Атрофга назар

Кибержиноятлардан қандай ҳимояланиш керак?


16.07.2026   18

Бугунги глобаллашув даврида ахборот технологиялари инсон ҳаётининг барча соҳаларига чуқур кириб борди. Бироқ рақамлаштириш жараёни қанчалик жадал бўлса, кибержиноятчилик хавфи ҳам шунчалик ортиб бормоқда. Европа Кенгашининг 2001 йилдаги “Кибержиноят ҳақида”ги Конвенциясига кўра, кибержиноят — бу кибермуҳитда содир этиладиган ҳар қандай жиноятдир.

Ўзбекистон ҳам жадал рақамлаштириш йўлидан бораётган мамлакат сифатида ушбу муаммога бегона эмас. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда кибержиноятлар статистикаси кескин ошди. Деярли ҳар иккинчи жиноят ахборот технологиялари ёрдамида содир этилмоқда. Оқибатда фуқароларга, юридик шахсларга, ўз ўрнида давлатга ҳам катта миқдорда моддий зарар етмоқда.

Кибержиноятларнинг асосий турлари ва усуллари банк карталари билан боғлиқ жиноятлар — киберўғрилик ва киберфирибгарликдир. Улар асосан зарарли ҳаволалар ва дастурлар юбориш орқали банк картаси ёки мобил қурилма бошқарувини қўлга киритиш, турли алдовлар билан банк картаси ва мобил иловалардаги аккаунтлар бошқарувини тасдиқловчи SMS кодни қўлга киритиш, шахс номига онлайн кредит расмийлаштиришдан иборат.

Замонавий кибержиноятлар орасида шахсий маълумотларни ўғирлаш, сунъий интеллект ёрдамида овоз ва ташқи кўринишни тақлид қилиш, зарарли файллар тарқатиш ҳамда криптовалюталар орқали ўғирланган маблағларни чет элга чиқариб юбориш каби усуллар алоҳида хавф туғдиради.

2024 йил 20 сентябрда “Киберхавфсизликни таъминлаш соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Мазкур ҳужжат банк тизими, тўлов тизимлари ва электрон ҳукуматда ахборот хавфсизлигини кучайтиришга хизмат қилади.

Ички ишлар вазирлиги таркибида кибержиноятчиликка қарши кураш бўйича алоҳида департамент, Адлия вазирлигида эса кибержиноятчилик ва рақамли ҳуқуқ бошқармаси ташкил этилди. Шунингдек, кибержиноятларга қарши курашиш бўйича ягона ишлаш амалиётини йўлга қўювчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Кибержиноятчилик — нафақат технологик, балки ижтимоий муаммо. Жиноятчилар кўп ҳолларда мураккаб кодлардан эмас, балки одамларнинг ишонувчанлигидан фойдаланади. Рақамли трансформация жадал суръатларда давом этаётган бир пайтда, ҳар бир фуқаро ўз шахсий маълумотлари ва молиявий маблағлари хавфсизлигига масъулият билан ёндашиши, давлат томонидан эса қонунчилик базасини мустаҳкамлаш ва мутахассислар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш зарур. Фақатгина ушбу йўналишдаги биргаликдаги саъй-ҳаракатлар кибертаҳдидларга самарали қарши туриш имконини беради.

Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 10 мартдаги “Ўзбекистон Республикасининг Киберхавфсизлик стратегиясини белгилаш ва кибержиноятчиликнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони билан 2026-2030 йилларга мўлжалланган Ўзбекистоннинг киберхавфсизлик стратегияси тасдиқланган.

Мазкур стратегиянинг асосий мақсад ва вазифалари миллий кибербарқарорликни мустаҳкамлаш, муҳим инфратузилмани ҳимоя қилиш ва фуқароларнинг рақамли хавфсизлигини оширишдир.

Бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан бирга, аҳоли ва ёшлар билан ишлаш, таъсирчан тарғибот-ташвиқот усулларини кучайтириш, аҳолининг кибертаҳдидларга қарши билим ва тушунчаларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Зотан, ёшлар ўртасида кибержиноятчилик профилактикасини мунтазам олиб бориш, маҳаллаларда кибержиноятчилик олдини олиш юзасидан учрашувларда амалий тавсиялар бериш, одамларнинг шубҳали ҳаволалардан сақланиш, нотаниш манбалардан келган ҳаволаларга кирмаслик ва иловаларни юклаб олмаслик, ҳеч кимга SMS-кодлар, банк картаси маълумотлари ва бошқа махфий маълумотларни бермаслик, ишончли манбалар, расмий ва ишончли веб-сайтлар ва дастурлардан фойдаланиш ҳақида яхшигина тушунча ва тасаввурга эга бўлишлари киберфирибгарларнинг алдовидан сақланишда катта аҳамиятга эга.

Насибулло Қамбаров,

Андижон вилояти маъмурий суди судьяси