Атрофга назар

ҚАРОР ТОПГАН АДОЛАТ: СУД ФУҚАРОНИНГ КОНСТИТУЦИЯВИЙ ҲУҚУҚИНИ ТИКЛАДИ


23.08.2023   149

Меҳнат инсонни улуғлайди. Ҳалол ризқ, қут-барака, фаровонлик ва бахтга айнан меҳнат орқали эришилади. Аммо бунинг ортида ўзига яраша машаққат борлиги ҳам рост. Жамиятда меҳнатдан қочиб, осон йўллар билан пул топиш, бойлик орттириш илинжида ўғрилик, талончилик, фирибгарлик сингари нотўғри йўлларни танлаб, охир-оқибат ҳаёти ачинарли ва аянчли тус олаётган одамлар кам эмас.

Шундай экан, инсон ва унинг ҳалол меҳнати доимо қадрланиши ва рағбатлантирилиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддасига кўра, ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек, ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

Бош қомусимизнинг 45-моддасига мувофиқ, ҳар ким дам олиш ҳуқуқига эга.

Ёлланиб ишловчиларга дам олиш ҳуқуқи иш вақтининг давомийлигини, дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларини, ҳақ тўланадиган ҳар йилги меҳнат таътилини белгилаш орқали таъминланади.

Бугунги кунда мамлакатимизда турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, энг аввало, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини рўёбга чиқаришга қаратилган. Бу борада судлар томонидан ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда, фуқароларнинг меҳнат қилиш ва дам олишга бўлган ҳуқуқлари судлар томонидан тикланмоқда. Қуйидаги мисол ҳам бунга ёрқин далил бўла олади.

Маҳфуза опа ўттиз йил мобайнида Андижон вилояти туманларидан биридаги шифохонада фаррош, санитар, хўжалик бекаси вазифаларида ишлаб келди. Унга берилган вазифаларни катта-кичик, оғир-енгил демай, тиним билмай, хатто таътилга чиқмай меҳнат қилди. Ҳалол меҳнат қилиб топганига фарзандларини ўқимишли, оилали, жамият учун фойдали инсонлар қилиб вояга етказди. Аммо пенсияга чиқиб, шунча йиллар қилган меҳнатига муносиб жавоб ўрнига ҳурматсизлик кўрди-ю, қадрига хафа бўлди.

Гап шундаки, шифохона маъмурияти Маҳфуза опа билан меҳнат шартномасини бекор қилар экан, унга ўттиз йил давомида таътилга чиқмай қилган меҳнати эвазига ҳар йиллик меҳнат таътиллари учун пулли компенсация тўлашдан бош тортди.

Аммо қонун қандайдир раҳбарнинг қўлида ўйинчоқ эмаски, унга хоҳлаганда амал қилса? Маҳфуза опа қонун ва адолат истаб касаба уюшмаларига мурожаат қилди. Масалага касаба уюшмалари ва суд аралашгач, ҳақиқат қарор топди.

Фуқаролик ишлари бўйича Бўстон туманлараро суди томонидан Маҳфуза опага ўтган йиллар давомида фойдаланмаган меҳнат таътиллари учун 43 миллион сўм компенсация пуллари ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинди. Бундан қониқмаган раҳбар, табиийки, суднинг қарори устидан юқори суд инстанциясига бир қатор важларни келтирган ҳолда апелляция шикояти билан мурожаат қилди.

Бироқ қонун ўз сўзини айтди. Қадимги мутафаккирлардан бири айтганидек, судья – гапирадиган қонун, қонун эса - тилсиз судьядир.

Андижон вилояти суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати шифохона раҳбарининг апелляция шикоятини иш ҳужжатлари асосида кўриб чиқиб, ҳақиқатда ходим ўтган меҳнат фаолияти мобайнида меҳнат таътилиданфойдаланмаганлигини, бундай ҳолда эса унга 2023 йил 30 апрелга қадар амалда бўлган Меҳнат кодекси 151-моддасига асосан фойдаланилмаган барча таътиллар учун пулли компенсация тўланиши лозимлигини инобатга олиб, қуйи суднинг ҳал қилув қарорини ўз кучида, апелляция шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдирди.

Акмалжон АЛИЖОНОВ,

Андижон вилояти суди судьяси