёдаги илк суббирламчи оқсилли рекомбинант вакцинадан клиник шароитда фойдаланишга рухсат берилди.
Ўзбекистон ҳукумати ҳам мамлакатда ушбу вакцинадан фавқулодда фойдаланиш мумкинлигини тасдиқлади. 1 мартда вакцинани қўллашга рухсат этилди. Ўзбекистонда айни пайт мазкур препарат дунёдаги энг хавфсиз ва самарали вакцина, дея баҳоланмоқда.
Хитойда янги коронавирус тарқала бошлагач, Хитой Фанлар академияси микробиология институти зудлик билан шерик компания билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Коронавирусга қарши янги суббирламчи оқсилли рекомбинант вакцина яратиш бўйича олиб борилган жадал фундаментал илмий тадқиқотлар натижасида тез орада кўзланган мақсадга эришилди. Ушбу илмий-тадқиқот муассасаси яратилган вакцинага нисбатан мустақил интеллектуал мулк ҳуқуқига эга ҳисобланади. Вакцина мамлакатда янги коронавирус пандемияси профилактикаси ва назорати бўйича ҳамкорликдаги механизмга жавобан Давлат кенгаши томонидан жорий этилган бешта техник йўналишдан биридир.
2020 йил октябрида вакцина клиник синовларининг I ва II босқичлари ниҳоясига етказилди. Натижалар шуни кўрсатдики, ушбу вакцина билан тўлиқ эмлаш курсидан кейин суббирламчи вакциналарга хос бўлган ҳеч қандай жиддий ножўя таъсирлар кузатилмайди.
Ноябрь ойида Хитой, Ўзбекистон, Покистон, Эквадор ва Индонезияда клиник синовларнинг III босқичи бошланди. Вакцина Ўзбекистон томонидан юқори баҳолангани, қолаверса, дастлабки синов ўтказилгани инобатга олинадиган бўлса, синов жараёнлари бир текисда давом этаётганини эътироф этиш мумкин. Дарвоқе, юқорида санаб ўтилган давлатларда илк даврда 29 минг киши эмланиши режалаштирилган.
Вакцинани ишлаб чиқариш учун ўта юқори даражадаги биохавфсизлик талабларига жавоб берадиган лаборатория бинолари зарур бўлмаслиги, ишлаб чиқариш жараёни барқарор ва ишончли эканлигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
Мамлакатда ва хорижда қисқа вақтда кенг кўламли ишлаб чиқариш жараёнини йўлга қўйиш мумкин. Бу вакцина таннархини, ишлаб чиқариш ва сақлаш, етказиб бериш харажатларини сезиларли даражада камайтириш имконини беради.