Андижонда

Ислоҳотлардан тараққиёт сари: Электробуслар фаолияти йўлга қўйилади


25.11.2024   335

Ҳозирги даврда фан ва техника ривожланишини ўзида мужассамлаштирган миллий ва минтақавий иқтисодиётнинг энг муҳим таркибий қисмлари бўлган саноат ва транспорт ҳар қандай ҳудуднинг асосий этикети ҳисобланади. Бугунги кунда йўловчи ташиш хизмати энг кўп фойдаланиладиган соҳалардандир. Чунки аҳолининг кундалик турмуш тарзи бевосита йўловчи ташиш хизматига боғлиқ. Транспорт алоқаларни йўлга қўйиш ва уни бошқариш хусусий транспортлар сонининг ортиши билан мураккаблашди.

Аҳоли зич жойлашган вилоятимизнинг меҳнатда бандлиги ҳам бевосита транспортнинг узлуксиз ишлашига боғлиқ. Автомобиллар сонининг йилдан-йилга кўпайиши, ёнилғининг камайиши турли ижтимоий-иқтисодий, экологик муаммоларни келтириб чиқармоқда. Шунинг учун кўрсатилаётган транспорт хизматлари сифатини ошириш, йўловчиларга қўшимча қулайликлар яратиш, шаҳар жамоат транспорти тизимини такомиллаштириш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 16 февралдаги “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Андижон шаҳрининг Транспортва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш Бош режаси ишлаб чиқилмоқда. Лойиҳа орқали Андижон шаҳрининг транспорт инфратузилмалари билан боғлиқ бўлган муаммоларга ечим топилади.

Жумладан, йўл ҳаракати қатнашчиларини тартибга солиш, жамоат транспорти йўналишларини ташкил этиш, автовокзал ва автостанция фаолиятини тартибга солиш, жамоат транспорти устуворлигини таъминлаш, транспортлар орқали экологияга етказилаётган зарарларни камайтиришни илмий асослаб беради.

Бош режага мувофиқ, шаҳар ичи автобус йўналишлари тўлиқ Брутто-шартнома тизимига ўтказилиши белгиланган. Брутто-шартномасига ўтадиган янги автобус йўналишлари тармоғи ташкил этилиб, шаҳар ичидаги ва шаҳарга кириб келувчи М1 тоифадаги йўналишларни режа-график асосида босқичма-босқич М2, М3 тоифаларга ўтказилади. Айни йўналишларни автобуслар билан тўлиқ қамраб олиш учун 500 та замонавий автобуслар талаб этилмоқда.

Шу ўринда савол туғилиши табиий. Брутто-шартнома ўзи нима, у қандай имкониятни беради?

Брутто-шартнома – йўналишларда чекланган тарифларда йўловчи ташиш хизматлари учун “босиб ўтилган йўл”ва “сифат” мезонларидан келиб чиққан ҳолда ҳисоб-китоб қилишни назарда тутувчи ваколатли орган ҳамда ташувчи ўртасида тузилган шартнома.

Босиб ўтилган йўл бу, ташувчининг йўналиш бўйлаб ташиш жараёнида амалда босиб ўтган масофаси ўлчови кўрсаткичи бўлса, сифат мезони эса ташувчи томонидан қатновларни иш жадвалига мос равишда бошлаш-тугатиш ҳамда оралиқ бекатларга келиш-кетиш вақтларига риоя қилиш, белгиланган ҳаракат интервали ва мунтазамлигини таъминлаш, шунингдек, ҳайдовчи ва автобус учун қўйилган минимал талаблар бажарилишининг кўрсаткичидир.

Чекланган тариф тушунчасига тўхталсак, шаҳар йўловчи транспортида йўловчилар ва юк ташиш учун маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари томонидан белгиланадиган йўл ҳақининг чекланган миқдоридир.

Вилоятда Брутто-шартномаси талабига жавоб берадиган “Алпомиш меъроси” МЧЖга қарашли 80 та замонавий русумдаги Зхонг Тонг русумли автобуслар мавжуд бўлиб, жорий йилнинг 1 июль кунидан 4 та йўналишда ШИ-1 “Гулшан МФЙ-Марказий шаҳар шифохонаси”, ШИ-75 “Пистамозор-36-пост” (АДУ эски шаҳар орқали), ШИ-394 “Мундуз-Қишлоқ хўжалик олийгоҳи”, ШИ-222 “Пистамозор-Марказий шаҳар шифохонаси” автобус йўналишида Брутто-шартнома асосида ҳаракатланаётганини таъкидлаш керак.

Эндиликда вилоятимизда брутто-шартнома тизимини тўлиқ қамраб олиш учун яна қўшимча 420 та замонавий русумдаги автобус ва электробуслар олиб келинишига эҳтиёж борлиги ва ушбу эхтиёжни қондирилишини таъминлаш мақсадида, вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов раислигида жорий йил 6 ноябрь куни “Жамоат транспортини ривожлантириш, вилоят маркази учун янги электробуслар харид қилиш ҳамда соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш” юзасидан ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда Андижонда электоробуслар сонини ошириш бўйича атрофлича фикр-мулоҳаза, таклифлар ўртага ташланиб ўрганилди.

Президентимизнинг жорий йил 4 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги келишувларнинг ижросини сўзсиз таъминлаш ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан вилоятимизда “Lanzhou Guangtong New Energy Automobile Co., Ltd” (Хитой) компанияси томонидан, Электробус ишлаб чиқариш корхонасига “Ипак йўли” номи берилиб, “Silk road cambell avtomobile” МЧЖ шаклидаги хорижий корхона ташкил этилган бўлиб вилоятимизда Электробуслар ишлаб чиқариш заводи ишга тушириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 16 февралдаги “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан вилоят марказлари учун автобуслар харид қилиш учун қулай кредит линиялари очилган. Ушбу икониятлардан фойдаланиб ўз автобус саройи таркибини янгиламоқчи бўлган “Буюк транс инвест” маъсулияти чекланган жамияти “Lanzhou Guangtong New Energy Automobile Co., Ltd” Хитой компаниясида ишлаб чақриладиган “Lanzhou Guantong” русумли 50 дона Электробус харид қилиш истагини билдирмоқда.

Ундан ташқари, “Ўзмиллийбанк” АЖ талаблари асосида Андижон шахри учун Электробуслар харид қилиб, “босиб ўтилган йўл” ва “сифат меъзонлари” бўйича брутто-шартнома тизимида аҳолига жамоат транспорти хизмати кўрсатиш истагидаги салоҳиятли, ташаббускор тадбиркорларни ҳамкорликка чорлаймиз.

Вилоят транспорт бошқармаси эса ўз навбатида “Silk road cambell avtomobile” МЧЖдан сотиб олинадиган электробусларни янги ташкил этилган брутто-шартнома йўналишларига жойлаштирилишини таъминлаб беради.

Шамсиддин УСМОНОВ,

вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи.