Икки мавсумда бир тонна асал
27.08.2026 16
Андижон туманидаги Саддатаги маҳалласидагилар Мирзолим ота Исмоиловни моҳир асаларичи сифатида яхши билишади. Салкам30 йилдан буён мазкур фаолият билан шуғулланиб, ўз тажрибаси орқали бу соҳанинг нозик сир-асрорларини пухта эгаллаган миришкорни танимаслик мумкин эмас-да.
Мирзолим ота учун асаларичилик йиллар давомида шаклланган оилавий касб ва даромад манбаига айланганига ўзимиз кўриб гувоҳ бўлдик. У киши ўз меҳнати орқали хонадондаги мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланяпти, кўпларга ибрат.Жорий йилда тадбиркор фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида 50 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди. Мазкур маблағдан самарали фойдаланиш натижаси эса бугун 100 та асалари оиласида намоён.
— Асалари ҳам худди болангиздек бўлиб қолади, асосийси — меҳр ва эътибор, - дейди Мирзолим ота. – Фақат талаб қилинадигани, ҳар бир оила парваришини ўз вақтида амалга ошириш керак. Икки ўғлим доим менга бу борада кўмакчи.
Жорий йилнинг ўзидаёқ меҳнат самараси кўзга ташланди. Эрта баҳордан буён икки марта ҳосил олиниб, ҳар сафар 500 килограммдан, жами 1 тонна асал жамғарилди. Бу эса оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишда асаларичиликнинг имкониятлари кенг эканини кўрсатади.
Мавсумий парваришнинг ўзига хос жиҳатлари бисёр. Эрта куздан баҳоргача бўлган даврда уларни совуқ мавсумга тайёрлаш, озиқлантириш ва асалари оилаларини асрашга алоҳида эътибор қаратилади.Жараёнда ҳар бир асалари оиласига ўртача 5 килограммдан шакар берилади.
Кенг ҳовлидаги тўрт сотих томорқанинг икки сотих қисмида айни кунда асал йиғиб олинган, қутиларни назорат қилиш ва қишловга тайёрлаш ишлари амалга ошириляпти.
***
Мана шундай обод маҳаллалардан обод туман, обод тумандан фаровон вилоят, фаровон вилоятдан эса янада қудратли Янги Ўзбекистон бунёд бўлади.
Гулжаҳон Жабборова,
Зилола Раҳмонова.
Суратлар муаллифи Зуҳриддин Умурзақов.
