Кам таъминланган шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизими такомиллашмоқда
23.06.2026 93
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мамлакатимизнинг ижтимоий давлат эканлиги алоҳида конституциявий тамойил сифатида мустаҳкамланди. Бу эса давлат сиёсатининг марказида инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, муносиб турмуш кечиришини таъминлаш масаласи турганлигини англатади.
Ижтимоий давлат тушунчаси фақатгина аҳолига ижтимоий нафақалар тўлаш ёки моддий ёрдам бериш билан чекланмайди. Бу, энг аввало, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, унинг давлат ва жамият ҳаётида муносиб иштирок этиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш демакдир. Шу маънода ҳуқуқий ҳимоя ва малакали юридик ёрдам олиш имконияти ҳам ижтимоий давлатнинг муҳим белгиларидан бири ҳисобланади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, ижтимоий адолатни қарор топтириш ва аҳолининг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳолини қўллаб-қувватлаш, инсон капиталига сармоя киритиш ва ҳуқуқий давлат қуриш устувор вазифалар қаторида белгиланган.
Конституциянинг янги таҳририда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга доир муҳим нормалар ўз аксини топди. Хусусан, ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларининг давлат муҳофазасида эканлиги, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун муносиб турмуш шароитларини яратиш давлатнинг асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланди.
Шу билан бирга, Конституциянинг 29-моддасида ҳар кимнинг малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланди ҳамда қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилиши мустаҳкамлаб қўйилди. Ушбу норма ижтимоий давлатнинг муҳим кўринишларидан бири бўлиб, аҳолининг кам таъминланган қатламларига ҳуқуқий ҳимоя механизмларидан тўлиқ фойдаланиш имконини беради.
Бугунги кунда ҳуқуқий муносабатларнинг мураккаблашиб бораётгани, суд ишларининг кўпайиши, давлат органлари билан муносабатларда ҳуқуқий билим ва малакага бўлган эҳтиёжнинг ортиши фуқаролар учун малакали юридик ёрдамнинг аҳамиятини янада оширмоқда. Бироқ барча фуқаролар ҳам адвокат хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга эмас. Айниқса, кам таъминланган шахслар учун ҳуқуқий хизматлар харажатлари муайян қийинчиликларни келтириб чиқариши мумкин.
Айнан шу эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда 2023 йил 16 июнда “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Ушбу қонун фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида давлат ҳисобидан малакали юридик ёрдам кўрсатишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб берди.
Мазкур қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуриш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди. Зеро, ҳуқуқий ҳимоя фақатгина молиявий имкониятларга боғлиқ бўлиб қолмаслиги лозим. Ҳар бир инсон, унинг моддий аҳволидан қатъи назар, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлиши керак.
Жорий йилда мазкур соҳада яна бир муҳим қадам ташланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Кам таъминланган шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун имзоланди.
Ушбу қонуннинг қабул қилинишига мамлакатимиздаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти, Конституциявий судга келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили ҳамда Конституциявий суд томонидан берилган таклиф ва тавсиялар асос бўлди.
Маълумки, Конституциянинг 55-моддасига мувофиқ ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, ҳар ким давлат органлари, ташкилотлар ва мансабдор шахсларнинг қонунга зид қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Аммо амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, кўплаб фуқаролар судларга мурожаат қилиш тартиби, ҳуқуқий ҳужжатларни расмийлаштириш ёки ҳуқуқий далилларни асослаш масалаларида етарли билимга эга эмас. Бу ҳолат айниқса Конституциявий судга мурожаат қилиш жараёнида яққол намоён бўлади.
Статистик маълумотларга кўра, 2025 йил давомида Конституциявий судга 1844 та мурожаат келиб тушган бўлса, 2026 йилнинг биринчи чорагида бу кўрсаткич 576 тани ташкил этган. Мурожаатларнинг аксариятида суд ваколатига кирмайдиган масалалар кўтарилгани фуқароларнинг ҳуқуқий билимлари ва малакали маслаҳатга эҳтиёжи юқори эканлигини кўрсатади.
Шу боис янги қонун билан кам таъминланган шахсларга Конституциявий судга мурожаат қилиш жараёнида ҳам давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш имкониятлари яратилди. Бу эса фуқароларнинг конституциявий шикоятларини ҳуқуқий жиҳатдан тўғри ва асосли шакллантиришга хизмат қилади.
Мазкур янгиликлар натижасида, аввало, аҳолининг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш имкониятлари кенгаяди. Фуқаролар ўз ҳуқуқлари бузилган деб ҳисоблаган ҳолларда, уларни тиклаш учун Конституциявий судга мурожаат қилишда зарур ҳуқуқий кўмакка эга бўлади.
Иккинчидан, конституциявий шикоятларнинг сифати ва ҳуқуқий асосланганлик даражаси ошади. Бу эса Конституциявий суд фаолияти самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Учинчидан, аҳолининг судларга бўлган ишончи мустаҳкамланади. Чунки ҳар бир инсон ўзининг ҳуқуқий ҳимоясиз қолмаслигига, давлат томонидан қўллаб-қувватланишига ишонч ҳосил қилади.
Тўртинчидан, адвокатура институтининг жамиятдаги ўрни ва аҳамияти янада ортади. Конституциявий суд ишларида адвокатларнинг фаол иштироки ҳуқуқий ёрдам сифатини ошириш билан бирга, ҳуқуқий маданият юксалишига ҳам хизмат қилади.
Кам таъминланган шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, ижтимоий адолатни таъминлаш ва ҳуқуқий давлат қуриш йўлидаги муҳим ислоҳотлардан бири ҳисобланади. Бу ўзгаришлар ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, конституциявий одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда мамлакатимизда ижтимоий давлат тамойилларини амалда қарор топтиришга хизмат қилади.
АБДУМАННОБ РАХИМОВ,
Конституциявий суд
судьяси,
ИЛХОМ НАСРИЕВ,
Конституциявий қонунчиликни
таҳлил қилиш бўлими
бош консультанти,
юридик фанлари докторлари
