Андижонда

КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИ: КЕЧА ВА БУГУН


13.09.2022   442

Ҳар қандай таълимнинг пировард натижаси рақобатбардош кадрларни етиштиришдир. Билим ва кўникма бир нуқтада бирлаштирилгандагина, меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган, ялпи ички маҳсулотнинг ортиўига хизмат қиладиган кадр шаклланишига эришиш мумкин. Бугунги касб-ҳунар таълими мактаблари айни мақсадларнинг амалга ошишишга хизмат қилаётир.


Тан олиш керак, илгари касб-ҳунар коллежлари фақат диплом беради, дея танқид қилинарди. Албатта, замирида том маънодаги ҳақиқат учқунлари бор. Аслида бундай таълим масканларида билим, амалий кўникма, ҳар қандай янгиликни қабул қила олиш ва мослашиш қобилиятлари шакллантирилиши лозим. Авваллари ўқув жараёни фақат синф хонасида назарий тушунтириш билан олиб бориларди. Бугун эса касб-ҳунар мактаблари ўқувчиларида ўз соҳаси бўйича бевосита жараённинг ўзида иштирок этиб, кўникма ҳосил қилиш принципи етакчилик қилмоқда.

Андижон вилоятида жами 67 та профессионал таълим муассасаси мавжуд бўлиб, уларнинг 33 таси касб-ҳунар мактаблари, 16 таси коллеж ҳамда 18 таси техникумлардир. Уларда жами 30 минг 755 нафар ёшлар касб-ҳунар ўрганмоқдалар.

Айни вақтда мазкур таълим даргоҳлари ўқувчиларини йирик саноат корхоналари ва иш берувчи ташкилотларга бириктириш ҳамда дарс машғулотларидан сўнг ушбу ташкилотларда иш фаолиятини олиб бориш ишларини мувофиқлаштириш бўйича тизимли тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Шу кунга қадар 13 минг 3 нафар ўқувчилар вилоятдаги 243 та иш берувчилар - корхона, ташкилот ва муассасаларга бириктирилган. Уларнинг корхона ва ташкилотда ўқиш ҳамда ишлашлари учун шароитлар яратиш ва ишлаган даври учун белгиланган иш ҳақларини ўз вақтида тўланишини қатъий назоратга олиш бўйича назорат ташкил қилинган. Бундан ташқари, таълим жараёнини мувофиқлаштириш мақсадида ўқув режаларига киритилган тегишли ўзгартиришлар асосида дарс жадваллари ишлаб чиқариш жараёнига мослаштирилди.

Яна бир қувонарли жиҳати шундаки, вилоятдаги 160 та саноат корхоналари ва иш берувчи ташкилотлар ўзларига бириктирилган 10 минг 140 нафар ёки 78,3 фоиз ўқувчиларга ойлик маош тўлаб беришни кафолатладилар. Бу дегани, оила фарзанди ҳам ўқиб, ҳам касб-ҳунар ўрганиб, ҳам хонадонига даромад олиб киради, дегани.

Андижон шаҳридаги икки йиллик ўқув муддатига асосланган 4-сон касб-ҳунар мактаби ўқувчилари мисолида мавзуга чуқурроқ кириб боришга ҳаракат қилдик.

Таълим масканининг автомобилларни таъмирлаш ва чилангар устаси йўналишида таҳсил олаётган 1-босқичдаги 15 нафар йигитлар Андижон шаҳридаги “HUMO” автосервисига бириктирилган. Ёшларни айни амалиёт жараёнларида учратдик.

-Очиғини айтаман, назариядан кўра амалиётдан кўп нарса ўрганяпман, - дейди Муродил Аҳмедов. – Ўқиш ва уни амалда синаб ўрганишни бир вақтда олиб кетиш ўз ишимизнинг мутахассиси бўлишимизга ёрдам беради. Таълимни тамомлаб, кейин яна кимгадир шогирд бўлиб амалда ўрганишимизга тўғри келарди, ҳозир эса ҳар иккисини бир пайтда уддалаяпмиз.

Ёшларга бириктирилган соҳа педагоги Иброҳимжон Мамажоновнинг таъкидлашича, ўқувчиларнинг қизиқишлари баланд, бу ерда нафақат автомобиллларни таъмирлаш сир-асрорларини, шу билан бирга, автомашиналарни техник кўрувдан ўтказиш кўникмаларини ҳам мустаҳкамлаяптилар.

Андижон шаҳрининг Шимолий кичик даҳа массивида жойлашган “Маром” қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш цеҳи мастерларига 4-сон касб-ҳунар мактабининг 10 нафар қизлари бириктирилган. Ошпазлик ва қандолатчилик йўналиши мутахассис-педагоги Насрилло Сиддиқов раҳбарлигидаги ўқувчилар турли хил миллий ва европа ширинликлари тайёрлашни пухта ўрганмоқдалар.

- Ширинликлар жону-дилим, уларни тайёрлашга жуда қизиқаман, - дейди мактабнинг 2-босқич ўқувчиси Хадича Хабибуллаева. – Бу ерда амалиёт ўтаётганимиз катта ютуқ бўлди. Китобдан кўриб ўрганиш бошқа, ўзингиз бевосита шу жараёнда қатнашиб ўрганишингиз бошқа экан. Амалда тайёрлаганимизда шундоққина ёдимизда сақланиб қоляпти. Бунинг учун устозларимизга раҳмат!

Шунингдек, 2-босқич қизларнинг 8 нафари “Miss V”гўзаллик салонида амалиёт ўтамоқдалар. Сартарошлик йўналишида таҳсил олаётган бу ўқувчилар аллақачон тажрибали сартарош Василахон Иномовадан косметология маҳоратларини ўзлаштиришга улгурдилар.

Албатта, тизимдаги барча таълим масканлари ва иш берувчилар ўртасида шартнома тузилган. Ўқувчиларнинг касб-ҳунар ўрганишлари, давоматлари назоратга олинган. Уларга бириктирилган ўқитувчилар амалиёт давомида доимий ҳамроҳ бўладилар.

Мухтасар айтганда, касб-ҳунар таълими тизими иқтисодиёт ривожланишининг муҳим компонентига айланади. Яъни, унда юқори малакали ишчи, касб эгалари, иқтисодиётнинг ўрта бўғини мутахассислари тайёрланади.

Яқин истиқболда профессионал стандарт, миллий квалификация рамкалари халқаро квалификация рамкаларига мос равишда ишлаб чиқилади. Бу дегани, касб-ҳунар мактаблари, коллеж ва техникумларда жаҳон меҳнат бозорида рақобатбардош кадрлар тайёрланиши пухта йўлга қўйилади ва бунинг учун дадил қадамлар ташланган.

Зилола РАҲМОНОВА.

Хурсандбек АРАББОЕВ олган суратлар.