Атрофга назар

ҲАЁТИНГИЗНИ ХАВФЛИ ДОРИ ВОСИТАЛАРИ ҚЎЛИГА ТОПШИРМАНГ


14.02.2022   363

Бугунги кунда республикамизда аҳолига фармацевтика маҳсулотларини етказиб беришда амалга оширилаётган ишлар кўлами ҳар доимгидан ортган. Шу боис ҳар қадамда учрайдиган дорихоналарда бир сония бўлсин савдо тинмайди. Бу яхши, албатта! Бироқ, шундай дори воситалари ҳам борки,мамлакатимиздауларнинг савдоси чекланган. Шундай бўлишига қарамай, айрим ҳолларда бу турдаги маҳсулотларни топиш мумкин. Нега? Қандай қилиб? Сифати кафолатланмаган, инсон ҳаёти учун хавфлилик даражаси ортиқ бўлган дориларнинг ноқонуний айланмаси қандай юзага келмоқда?

Андижон вилоят божхона бошқармасининг маълум қилишича, бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш борасидамуайян ишлар олиб борилмоқда. Мисол учун, шу кунгача 6212 дона дориларнинг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилди. Хусусан, Олтинкўл туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро С.С. бошқарувидаги “Ласетти” русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Натижада автомашинада сифатини ва божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи биронта ҳам ҳужжатлари бўлмаган, хорижда ишлаб чиқарилган 970 дона “Тропикамид”, 4032 дона “Регапен”, 350 дона “Карбамазенин” ҳамда 960 дона “Тауфон табс” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланди. Уларнинг умумий қиймати 220 млн. сўмни ташкил қилмоқда.

Андижон шаҳрида эса фуқаро О.У.га тегишли бўлган “Дамас” русумли автотранспорт воситасида 125 миллион сўмлик 4810 дона “Конвулекс 500мг” номли сифати кафолатланмаган дори воситалари мавжуд эканлиги аниқланди. Ҳозирда бу маҳсулотлар қаердан олинганлиги, республикамиз ҳудудига қай тартибга келиб қолганлиги юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

-Бугунги кунда инсон саломатлигини асраш ва тиклаш учун неки чора бўлса, фармацевтик воситалар орқали уларни амалга ошириш имкони мавжуд,-дейди фармацевт Қодиржон Хўжамбердиев.-Саломатлик учун хавфли бўлган воситалардан фойдаланишда биринчи ўринда беморларнинг ўзлари ҳимояланишлари лозим. Улар ўз умрига нисбатан масъулиятни оширмас экан ноқонуний савдо айланмасига замин яратишда давом этаверадилар.

Умр инсонга бир марта берилади. Уни соғлом вужуд ва теран фикр билан яшаш эса ўзимизга боғлиқ. Шундай экан, ҳаётимизни хавфли дори воситаларига ишониб топширишга ҳаққимиз йўқ.

Саминжон ҲУСАНЗОДА,

журналист