Андижонда

Избоскан тумани: БИР ҚАРАШДА ҲАММАСИ ЖОЙИДА, АММО...


20.11.2021   621

Кейинги йилларда аҳоли бандлиги янада долзарб вазифалардан бирига айланди. Фуқароларнинг самарали меҳнат қилиши, моддий манфаатдорлигини ошириш учун қулай шарт-шароит яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Избоскан туманида бу борада амалга оширилаётган ишлар талаб даражасидами? Айни шу саволга жавоб топиш мақсадида мазкур туманда бўлдик.

2021 йил 1 январь ҳолатига туман аҳолиси 221 минг 214нафарни ташкил қилган бўлса, шундан 131 минг 237 нафари меҳнатга лаёқатли. Маълумотлар ана шу иш билан банд этилиши лозим бўлганларнинг 8 минг 319 нафари ишсизлигиникўрсатмоқда. Шундан 322 нафарига расман ишсизлик мақоми берилган.

Бир қарашда юқоридаги рақамлар салмоқли кўринади. Жорий йилда биргина хусусий секторда 865 та янги лойиҳа ҳисобига 2 минг 68 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Йилнинг ўтган даврида тадбиркорларнинг ташаббуслари асосида 988 та лойиҳа ҳисобига 2 минг 532 та иш ўрни яратилди.

Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги байрами арафасида Бештерак МФЙ ҳудудида ишга туширилган "RIZQ INVEST MAX" масъулияти чекланган жамияти фойдаланилмай турган мактаб биноси ўрнида қад ростлади. Тадбиркор Феруза Каримованинг бу жойда тикувчилик цехи ташкил этишга қаратилган лойиҳаси туман ҳокимлиги томонидан қўллаб-қувватланди. Корхонанинг биринчи навбати ишга тушиши билан 100 нафар хотин-қиз ишли бўлди. Улар орасида тикувчилик ҳунарига эга бўлишига қарамай ишсиз юрган, ҳатто хорижий давлатларга ишлаш учун йўл олиш истагида турганлар ҳам бор эди.

Очиғи, маҳалламизда бундай корхонанинг очилиши оила аъзоларимизни ҳам қувонтирди, дейди тикувчи Барнохон Камолова. Биринчилардан бўлиб ишга қабул қилиндим. Эрталаб фарзандларимни мактабга кузатиб, ишга келаман. Асосийси, оилам билан биргаман. Бюджетимиз ҳам яхшиланмоқда. Мен кабиишли бўлган маҳалладошларимиз ҳам хурсанд.

Чеварлар биринчи ойдаёқ 50 минг дона эркакларкийимлари тикдилар. Сифат ва нарх борасида бозор талабига жавоб беради. Шу сабаб уларнинг маҳсулотларига эҳтиёж ортмоқда, экспорт ҳам йўлга қўйилди. Яқинда ишчи кийимлар учун буюртма олинди.

Лойиҳанинг иккинчи навбати асосида қурилиш ишлари давом этяпти. Йил охирига бориб яна 50 нафар чевар жамоага келиб қўшилади.

Ойбек МФЙ ҳудудида тадбиркор Орифжон Нўъмонов бошчилигидаги қурувчилар 16 миллиард сўмлик лойиҳа асосида 48 та замонавий уй-жой барпо этмоқда. Аҳамиятлиси, 180 нафарбунёдкорнинг барчаси маҳаллий ёшлар. Қурилиш ишларидан ташқари мебеллар тайёрлашни ҳам ўзлари амалга оширмоқда. Келаси ойда Тиллабоев массивидаги бу уйлар эгаларига топширилади.

Шунингдек, "Сирожиддин келажак умиди" МЧЖ 20 та, "Обод қишлоқ гулшани" МЧЖ 50 та, "Пойтуқ насл паррандаси" МЧЖ 156 та иш ўрни яратилгани, юзлаб фуқаролар якка тартибдаги тадбиркор сифатида иш бошлагани қувонарли.

Туманда ютуқлар билан бирга камчиликлар ҳам йўқ эмас. Айни кунларда 17 минг нафардан ортиқ фуқаро хорижий давлатларда ишлаяпти. Агар уларга етарли эътибор қаратилиб, ўз вақтида бандлиги таъминланганида ҳеч йўғи ярми оиласи бағрида юрт равнақига ҳисса қўшаётган бўларди. Бу давлатимиз томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли бандлигини таъминлашга катта эътибор қаратилишига қарамай Избосканда етарли иш олиб борилмаётганини кўрсатади. Йил бошидан буён 14 маротаба ўтказилган "Меҳнат ярмаркаси"да атиги 647 нафар ишсиз фуқаро қатнашгани, шундан атиги 206 нафарининг бандлиги таъминланганини қониқарли, деб айтиш қийин.

Энг кўп ишсизлик қайд этилаётган ҳудудлар сифатида Тўрткўл ва Юқори Чувама МФЙлари кўрсатиляпти. Тўрткўлда 419 нафар ва Юқори Чувамада 497 нафар фуқаронинг хорижий давлатларга ишлаш учун чиқиб кетгани ҳам ачинарли. Бу ана шу ҳудуддаги масъуллар ва МФЙ фаоллари зиммасига юклатиган вазифани талаб даражасида бажарганларида бу ҳолат келиб чиқмасди, албатта.

Роввот МФЙ раиси Хумора Фармонова мақсадимизни эшитгач, очиқдан очиқ маҳаллада айтарли тадбиркор йўқлиги, фуқаролар иш истаб четга чиқиб кетаётганини билдирди. Такрор-такрор сўрашимизга қарамай, бирон бир тадбиркор фаолиятини кўрсата олмади. 5-6 фуқаро тадбиркорлик қилаётганини билдирган раис ўринбосари бошлаб борган хусусий субъектлар фаолияти ҳам қониқарсиз. Бундан МФЙ фаоллари давлатимизнинг бугунги сиёсатини кенг жамоатчиликка етказмаётганини сезиш қийин эмас.

Шу жойда соҳа масъуллари бир неча ишсиз фуқароларга тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиши учун субсидия ажратилганини билдирди. Улар имкониятдан фойдаланиб, ўз фаолиятини бошлаган. Бироқ МФЙ раисининг бундан хабарсизлигини қандай баҳолаш мумкин?

Бизни қийнаётган тизимдаги муаммолардан бири автомобилсозлик ва аграр йўналишдаги мутахассислар учун иш ўрни йўқлиги, дейди туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ходими Гулнора Шаробиддинова. Бу уларни ишсизлар сафига қўшилишига сабаб бўлмоқда.

Кўп йиллик тажрибага эга бўлган соҳа мутахассисининг бу фикрига қўшилиш қийин. Масалага масъул ташкилотларнинг раҳбарлари биргаликда муаммонинг ечимини топиши лозим. Ҳудудларни ҳар томонлама тараққий эттиришга қаратилганинвестициявий лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш зарур. Иш фаолиятидаги эскирган шакл ва усуллар ҳамда бандлик муаммоларини ҳал этишдаги расмиятчиликдан воз кечиш ҳақида ҳам ўйлаб кўрадиган вақт келди. Ёш мутахассис кадрлар учун муносиб иш шароитларни барпо этиб, уларни ишга жалб этишмеханизмини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир.

Аҳоли бандлигини таъминлаш ижтимоий аҳамиятга эга долзарб масала. Шу сабаб уни ўз вақтида ҳал этишдан барча бирдек манфаатдор. Избосканлик мутахассислар бу тўғрида ўйлаб кўрадилар, деган умиддамиз. Биз эса мавзуга яна қайтамиз.

Акбаржон НАЗАРОВ.