Атрофга назар

Хориждa тaҳсил олишнинг қaндaй aфзaллик вa кaмчиликлaри бор?


11.06.2024   228

Ҳозирда кўплаб ёшлар чет элда ўқишга, дунё кўришга ва халқаро майдонда каръера қилишга қизиқади. Бу борада чет эл университетлари, айниқса, Европа ва Aмерика олийгоҳларининг ўқитиш системаси, уларнинг ўз талабаларига тақдим этадиган катта имтиёз, шароитлари кўпчиликни лол қолдиради ҳамда айнан шу жиҳатлар дунё бўйлаб талабаларнинг мазкур университетларга ҳужжат топширишига сабаб бўлади.

Aлбатта, танганинг икки томони бўлгани каби чет елда ўқишнинг ҳам ўзига яраша афзалликлари билан бир қаторда машаққатли томонлари бор. Келинг, яхшиси, шу ҳақида ўртоқлашсак.

Aввало, мавзу доирасида афзалликлар талайгина:

- хориж университетларида шахсий потенсиалдан максимал даражада фойдаланишга алоҳида эътибор берилади, яъни талабалар маълум бир қолипга солинмайди ва бу сизга ҳақиқиқий ўзингизни кашф қилиш имконини беради;

- сиз янги мамлакат, янгича маданият ва дунёқараши сизникидан анча фарқ қиладиган турли инсонлар билан танишасиз, бу эса сизнинг дунёқарашингиз кенгайишига ёрдам беради ва сиз оламга бошқа тарафдан назар солишни бошлайсиз;

- сиз катта миқдорда стипендия олишингиз, тўлиқ буджет ҳисобидан ўқишингиз ва таълимнинг барча молиявий томонлари қопланиши мумкин, ҳатто агар сиз контракт асосида ўқишга кирсангиз ҳам семестрлар давомида буджет ҳисобига ўтишингиз ва энг юқори даражали стипендияларга сазовор бўлишингиз мумкин. Бу дегани, сизнинг салоҳиятингизга қараб ё олийгоҳ сизнинг барча таълим харажатларингизни қоплаб беради ёки сиз контракт асосида ўқишингиз мумкин;

- чет эл университетлари жуда меҳмондўст, улар ҳар бир талабасини ултракомфорт ётоқхона билан таъминлайди, чунки бундай нуфузли университетлар талабалари асосан чет эл фуқаролари бўлади. Aйрим университетлар кампусида талабалар учун бепул дўконлар ва овқатланиш жойлари ташкил этилган;

- таҳсил олиш давомида сиз курс ишлари, диплом ишлари ва шу каби илмий ишларда ҳақиқий илмий иш қиласиз, кўчирмачилик эмас! Ва албатта, бу ишлар учун университет сизга маблағ ва вақт ажратади, асосийси, сиз бу пайтда илмий ишингизга алоқадор барча дунё олимлари ва тадқиқотчилари билан мулоқотга киришиш имкониятига эга бўласиз;

- кўплаб чет эл университетлари ўз талабаларига ўқиш давомида ва ундан кейин ҳам иш топишга ёрдам беради. Университетни тамомлаганингиздан сўнг сизга, албатта, махсус ҳамда муқобил вариантлар берилади, чунки ҳар бир университетнинг маълум соҳадаги йирик компаниялар, иш берувчилар билан тузилган шартномалари бўлади, бу эса сизга каръерангизни нуфузли компания ва сервисларда бошлаш имконини яратади;

- энг асосийси, сиз ўз соҳангизнинг ҳақиқий мутахасиси бўлиб етишасиз, чунки бу даражага етмагунингизча университет сизга диплом бермайди;

- умуман олганда, сиз мустақил бўлишни ўрганасиз, ҳеч кимдан ёрдам кутмайсиз ва ҳақиқий ҳаётни барча гўзаллик ва қийинчиликлари билан кўра оласиз!

Юқорида таъкидлаганимиздек, хорижда ўқишнинг машаққатли томонлари ҳам бор.

Хусусан,

- дастлабки вақтларда ўзингизни ёлғиз ҳис қилишингиз ва ватанингиз, уйингиз, оила аъзоларингизни соғинишингиз табиий ҳолат, аммо бу депрессияга олиб келиши ҳам мумкин. Шунинг учун иложи борича атрофдагилар билан тезроқ танишиб олишга ва оилангиз билан тез-тез алоқада бўлишга ҳаракат қилишингиз керак;

- чет элда ўқиш шу мамлакатнинг тилини ўз-ўзидан ўрганиб олиш дегани эмас, бу борада баъзи қийинчиликларга дуч келишингиз мумкин, чунки назарий жиҳатдан ўрганилган билимлар амалиётда, яъни маҳаллий аҳоли билан мулоқот қилишда панд бериши мумкин. Бундай англашилмовчиликлар диалектология билан боғлиқ бўлади;

- эътиборли бўлиш керак бўлган енг асосий жиҳатлардан яна бири сиз ҳужжат топшириб қабул қилинган университет дипломи қайси давлатларда амал қилиши мумкинлигини аниқлашдир, чунки бу омил сизнинг келажакдаги каръерангиз учун жуда муҳимдир. Топ 1000 университетлар дипломи шундоқ ҳам барча давлатларда тан олинади, бироқ бошқа ҳолларда сиз университетнинг қайси давлатлар билан таълим соҳасида шартнома тузганини билишингиз керак ва энг ёмони бу шартномалар бекор қилинса, сизнинг ҳам дипломингиз ўз қийматини йўқотади;

- молиявий жиҳатларга келадиган бўлсак, агар сиз стипендиат бўлмасангиз, албатта, ишлашингизга тўғри келади, чунки ривожланган давлатларнинг иқтисодиёти ҳам юқори бўлади ва бу фарқни бизнинг мамалакатимиз билан таққослаб бўлмайди;

-“Cultureshock” – “янги маданият билан тўқнашиш” ҳам кўпчиликни есанкиратиб қўйиши мумкин, уларнинг одатлари, кийиниш услуби ва бошқа хусусиятлари сизга ёқмаслиги мумкин. Бу табиий ҳол деб қаралади ва сизга ҳар бир янгиликни борича қабул қилиш маслаҳат берилади.

Кўриб турганингиздек, бир неча камчиликлари бўлишига қарамай, хорижда ўқишнинг келажакдаги каръерангиз учун берадиган имкониятлари бу қийинчиликларни енгиб ўтишингизга арзийди.

Хорижда ўқиш осон эмас, аммо сиз ўзингизни кучли ва мослашувчан деб ҳисобласангиз, чет элда ўқиш айнан СИЗ учун!!!

Ойша ЙЎЛБАРСОВА,

УЗДЖТУ Халқаро журналистика талабаси