Касбий таълим тизимида ислоҳотларнинг янги босқичи бошланди
22.11.2025 98
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 23 октябрдаги “КАСБИЙ ТАЪЛИМ ТИЗИМИДА БОШҚАРУВ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА”ги ПФ-190-сон Фармони ҳамда унга мувофиқ 2025 йил 28 октябр куни қабул қилинган “КАСБИЙ ТАЪЛИМ ТИЗИМИДА ИСЛОҲОТЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА”ги ПҚ-316-сон Қарори асосида мамлакатда касбий таълимни модернизация қилиш ва уни халқаро стандартлар асосида ривожлантириш бўйича янги босқич бошланди. Мазкур ҳужжатлар касбий таълим муассасалари фаолиятини рақамлаштириш, бошқарув самарадорлигини ошириш, ўқув дастурларини тубдан янгилаш, ишлаб чиқариш амалиёти билан интеграциялаш ва ўқитувчилар малакасини оширишни мақсад қилади.

Фармонга мувофиқ, мамлакатда Касбий таълим агентлиги ташкил этилди. Агентлик касбий таълим тизимини ягона стандартлар асосида мувофиқлаштириш, ўқув режаларини қайта кўриб чиқиш, амалиётга йўналтирилган ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, халқаро баҳолаш тизимларини жорий этиш ва тармоқ корхоналари билан ҳамкорлик механизмларини кучайтириш вазифаларини бажаради. Бундан ташқари, агентлик касбий таълим муассасаларида ягона ахборот тизимини жорий қилиш, ўқув жараёнини мониторинг қилиш ва битирувчиларнинг малакаси меҳнат бозори талабларига мос бўлишини таъминлашга масъул ҳисобанади.

ПФ-190-сон Фармонда таълим мазмунини янгилашга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, модулли ўқитиш тизимини жорий этиш, амалий машғулотлар улушини ошириш, рақамли технологияларни ўқув жараёнига интеграция қилиш, симуляцион марказлар, ишлаб чиқариш устахоналари ва лабораторияларни замонавий жиҳозлар билан таъминлаш вазифаси белгиланди. Шу билан бирга, битирувчиларда амалиётга доир реал кўникмаларни шакллантириш мақсадида дуал таълим тизимини кенгайтириш белгиланди.
ПҚ-316-сон Қарорида касбий таълим тизимини 2026–2030 йилларда ривожлантириш стратегияси белгилаб берилди. Дастурда халқаро ва қўшма таълим дастурлари жорий қилинган касбий таълим муассасалари сони 250 тага етказилиши белгиланган. Шунингдек, 9-синф битирувчиларининг касбий таълимга қамрови 50 фоизгача оширилади. Дуал таълим улуши эса амалдаги 9 фоиздан 40 фоизгача оширилиши режалаштирилган.
Қарорга кўра, касбий таълим муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун 2026 йилдан бошлаб ҳар йили 600 млрд сўм ажратилади. Бу маблағлар ҳисобидан ўқув-лаборатория жиҳозлари янгиланади, симуляцион марказлар ташкил этилади, амалиёт устахоналари замонавий ускуналар билан таъминланади. Янгиланган техник база талабаларнинг амалий кўникмаларини шакллантиришга қаратилган мақсадли имкониятларни кенгайтиради.
Ислоҳотлар доирасида ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими усталарининг малакасини ошириш тизими ҳам такомиллаштирилади. Ўқитувчиларнинг хорижда малака ошириш дастурларида иштирок этиши, тармоқ корхоналарида ишлаб чиқариш амалиётини ўташи, замонавий педагогик технологияларни ўзлаштириши учун шароитлар яратилади. Бу эса ўқув жараёнида амалиётга яқин, соҳавий билимга эга кадрлар тайёрлаш имкониятларини оширади.
Касбий таълим муассасалари фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида корхоналар билан ҳамкорлик механизми янгиланади. Хусусан, ўқув дастурларини ишлаб чиқиш жараёнида иш берувчиларнинг иштирокини таъминлаш, талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиётини тармоқ корхоналарига бириктириш, битирувчиларнинг бандлигини кафолатлаш бўйича янги йўналишлар белгиланди. Корхоналар ўқув жараёнидаги амалиёт масалаларида бевосита иштирок этган ҳолда меҳнат бозорига талаб юқори бўлган мутахассислар тайёрланишига кўмаклашади.
Шу билан бирга, Фармон ва Қарорда таълим жараёнида рақамли технологияларни жорий қилиш вазифалари ҳам белгиланган. Электрон журналлар, онлайн тест тизимлари, масофавий таълим платформалари ва ягона таълим ахборот базаларини шакллантириш орқали ўқув жараёнининг очиқлиги ва шаффофлиги таъминланади. Рақамлаштириш жараёнлари устоз-ўқитувчиларнинг иш самарадорлигини оширишга, талабаларнинг мустақил ўқиш ва билимни текшириш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Мазкур ҳужжатларнинг амалга оширилиши касбий таълим тизимини иқтисодиётнинг реал талаблари билан боғлашга, меҳнат бозорининг долзарб эҳтиёжларига мос мутахассислар тайёрлашга хизмат қилади. Шунингдек, ёшларнинг касбга бўлган қизиқишини ошириш, уларнинг амалий кўникмаларга эга бўлишини таъминлаш, битирувчиларнинг бандлигини барқарор йўлга қўйиш орқали мамлакатда ишчи касблар нуфузини оширишга ҳисса қўшади.
Ислоҳотлар натижасида касбий таълим тизимида янгиланган дастурлар, замонавий таълим технологиялари, халқаро стандартлар, амалий йўналтирилган ўқув жараёни ва малакали ўқитувчилар фаолиятига асосланган ўқув муҳити шакллантирилади. Бу эса мамлакатда кадрлар тайёрлаш сифати ва самарадорлигини янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.
Марифжон Бувабеков
Андижон Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникуми директори
