Ислоҳотлар сари: Тадбиркорга ҳамиша елка тутамиз
23.12.2024 26
Мамлакатимизда бугунги ўзгаришлар, айниқса иқтисодиётимизнинг ривожланиш кўрсаткичлари ҳар биримизга алоҳида қувонч бағишлайди. Жорий йилда ҳам юксак ўсиш суръатлари кузатилди. Маълумки, истиқлол йилларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳамда ҳунармандчилик соҳалари нафақат иқтисодиётимизнинг етакчи бўғини, балки давлатимиз ва жамиятимиз ривожида ҳал қилувчи аҳамиятига эга бўлган асосий кучга айланди.
Шунингдек, ҳукуматга ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, бизнеснинг ривожланишига тўсқинлик қилаётган ёки уни чеклаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, уларни бекор қилиш тўғрисидаги кўриб чиқилиши мажбурий бўлган масалаларни киритиш, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш бўйича таклифларни тўғридан тўғри Бош вазирга киритиб бориш, бизнес муҳитини яхшилаш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида, тадбиркорлик масалалари борасида жамоатчилик эшитувларини ташкил қилиб бориш ва соҳа вакиллари муаммоларини қилишда кўмаклашиш бўйича қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан ўтиб бораётган йил давомида мазкур йўналишларда салмоқли ишлар амалга оширилди. Жумладан, балиқчиликни ривожлантириш орқали ижтимоий реестрдаги фуқароларни иш билан таъминлаш тажрибаси вилоят миқёсида жорий этилмоқда. Жумладан, Норин-Қорадарё ирригация тизимлари хавза бошқармаси ҳузуридаги барча сув кўтариш насос станциялари хатловдан ўтказилди ва шундан 9 та ҳудуддаги 5,1 гектар ер майдонларида лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилди. Ушбу ҳудудларда 1 йил давомида жами 826 тонна ёки 39,9 млрд.сўмлик балиқ маҳсулотлари етиштирилади. Айни вақтгача намуна сифатида Андижон туманидаги “Бақалиқ” сув насос станциясида биринчи навбатда 15 сотих ер майдонига ҳовузлар қуриб битказилди, қўшимча 3 гектар ер майдонларида ишлар давом эттирилмоқда. Қайд этиш керак, мазкур 9 та участкаларда балиқ етиштиришни ташкил этиш ҳисобига ижтимоий ҳимоя реестрдаги аҳоли учун 104 нафар доимий иш ўринлари ташкил этилади.
Бундан ташқари, паррандачиликни ривожлантириш учун умумий қиймати 99,4 млрд.сўмлик 12 та лойиҳаларни ишга тушириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Мавжуд корхоналардаги 2,7 млн. дона паррандаларни парвариш қилишга мўлжалланган бино-иншоотларда 1,5 млн. бош парранда парвариш қилинмоқда. Лойиҳалар тўлиқ ишга тушса, 657 нафар фуқаро бандлиги таъминланади.
Тадбиркорга елка тутилса, унинг ташаббуслари янада кенгроқ қулоч ёзади. Муаммоси тингланиб, кўмакка қўл чўзилса, янги ислоҳотларга пиллапоя яратилади. Биз ҳам жойларда имкон қадар мана шундай муаммосига ечим излаётган ишбилармонларимиз билан юзма-юз учрашишга ҳаракат қиляпмиз. Ана шундай мулоқотларимиз эса ўз ижобий натижаларини бераётир. Чунончи, истиқболли лойиҳаси тайёр 12 нафар ташаббускорлар масаласи бартараф этилишида ёрдамлашдик. Хусусан, муддати ўтган кредит қарздорлиги мавжуд 3 нафар тадбиркор – “Етти дурдона хазинаси”, “Пахтаобод парранда” масъулияти чекланган жамиятлари ва “Муҳаммадазиз ҳур диёр” фермер хўжаликларига тавсия ва амалий кўмаклар берилди.
Бир сўз билан айтганда, 2024 йил тадбиркорлар учун чинакам имкониятлар йили бўлди, десам муболаға бўлмайди. Ҳурматли Президентимиз бошчилигида тадбиркорларга кенг имкониятлар яратиб бериш борасидаги ишлар келаси йилда ҳам жадал суратларда давом этади.
Акмалжон МАМАЖОНОВ,
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси
вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи