Марҳамат туманида маҳалла газчилари томонидан газ билан боғлиқ муаммолар ҳал этилмоқда
05.10.2026 31
Айтиш керакки, бугунги кунда газ таъминоти соҳасида “маҳаллабай” ишлаш тизими йўлга қўйилгани мақсадга мувофиқ бўлди. Бу аҳолини, хусусан, ҳар бир маҳалладаги истеъмолчиларнинг газ билан боғлиқ муаммоларини тезкор ва жойида ҳал этиш имконини бермоқда.
Муҳаммадисо Саидумаровга маҳалла газчиси сифатида Марҳамат туманидаги “Наврўз” ва “Алитепа” маҳалла фуқаролари бириктирилган. У мана шу иккала МФЙ ўрамидаги 2 100 нафар истеъмолчига табиий газ ҳисобини юритишда кўмакчи бўлиб ишламоқда.Ҳозирда “Наврўз” МФЙ ҳудудидаги электрон газ ҳисоблагичлардан 101 донаси муаммоли бўлиб, ҳар куни 20 тадан топшириқ асосида бартараф этиб келмоқда. Шунингдек, ҳар бир истеъмолчи хонадонига борганда табиий газдан хавфсииз фойдаланиш ва ис газидан эҳтиёт бўлиш чораларини кўриш бўйича тарғиботлар олиб бормоқда.
Маҳалла газчисининг ҳар кунлик фаолияти бугунги кунда онлайн тизим орқали келган топшириқларни бажариш билан ўтмоқда. Бунда муаммоли хонадонларнинг аниқ манзилли рўйхати асосида хонадонларга бориб, уларнинг электрон газ ҳисоблаш ускунасида юзага келган муаммоларни бартараф этади. Аҳоли хонадонларида ўрнатилган электрон газ ҳисоблаш ускунаси созлигини текшириш тадбирлари ҳам маҳалла газчисининг кун давомидаги вазифаларидан бирига киради.
“...Дебитор қарздорликни камайтириш бўйича ҳар бир маҳалла кесимидаги қарздорларга нисбатан кескин чораалар кўрилмоқда, - дейди “Марҳаматтумангаз” газ таъминоти бўлими мутахассиси Салимжон Абдуакимов. – Жорий йилнинг ўтган 9 ой даврида 789 нафар фуқаро устидан 1 млрд 433 млн. сўмдан ошиқ қарздорлик учун фуқаролик судларига даъво аризалари киритилди. Шунингдек, 204 яқин истеъмолчидан 437 млн. сўмлик қарздорлик ундирилди. 68 нафар фуқаронинг табиий газ тармоғи пайвандлаш йўли билан тармоқдан ажратилди...”
Маҳалла газчи бўлган М.Саидумаров муаммоларни бартараф этиш асносида истеъмолчилар билан суҳбатлашиб, табиий газдан тўғри фойдаланиш, хавфсизлик қоидаларига риоя этиш, замонавий энергия тежамкор газ ёндиргичларидан фойдаланиш ва бошқа зарур қоидалар бўйича огоҳлантириш бериб келмоқда.Шунингдек, табиий газ билан боғлиқ ёнғинлар олдини олиш, ис газидан огоҳ бўлишга оид кенг тартибдаги тарғиботларни ҳам олиб бормоқда.
“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати
