Атрофга назар

Қиш келди, кўмирдан муаммо йўқ...ми?


09.12.2025   208

Бу саволга ёруғ юз билан дадил жавоб бериш учун вилоятимизнинг ҳар бир гўшасида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари пухта олиб борилди. Қаҳратон кунда энг зарур нарсалардан бири иссиқлик бўлгани боис, “Кўмиртаъминот” МЧЖ вилоят филиалида ҳам бу масалага жиддий эътибор қаратилган. Вилоятдаги 8 та омборхонада мавсум учун етарли миқдорда захирани таъминлаш мақсадида зарур чора-тадбирлар кўрилган.

Жумладан, омборларнинг Андижон шаҳридагиси Андижон шаҳар ва Булоқбоши туманига, Андижон туманидаги Андижон ва Олтинкўл туманларига, Пахтаобод ва Избоскандагилари ўз ҳудудларига, Шаҳрихондаги Шаҳрихон, Балиқчи, Бўстон ва Булоқбошига, Жалақудуқдаги Жалақудуқ ва Хўжаободга, Қўрғонтепадаги Қўрғонтепа ва Хонобод шаҳарлари истеъмолчиларига мунтазам хизмат кўрсатиб турибди. Ҳозирда аҳолига ёқилғининг114,1 тоннаси етказилган ва таъминот давом эттирилмоқда.

Маълумот учун, республикада кўмир қазиб чиқариш кўрсаткичлари ва кўмир қазиб чиқариш ҳажми ижтимоий соҳа ҳамда саноат тармоқлари эҳтиёжидан келиб чиқиб, йил сайин ортмоқда. “Ўзбеккўмир” АЖ Ахборот хизмати маълумотларига кўра, илғор хорижий тажрибалар асосида кўмир қатламларини баҳолаш ва бурғилаш ишлари давом эттирилмоқда. Хусусан, 2024 йилда жамият томонидан 6,7 млн тонна кўмир қазиб чиқарилган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткични 6,8 млн тоннага етказиш режалаштирилган.

  • 2025/2026 йилги мавсум учун аҳолини сифатли кўмир ёқилғиси билан таъминлаш мақсадида вилоятимиздаги 879 маҳалладаги 140 минг нафар истеъмолчига жами 276 минг 650 тонна кўмир ёқилғиси етказиб берилиши режалаштирилган, - дейди “Кўмир таъминот” МЧЖ Андижон филиали директори Азизбек Усмонов.- Мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш, келаётган кўмир ёқилғисини аҳолига ўз вақтида ҳамда сифатли етказиб бериш мақсадида ҳар бир туман (шаҳар)лар ҳокимликлари ҳузурида туну кун ишловчи махсус штаблар фаолияти йўлга қўйилган.

Мавсум якунига қадар Ангрен кўмир конидан вилоят аҳолиси учун яна 162,5 минг тонна кўмир ёқилғиси етказиб берилиши кўзда тутилган ва заҳираси яратилган.

- Одамлар кўмир харид қилаётганда кўпроқ нималарга эътибор беришлари керак?

- Ўринли савол. Айрим истеъмолчилар ёқилғининг ташқи кўриниши (йирик ё майдалиги)га қараб баҳо беради. Бу – хато. Аслида кўмирнинг сифати деганда, унинг фракциясидан ташқари ёнувчанлиги, кулчанлиги, намлиги эътиборга олиниши керак, - дейди Азизбек Усмонов. - Филиал томонидан етказиб берилаётган маҳаллий кўмирнинг сифат кўрсаткичлари қуйидагича: маркаси ‒ 2BZR, бўлаклар ўлчами ‒ 0-700 мм., бўлаклар ундан катта бўлишига рухсат этилади. Намлиги ‒ 40 фоизгача, кулчанлик даражаси ‒ 17 фоизгача. Ёқилғининг ишчи ҳолатида пастки ёниш калорияси 3200 kkaл/кг. Минерал аралашмалар миқдори 3 фоизни ташкил этади. Ушбу сифат кўрсаткичи амалдаги техник регламентлар ва лаборатория назорати асосида мунтазам текшириб борилади.

Айни пайтда вилоятимизда табиий газ етиб бормаган ҳудудлар аҳолисини арзонлаштирилган маҳаллий кўмир ёқилғиси билан етарли миқдорда таъминлаш асосий вазифа сифатида кун тартибидан тушгани йўқ.

Андижон шаҳридаги Янги турмуш МФЙ аҳолиси эҳтиёжларидан келиб чиқиб 161 тонна кўмир етказиб бериш режалаштирилган. Хонадон вакиллари бир тонна кўмирни 309 минг 800 сўмдан харид қилиб олишяпти. Фуқаролар хурсанд. Шу кунгача маҳсулот сифати ёки нархи юзасидан эътирозлар билдирилмади.

“Маҳалла” уюшмаси Пахтаободтумани бўлими раиси Мавлонберди Эгамовнинг айтишича, тумандаги 59 та маҳалла фуқаролар йиғинида 41 минг 461 хўжалик яшайди. Уларнинг 30 фоизига табиий газ етиб борган. Қолган маҳаллалар аҳли кўмир ёқилғисидан фойдаланади. Андижон тумани омбори билан шартнома асосида белгиланган миқдордаги маҳсулот харид қилиняпти. Туман аҳолиси талаб ва эҳтиёжини ҳисобга олиб, 21 минг тонна кўмир етказиб бериш режалаштирилган. Сифати яхши, ёнувчан бўлганлиги учун ҳам фуқароларда қайтариб бериш ҳолатлари кузатилмаяпти.

Кўринадики, маҳсулот нархи вилоятнинг барча жойларида бир хил. Сифати аҳолини қониқтиряпти. Айни кунга қадар маҳаллаларда бу борада муаммо бўлмаган.

Ижтимоий соҳа объектларидаги иситиш тизимларининг куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш, иссиқлик энергиясини узлуксиз етказиб бериш ҳамда энергия ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш ҳам эътибордаги масалалардан бири. Филиал томонидан бу тоифа объектларга 58,6 минг тонна ёқилғи(тоннаси 431 минг 400 сўмдан) етказиб берилди. Бу режанинг100 фоизи дегани.

Ижтимоий соҳа объектларини иситиш хусусий бошқарувга ўтгач, тармоқлар модернизация қилиниб, қозонхоналар замонавийсига алмаштирилди. Натижада мазкур биноларнинг бир меъёрда исиши, ёқилғи маҳсулот сарфи иқтисод қилиниши, иссиқлик энергияси 30 фоизга тежалишига эришилди.

Бундан ташқари, хусусий тадбиркорлар томонидан юқори калорияли кўмир маҳсулотлари импорт қилинмоқда.Демак, қиличини қайраб турган қиш мавсумидан беталофат ва хавотирсиз ўтиб оламиз.

Гулжаҳон ЖАББОРОВА.