Атрофга назар

Қабиҳ қилмиш панжара ортига етаклади


21.12.2023   1363

Гулзира Тошкенбоева (исм-фамилиялар ўзгартирилган) турмушга чиқиб, бир нафар фарзанд кўрди-ю, аммо оила аталмиш муқаддас қўрғонни қадр қилмади чамаси, енгил ҳаёт йўлини танлади. Хўжаобод туманидаги яшаш хонадонида аёл шаънига номақбул ишлар билан шуғуллана бошлади. Кунларнинг бирида у хорижга сафар қилди. У ерда турли танишлар орттирди. Эҳтимол, бунақанги сафарлар ҳам турмуш ўртоғининг шубҳалар денгизи мавжланишига ва пировардида оиласи дарз кетишига сабаб бўлган бўлса, ажабмас.

Кунлардан бирида Андижон шаҳрида яшовчи дугонасининг туғилган кунида эски танишларидан бўлмиш Муҳаббатхон ўзининг ишсизлигини билдирди. “Хоҳласангиз, иш бор, - деди сирли жилмайиб Гулзира. - Ҳам саёҳат, ҳам тижорат...”

Андак сирлироқ бу гап Муҳаббатни ўйлантириб қўйди. “Қаерда, қанақа иш?” каби саволлар тинчини ўғирлади. Уйга келганида ҳам ўйлаб чиқди. “Энагалик. 1500-2000 доллар. Ҳазилакамми?! Барака топсин Гулзира...”

Бироқ олдиндаги кўргуликларни у ҳали тасавур қилолмасди. Очиғи, уч-тўрт йилдан бери танийдиган, синглисидек кўрадиган Гулзирани бундай қилади деб ўйламасди. Начора, кўза кунда эмас, кунида синади.

Йўлга отланадиган бўлишди.

Гулзира ўзининг енгил машинасида уни Тошкентгача элтиб, аэропортдан кузатиб юборди. Хорижда уни Масъудбей исмли киши кутиб олди. Унинг енгил машинасида шаҳар маркази томон отланишди.

...Кўп қаватли уй. Бироқ бу ерда Гулзира айтган ишларнинг тескариси бўлди – Масъудбей Муҳаббатнинг паспортини олиб қўйди. Ташқарига чиқиш, уйдагилар билан гаплашиш каби масалаларда чеклов ўрнатилди. Масъудбей уни шаҳвоний мақсадларга жалб қилди. Кўп ўтмай, Муҳаббатнинг яна бир таниши бўлган Дилсора ҳам етиб келди ва унинг ҳам қисмати айнан Муҳаббатники билан бир хил бўлиб қолди.

- Қаранг-а, опа, - деди бир куни Муҳаббат. - Орзулаб-орзулаб келганимиз шу ер бўпти-я...

- Нимасини айтасиз? Текин пишлоқ қопқонда бўларкан...

Номуси дарз кетган Муҳаббат ва таниши юртга қайтайлик, деса, қўлларида на пул, на паспорти бор. Ноилож яна 20 кун кутилди. “У ёқ-бу ёққа айтмайсан, уйдагиларга ҳам индамайсан”, деган қаттиқ ва қатъий “топшириқ” янграгач, ортга қайтишларига йўл очилди...

Гулзира эса, одатича, шундай фаолиятда давом этар, осон даромад уни хийла ҳаволантириб қўйгандай эди. Аммо кунларнинг бирида унинг қилмишлари фош бўлди.

Жиноят ишлари бўйича Хўжаобод тумани суди биносида бўлиб ўтган суд мажлисида ушбу масала муҳокама қилинди. Тўпланган далиллар, гувоҳлар ва жабрланувчиларнинг кўрсатмалари Гулзиранинг ғайриқонуний ишларини буткул ошкор қилди. Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбли деб топилган, одам савдосидек қабиҳ жиноятни содир этган Гулзира Тошкенбоева қилмиши учун 3 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилди. Бу жазо ҳали ёшиқирққа ҳам тўлмаган аёл учун етарли сабоқ бўлса, ажаб эмас.

Қаҳрамон Аҳмадалиев,

жиноят ишлари бўйича Хўжаобод тумани суди раиси