Андижонда

ҲАҚИҚАТНИНГ УМРИ БОҚИЙ


13.09.2021   663

Қатор йиллар давомида мамлакатимиз жамоатчилигининг эътибори Андижон томонларга қаратилганлигидан барчамиз бирдек воқифмиз. Барчага аёнки, мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида ғалла билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлдики, ана шу шароитда дон етиштиришни тизимли ташкил этиш ҳаётий зарурият эканлиги ойдинлашди. Бунинг учун эса биринчинавбатда уруғчиликни жойига қўйиш, серҳосил навларни табиий шароитда мослашувини илмий жиҳатдан ўрганиш, яхлит қилиб айтганда селекция мактабини яратиш кун тартибига кўтарилди.

Вилоят ҳокими бўлмиш Қобилжон Обидов айнан бошоқли экинлар етиштириш ва ҳосилдорлигини кўтаришюзасидан илмий мактаблар яратилган минтақалар тажрибасига эътибор қаратди. Бунинг учун ишчи гуруҳлари тузилди ва улар бир қатор хорижий мамлакатларда бўлишиб, намуналар олиб келишди. Қиёслар ва таққослашлар жиддий тарзда ўрганилгандан сўнг Россия Федерацияси Краснодар ўлкасидаги Лукьяненко номидагижаҳон ғаллачилигида пеш-қадам бўлган илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорлик қилиш истиқболли деб топилди.

Хўш, донимиз бисёр бўлиши маълум бўлди. Уни тозалаш, саралаш, зараркунандаларга қарши ишлов бериш каби занжирли технологияни жорий этиш қандай бўлади? Бу масалада Германия технологияси олдинда эканлиги ойдинлашди. Саккиз жойда "Петкус" русумли уруғлик тайёрловчи универсал технологиялар қад ростлади.Шукрки, Андижонда бошланган ташаббус мамлакатда ғалла барқарорлигини таъминлашга пойдевор бўлди.

Ҳақиқатдан ҳам "Андижон дони - юртнинг шони" шунчаки шиор бўлиб қолмади. Андижонликлар яратган тажриба мактаби республикамиз фермерлари учун ҳамон кўзгу бўлиб хизмат қилмоқда. Дон ва дуккакли экинлар илмий тадқиқот институтининг Андижонда ташкил этилиши туфайли селекция мактаби пайдо бўлди. Бу ерда яратилган "Чиллаки" нави 20 йилдирки, харидоргир бўлиб, аксарият вилоятларда экилмоқда.

Пахта мавсумининг уч-тўрт ойлаб давом этиши боис деҳқончиликда одатий ҳолга айланди. Оқибатда харажат ортиб даромад камайди. Қобилжон Обидов айнан шу масалада ҳам бош қотириб, атрофидагиларни эътиборини бу борада изланишга чорлади.Мукаммал агротехнология яратиш ҳам осон кечмади. Чигитни плёнка остига экиш, эртаки пахта навларини яратиш, қайта ишловчи корхоналардаги технологияларни такомиллаштириш узвий тарзда олиб борилди. Ўтган йиллар давомида вилоятимизда пахта тайёрлаш шартномавий режалари сентябрь ойидаёқ бажариб келинаётганлиги замирида ҳам тинимсиз изланиш ва адоғи йўқ меҳнатлар ётибди.

Август ойида 40 дан зиёд хўжаликда ва Асака туманида пахта тайёрлаш режасининг бажарилиши ҳамон тиллардан тушмайди. Бу мўъжиза эмас, асл ҳақиқат эди. Вилоят миқёсида эса сентябрь ойидаёқ мўлжалдаги хирмоннинг яратилиши оддий воқеликка айланди. Негаки ҳозирда далаларга ғўзанинг маҳаллий эртаки "Андижон-35", "Андижон-36", "Андижон-37" навлари экилмоқда.

/аллачилик ва пахтачиликда юзага келган кўтаринкилик Андижон деҳқонларининг шуҳратини оширишга қодир бўлди. Бир неча бор "Андижон тажрибаси" бўйича республика даражасидаги кўргазмали йиғилишлар, семинарлар ташкил этилди. Шу ўринда бир мисол келтирсак.

2002 йил 22 февраль куни Қашқадарё вилоятининг ҳокими Нуриддин Зайниев раҳбарлигида шаҳар ва туманларнинг ҳокимлари, масъул раҳбарлар келишиб, икки кун давомида Андижондаги эътиборли ишларни ташкил этиш билан боғлиқ жараёнлар ҳақида ўрганишлар олиб боришган эди.Олтинкўл туманидаги "Намуна" ширкат хўжалигидаги Сиёсатхон Абдуллаева раҳбарлик қилаётган бригада дала шийпонидаги манзара меҳмонларни шу қадар оҳанрабодек тортдики, сафар охиригача бу ҳақда сўзлашганлигига гувоҳмиз.

Қашқадарёликлар Сиёсатхон Абдуллаева даласида қандай мўъжизага дуч келишган эди? Кимки ушбу даргоҳга қадам босган бўлса, бу ердаги саранжом-саришталик ҳеч кимни бефарқ қолдирмаган. Шийпон олдидаги далада трактор кўмагида пушта олинаётган бўлиб, ортидан плёнка остига чигит экиш бораётган эди. Меҳмонлар эгат оралаб деҳқонлар ва механизаторлар билан суҳбат қуришиб, шийпонга қайтишганда дастурхонга сават-сават кўк сомса ва эндигина тандирдан узилган ёғли нонлар тортилди. Ўзаро мулоқот шу қадар жўшқин тарзда ўтдики, хўжалик раҳбари Мамажон бува Ҳамроевнинг кайфияти нақадар баланд эканлигини кузатганлигимиз ҳамон кўз ўнгимизда. Қиссадан ҳисса шуки, йиллар давомида вилоятлар ва туманларнинг ҳокимлари, тармоқ етакчиларининг ташрифлари кўп бор такрорланди.

Қобилжон Обидов қаерда ишлаган бўлса, ўша жойда ободончилик масаласи олдинги ўринда турганлиги маълум. Марҳамат туманида ҳамда Андижон шаҳрида ҳоким бўлиб ишлаган чоғлардабунёдкорлик билан қанчалик шуғулланганлигининг излари ҳамон барчанинг кўз ўнгида турибди.

Лўнда қилиб айтсак, мустақиллик йилларининг бошларида атрофга эътибор бермаслик кайфияти бор эди. Вилоятга ҳоким бўлган қаҳрамонимиз республикада биринчилардан бўлиб ободончилик борасида кенг кўламдаги ишларга қўл урди. Биринчи галда йўлларни кенгайтириш, атрофларини кўкаламзорлаштириш ишларига устувор вазифа сифатида қаради. Айниқса, вилоят марказида замонавий инфратузилма яратиш сарибошланган ҳаракат натижа кўрсата бошлагач эса Андижонга ҳавас қилувчилар сони ортгандак ортди.

Асака автомобиль заводи қурилиши баробарида бутловчи маҳсулотлар етказиб берувчи ўнлаб қўшма корхоналар ташкил этиш ҳам тизимли равишда олиб борилди. Янги мунтазам ишчи ўринлари юзага келди. Республика харитасида гугурт қутиси мисоли жойни эгаллаган Андижонга, унинг фидойи, янгилик сари интилишдан чарчамайдиган аҳлига ҳурмат ортди. Шундан бўлса керакки, вилоят етакчиси Ўзбекис-тон Қаҳрамони фахрий унвони ва "Олтин юлдуз" медалига муносиб кўрилди. Вилоят байроғига Амир Темур ордени қадалди. Бунга жавобан изланиш ва интилиш руҳи янада кенг кўламда қулоч ёзди...

2004 йил 26 май куни бўлиб ўтган халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Қобилжон Обидов ҳокимлик вазифасидан озод этилди. Ўшандан буён андижонликлар бир-бирларига "Нега шундай бўлди?" деган саволни беришлари давом этаётган эди...

Хайриятки, Шавкат Миромонович Мирзиёев давлат раҳбари бўлганидан сўнг мамлакатда очиқлик сиёсати ва сўз эркинлиги устувор даражага кўтарилди. Ана шу сиёсат боис кўплаб ватандошларимизнинг шаъни ва қадр-қиммати тикланди ва бу жараён изчил давом эттирилмоқда. Чунончи, Қобилжон Обидов ўз вақтида Ўзбекистон Қаҳрамони бўлиб, "Олтин юлдуз" медали ва "Меҳнат шуҳрати" ордени билан тақдирланганди.

Президентимизнинг шу йил 24 август кунидаги Фармони билан Қобилжон Обидовга юқорида зикр этилган давлат мукофотлари қайтарилди. Халқда "Ҳақиқат эгилади, букилади, лекин синмайди" деган доно нақл борки, у амалда намоён бўлди.

Бу хушхабар наинки Андижонга, балки республикамизга шамол тезлигида тар-қалди десак, бўртириб юбормаган бўламиз. Қобилжон Обидов билан ёнма-ён ишлаган, унинг қанчалик фидойи инсон эканлигини чуқур англаган кўплаб андижонликлар қалбида бир армон бор эдики, бу армонлар тумандай тарқаб кетди. Бугун Президентимизнинг бу жасоратли Фармонидан қувонган инсонларнинг қўллари дуода бўлиб, эътибор учун миннатдорчилик изҳор этишмоқда.

Шахсан Шавкат Миромонович тавсияси билан 2017 йил бошидаҚобилжон Обидов Андижон ўрмон хўжалигига раҳбар этиб тайинланди.У хўжаликни қабул қилиб олганда ҳолат ачинарли даражада бўлиб, эгасизлик авж олганди. Аниқроқ қилиб айтсак, 2 минг гектар ер майдонидаги ўрмонзорларнинг номи бор эди, холос. Йиллик даромади энг юқори даражага етганда 430 миллион сўмни ташкил этган, иш билан банд бўлганлар 100 кишидан ортмаган.

2020 йилда ўрмон хўжалиги ер фонди адирликлар, дарё ва сой қирғоқларини ўзлаштиришэвазига 10 минг гектардан зиёд майдонни эгаллади. Ялпи даромад 8,2 миллиард сўмга етда ва ўсиш 19 баробарга кўтарилди. Жорий йилда кутилаётган даромад 10 миллиард сўмдан ортади. Даромад ортиши ҳисобига мустаҳкам моддий-техника базаси яратилди. Доимий ва мавсумий ишловчилар сони 700 нафардан ортди.

Бугун соҳа ривожида инновация ютуқларидан оқилона фойдаланиш сари аниқ дастур мавжуд. Андижонда ўрмончилик илмий тадқиқот институтининг вилоят филиали ташкил этилди. Тадқиқотчилар дарахт ва буталарнинг ҳудудимизда тарқалмаган навларини кўпайтириш устида иш олиб боришмоқда. Бу йилги баҳорда 36 гектар ерда саноатбоп ёғоч берувчи павлония кўчатлари ўтқазилди. Шу йил кузида ва келаси баҳорда жами 600 гектар далага ана шу қимматбаҳо дарахт кўчатлари ўтқазилади. Шунингдек, мевали, манзарали дарахт кўчатлари етиштиришнинг илғор усуллари ҳисобига янги ўрмонзорлар юзага келади.

Муболағасиз айтиш лозимки, бугун Андижон ўрмон хўжалиги республикада байроқдор бўлиб турибди ва бу пешқадамлик туфайли вилоятимизда дарахтзорлар сони кўпаяверади. Яшил олам яшнаган сари эса сиз ва биз бундан баҳраманд бўлаверамиз.

Қобилжон АСҚАРОВ,

меҳнат фахрийси.