ҲАР БИР ҚАРИЧ ЕР ҲИСОБЛИ
22.12.2023 1483
Маълумки, ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш, шунингдек, ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар объекти сифатида эркин муомалага киритиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6243-сонли Фармонига асосан 2021 йил 1 августдан бошлаб:
– ер участкалари хусусий секторга — мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига (кейинги ўринларда — давлат ташкилотлари) — доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилиши;
– мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш тартиби бекор қилиниб, бунда илгари ажратилган ер участкаларига бўлган бундай ҳуқуқлар уларнинг эгаларида амалдаги тартибда сақланиб қолиниши;
– ижарага олинган ер участкасида қонунчиликда белгиланган тартибда қурилган кўчмас мулк объектига мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтган тақдирда, ушбу объектга мулк ҳуқуқи билан биргаликда у жойлашган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳам янги мулкдорга ўтиши;
– қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар барча турдаги қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари иштирок эта оладиган, очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилиши;
– қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиниши;
– давлат ташкилотларига ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилиши;
– барча ҳолларда ер участкалари фақат бўш турган ва захирага олинган ерлардан ажратилиши, айни бир ҳужжат билан ёки бир вақтнинг ўзида ер участкасини олиб қўйиш, захирага олиш, бошқа шахсга ажратиш ер бериш тартибини бузиш ҳисобланиши ва қонунга мувофиқ жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши;
– давлат-хусусий шериклик лойиҳалари ва ижтимоий фойдали мақсадларга эришишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда ер участкалари давлат ташкилотига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилиши, ушбу ерлар давлат-хусусий ёки ижтимоий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддатига хусусий шерик, нодавлат нотижорат ташкилоти ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига ижарага берилиши мумкинлиги;
– кўп квартирали уй жойлашган ва унга туташ ер участкаси, агар кўп квартирали уйдаги жойларнинг мулкдорларига бошқа ҳуқуқ билан тегишли бўлмаса, уларга умумий фойдаланиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилиши қатъий белгилаб қўйилди.
Фармон билан, Ер тоифасидан қатъи назар барча турдаги ер участкалари ҳамда бино-иншоотларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказмаслик ҳолатларини аниқлаш, ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига ва чегараларини ўзбошимчалик билан ўзгартиришга йўл қўймаслик чораларини кўриш, ердан мақсадли фойдаланилиши устидан давлат назорати Кадастр агентлиги томонидан амалга оширилиши;
Ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш ва чора кўриш учун Кадастр агентлиги ходимлари масъул эканлиги;
Кадастр агентлиги органларига ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланганда Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 36-моддасига мувофиқ ушбу ер участкаларига бўлган ҳуқуқни бекор қилиш, ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонида ноқонуний қурилган иморатларни бартараф этиш юзасидан тўғридан-тўғри судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Юқоридаги Фармон ижросини таъминлаш мақсадида Кадастр агентлиги Андижон тумани бўлими томонидан тизимли ишлар ташкил этиб келинмоқда.
Жумладан, бўлим томонидан 2023 йилнинг ўтган 11 ойи давомида 140 та ҳолатда 2,0 га ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, ноқонуний қурилмалар қуриш ҳолатлари аниқланди.
Ерқонунбузилиш ҳолатлари ер турлари бўйича таҳлил этилганида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда 13 та ҳолатда 0,3 гектар, аҳоли пунктлари ерларида 122 та ҳолатда 0,9 гектар, сув фонди ерларида 3 та ҳолатда 0,03 гектар ҳамда 12 та ҳолатда 0,8 гектар заҳира ерларини ташкил этмоқда.
Қонунбузилиш холатларининг 31 таси уй-жой қуриш мақсадида, 101 таси нотурар қурилишлар қилиш, ва 6 таси бошқа мақсадларда ерлардан ноқонуний фойдаланаётганлиги аниқланди.
Аниқланган ерқонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида барча аниқланган 140 та ерқонунбузилишини содир этган шахсларга қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш (қурилган ноқонуний қурилмаларни ихтиёрий бузиб олиши) тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилиб кўрсатмалар бурилди.
Олиб борилган тушунтириш-тарғибот ишлари натижасида 106 та ноқонуний холатлар қонун бузилиш ҳолатларини содир этган фуқаролар томонидан ўз ихтиёри билан бартараф этилиши таъминланди.
Олиб борилган тарғибот-ташвиқот тадбирлари ва қонун бузилиш ҳолатларини ихтиёрий бартараф этиш учун берилган муддатлар ичида қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этмаганликлари учун 21 та ҳолатдаги ерқонунбузулишларни мажбурий тартибда буздириш учун Фуқаролик ишлари бўйича Судларга даъво аризалар киритилди.
Бўлимда назорат соҳасига боғлиқ равишда “Маъмурий амалиёт” йўналиши ҳам мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг бир қатор моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик холатлари юзасидан Кадастр агентлигининг органларига маъмурий жазо чораларини кўриш ваколати берилган.
Жорий йилнинг ўтган 11 ойи давомида Давлат ер, кадастр ва геодезия назорати соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини бузганлик учун 238 нафар ҳуқуқбузарларга маъмурий баённомалар расмийлаштирилди ҳамда 150 нафари маъмурий жазога тортилди.
Жумладан:
47 та ҳолатда 60-модда 2-қисми (Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдаланиш) билан, 5 та ҳолатда 60-модда
3-қисми (Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, ажратилган ер участкасига туташ бўлган ва туташ бўлмаган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга ошириш) билан, 2 та ҳолатда
68-модда 1-қисми (Тасдиқланган ер тузиш лойиҳа ҳужжатларидан тегишли рухсат бўлмай туриб четга чиқиш) билан ва 96 та ҳолатда 68¹ (прим) моддаси (Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органга ер участкасига, бино ва иншоотга бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмаслик) билан маъмурий чоралар кўрилган.
Кадастр агентлиги
Андижон тумани бўлими бошлиғи
Қаҳрамонжон