Атрофга назар

КИБЕРФИРИБГАРЛИКДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ!


20.01.2025   982

Ахборот технологиялари даврида яшаяпмиз. Ўзига хос ижобий ва кўнгилни хира қилувчи томонлари борлиги рост. Чунончи бугунга қадар ахборот технологиялари ёрдамида қайд этилган фирибгарлик, ўғрилик каби жиноятларга қарши курашиш долзарблигича қолмоқда. Негаки, сўнгги йилларда республикамиз ҳудудида мазкур турдаги жиноятлар тобора ошиб бормоқда.

Албатта, интернет фирибгарлиги кўпайганини ҳам инкор этиб бўлмайди. Бугун “ўргимчак тўри”нинг инсонлар ҳаётига кўпроқ кириб бориши натижасида, айниқса, онлайн буюртмалар кўринишидаги киберфирибгарлик сони ҳар қачонгидан-да кўпаймоқда. Статистикага кўра, онлайн буюртма орқали фирибгарлик қилишнинг энг кўп тарқалган усули харид учун ҳақ тўланиб, харид қилинган буюмнинг харидорга етказиб берилмаслиги натижасида мулкдорга етказилган зарар ҳисобланади.

Ҳозирги кунда республикамиз ҳудудида мазкур фирибгарликнинг турли хил мессенжерлар орқали фишинг, кардинг ва фарминг каби усуллари кенг тарқалган.

Фишинг “балиқ ови” маъносини билдиради ва банклар, тўлов тизимлари номидан электрон хатлар юборади. Фойдаланувчини банк ва тўлов тизимлари билан бир хил кўринишда бўлган махсус сайтга киришга ундайди ва фойдаланувчи унда шахсий маълумотларини қолдириш орқали киберфирибгар тузоғига тушиши мумкин.

Кейингиси кардинг бўлиб, у фишинг сайтлар яратиш ва унда арзон нархдаги товларларни жойлаштириш ҳамда ундан харидорлар ўзининг шахсий маълумотларини (пластик картаси ҳақидаги маълумотларни) киритиш орқали киберфирибгарга пластик карта ҳақида маълумот берувчи, аммо бирор олди-сотдини амалга ошириш имконини бермайдиган киберфирибгарлик туридир.

Фарминг ҳам фирибгарликнинг фишинг сайтлар орқали содир этиладиган кўриниши бўлиб, унда фойдаланувчи сайт номини тўғри қайд этса ҳам сохта сайтга кираверади ва шу орқали шахсий маълумотини ўзи билмаган ҳолда киберфирибгарнинг қўлига топширади.

Бундай жиноятни содир этган шахсларга нисбатан жавобгарлик ёшини белгилаш ҳақида дунё давлатлари турлича ёш цензини таклиф қилади. Агар жиноят Ўзбекистон ҳудудида содир этилган бўлса, ушбу шахсга нисбатан ёш цензи 16 ёш деб белгиланган. Мазкур шахс Жиноят кодексининг 17-моддаси ва 168-моддасининг иккинчи қисми “в” бандига асосан компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб фирибгарлик жиноятини содир этгани учун жиноий жавобгарликка тортилади.

Шу сабабли ахборот ва киберхавфсизлик талабларидан келиб чиқиб, нафақат давлат секторида, балки хусусий секторда ҳам лицензияланган дастурий маҳсулотлардан фойдаланишга ўтиш ва уни мажбурий қоида сифатида белгилаш бугуннинг долзарб масалалардан. Айнан лицензияланган дастурий маҳсулотлардан фойдаланиш орқали шахс, жамият ва давлатнинг киберхавфсизлиги таъминланади.

Абдулфатто ЭГАМБЕРДИЕВ,

“Huquq muhofazasi” адвокатлик фирмаси адвокати