Атрофга назар

КАФИЛЛИК МАЖБУРИЯТИ НИМА?


29.03.2024   724

Юртимизда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ёки фуқароларнинг маиший эҳтиёжларини қондириш мақсадида қулай имкониятлар яратилган. Ҳар ким исталган буюмни сотиб олиб фойдаланиши, тадбиркорлар эса фаолиятини янада кенгайтириши мумкин.

Ҳозирги кунда кредит ташкилотлари томонидан ҳоҳлаган маиший ёки бошқа буюмни шартнома асосида етказиб бермоқда. Кредит олувчи фуқароларнинг йиллик даромадлари етарли миқдорда бўлмаса, уларда бошқа бир шахсни кафил бўлиши талаб қилинади.

Кафилликни айрим фуқаро ёки тадбиркорлик субъектлари масъулиятини хис қилмаган холда кафиллик шартномаларини имзоламоқдалар. Бу эса ўз навбатида кредит олувчи кредит ажратилиши, келгусида низо келиб чиққанда кафилни жавобгарлиги юзага келмоқда.

Кафиллик асли нима? Кафиллик — учинчи шахснинг бошқа шахс кредитори олдидаги мазкур шахснинг кредит шартномасидан келиб чиқадиган мажбуриятлари бўйича тўла ёки қисман жавобгар бўлиш мажбуриятидир.

Кафиллик шартномаси бошқа шахснинг кредитори ва кафил ўртасида тузилади, Кафиллик шартномаси бўйича мажбуриятнинг мазмуни қарздор асосий мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаганда кафилнинг қарздор билан бирга кредитор олдида жавоб бериш мажбурияти ҳисобланади.

Кафиллик алоҳида шартнома билан расмийлаштирилиши, шунингдек кафиллик тўғрисидаги шартлар улар билан қайси шартнома мажбуриятлари таъминланаётган бўлса, шу шартномага киритилиши мумкин. Бундай ҳолда шартнома кредитор, қарздор ва кафил томонидан имзоланади.

Қонунга мувофиқ қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб берадилар, башарти қонунда еки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлмаса.

Башарти, кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил кредитор олдида қарздор билан баравар ҳажмда жавоб беради, шу жумладан фоизлар, қарзни ундириб олиш бўйича суд чиқимларини ва қарздор мажбуриятини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредитор кўрган бошқа зарарларни тўлайди.

Кредитор томонидан даъво бир вақтнинг ўзида кафил ва қарздорга нисбатан қарздор томонидан асосий мажбурият бажарилмаганлиги муносабати билан тақдим этилиб, солидар жавобгарлик тўғрисидаги қоидаларни қўллаш лозим бўлган ҳолларда, бундай жавобгарлик фақат кафил ёки фақат қарздорга юклатилиши мумкин эмас. Кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб беришлари керак.

Кафил кредиторнинг талабларига қарши ўз эътирозларини билдиришга ҳақли. Кафилнинг эътироз билдириш имкониятлари фақат қарздорнинг асосий мажбуриятлари бўйича билдириши мумкин бўлган эътирозлари доирасида чекланади (Фуқаролик Кодксининг 294-моддаси). Кафилнинг кўрсатилган кредитор талабларига қарши эътирозларга бўлган ҳуқуқи қарздорнинг асосий мажбурият бўйича қарзни тан олганлиги ёки кредитор талабларига қарши қандайдир эътирозлардан воз кечганлиги ҳоллари билан йўқолмайди (ФКнинг 294-моддаси биринчи қисми).

ФКнинг 295-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, агар қонунда ёки кафил билан қарздор ўртасида тузилган шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, мажбуриятни бажарган кафилга кредиторнинг ушбу мажбурият бўйича ҳуқуқлари ҳамда гаровга олувчи сифатида кредиторга тегишли бўлган ҳуқуқлар кафил кредиторнинг талабини қанча ҳажмда қаноатлантирган бўлса, шунча ҳажмда ўтади. Кафил кредиторга тўланган суммага фоизлар тўлашни ва қарздор учун жавобгарлик муносабати билан кўрган бошқа зарарларини тўлашни қарздордан талаб қилишга ҳақли.

Кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажарган қарздор томонидан бу ҳақда кафилни дарҳол хабардор қилиш мажбуриятини юклаш шартлиги тўғрисидаги норма кафилнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя этишга хизмат қилади. Қарздор томонидан ушбу мажбурият бузилганда, қарздордан кейин кафил ҳам кредитор талабларини қондирса, кафил ўз танловига кўра қарздорга регресс талабларини қўйиш ёки асоссиз олинганни кредитордан ундириб олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Кафил учун жавобгарликнинг ошишига ёки бошқа ноқулай оқибатларга олиб келадиган тарзда асосий мажбурият кафилнинг розилигисиз ўзгартирилган бўлса, асосий мажбуриятга ўзгартириш киритилган пайтдан кафиллик бекор бўлади.

Агар асосий мажбуриятни бажариш муддати кўрсатилмаган ва белгиланиши мумкин бўлмаган ёки талаб қилиб олиш пайти билан белгиланган бўлса, кредитор кафиллик шартномаси тузилган кундан бошлаб бир йил мобайнида кафилга нисбатан даъво қўзғатмаган тақдирда кафиллик бекор бўлади (ФКнинг 298-моддаси).

Банкнинг қарз олувчи ва кафилларга нисбатан кредит ва фоизларни ундириш ҳақидаги даъво аризаси юзасидан иқтисодий иш кўрилиб, кафилни хабардор қилмасдан шартнома шартлари ўзгартирилганлиги ва белгиланган муддат ўтганидан кейин даъво қўзғатилганлиги сабабли даъвонинг мазкур кафилга оид қисмини қаноатлантириш рад этилди.

Суд амалиётида кредит ундириш билан боғлиқ низолар кўрилганда тўланмаган кредит ва фоизлар кредит олувчи билан биргаликда кафил бўлган (аксарият ҳолатларда ўқитувчи, тиббиёт ходими) фуқаролардан ундирилиши уларни ноқулай аҳволга олиб келиб, хаттоки банк пластик картасидан маблағ ундирилишига олиб келмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳар бир шартнома бу мажбурият. Кафиллик шартномасини имзолашдан аввал келгусида юзага келиши мумкин бўлган жавобгарликни пухта ўйлаб, шартнома тузилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Зеро шартнома тарафларнинг ихтиёрий розилиги асосида тузилади.

Алишер Мадаминов,

Андижон вилоят судининг

иқтисодий ишлар бўйича судяси.