Андижонда

ИЛМ ВА ТАЖРИБА ҚАДРЛАНДИ


06.09.2024   779

Шифокорлик – масъулиятли, машаққатли касб, ўзгалар дарди билан, уларнинг тақдири ҳақида қайғуриб яшаш, албатта, осон эмас. Айниқса, шошилинч вазиятда беморга тўғри ташхис қўйиш ва биринчи тиббий ёрдам кўрсата олишда шифокорнинг масъулияти яққол кўринади. Бу эса касб соҳибидан чуқур билим, тажриба ва маҳорат талаб этади. Беморларнинг тезроқ тузалиб, оиласи бағрига соғ-омон қайтиши эса нафақат тиббий муолажалар, балки ширин сўз ва меҳрга ҳам боғлиқ. Бутун фаолияти давомида қасамёдига содиқ қолиб, шифокор номига доғ туширмаган, минглаб беморлар дуосини олган бундай фидойи инсонлар ҳамиша эъзозу эҳтиромга лойиқ.

Бугун 43 йиллик тажрибага эга бўлган, РШТЁИМ вилоят филиали ташкил топганидан айни кунга қадар шу тиббиёт даргоҳида касаба уюшма раиси лавозимида меҳнат қилиб келган Лола Шералиева бугун ардоқлар чўққисида.

Филиалда ташкил этилган қадрлаш тадбирида сўз олган РШТЁИМ вилоят филиали директори Дилшодбек Ҳакимов билими ва тажрибаси, сабр-матонати билан ҳурмат қозонган, қолаверса, жасорат ва фидойилик соҳибаси Л.Шералиеванинг меҳнатларини муносиб эътироф этди. Кексалик нафақасига эъзозу эҳтиром ила кузатиш маросими тақдирлову шогирдлар, ҳамкасбларнинг самимий дил изҳорларига уланиб кетди.

Лола Шералиева 1994 йилда Москва юридик академиясини тамомлаган, ўқиш даврида ҳам тиришқоқ, изланишга чанқоқ талабалардан бўлган. Соҳанинг сири синоатини ҳам ўқишда, ҳам амалиёт жараёнларида мукаммал ўрганди. 1981 йилда Андижон вилоят клиник шифохонасида иш бошлаган. 1994 йилдан юрист лавозимида, 2000 йилда РШТЁИМ Андижон филиали ташкил топгач эса мана шу муассасада касаба уюшма раиси сифатида фаолият юритиб келган.

Мустақиллик йилларида соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ходимлар ўртасида кенг тарғиб қилиш, улариннг тиббий маданиятларини юксалтириш, жисмоний ва баркамол авлодни тарбиялашда ҳамкасбларига ўрнак бўла олди. Кам таъминланган, эҳтиёжманд ходимларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш, филиал шифокору ишчилари учун сиҳатгоҳларга йўлланмалар бериш, имтиёзли бепул йўлланмалар ажратилишига эришишда фидойилик кўрсатиб ишлади.

-Мен учун филиал ишхона эмас, оиламдек бўлиб қолган, - дейди қаҳрамонимиз. – Қайси ходимга кўмак керак, қай ҳамкасбим муаммолар гирдобида, ким ютуқларга эришяпти – барчасига имкон қадар елкадош бўлишга ҳаракат қилдим. Қувончларига шерикликдан, ташвишларида мадад бўлишдан чинакам куюнчакликни ҳис қилдим. Мана шундай жамоада ишлаганимдан фахрланаман.

Бўлиб ўтган тадбир шогирдларнинг устозга бўлган меҳр-муҳаббатини яна бир карра амалда намоён этди.

Зилола РАҲМОНОВА