Атрофга назар

ҚИШГА ТАЙЁР ЭМАСМИДИК?


23.01.2023   435

Ҳар куни ишга қатнайман. Совуқнинг изғирини ҳам меҳмон-да дейман кетаётиб. Йўллардаги сирпанчиқ, музламалардан юрак олдирганим рост. Чунки сал эҳтиётсизлик қилсам, йиқилишим тайин. Мени кузатиб чиққан қизларим “Япония сериалидаги Ошинга ўхшаб юряптия ҳамма” деб ҳазиллашишади. Чинданам, ҳамма майда қадам бўлиб қолган, бехос сирпансангиз ҳам юзтубан бўлиш ҳеч гапмас. Амаллаб қатнов йўлга чиқиб оламан, уёғига машиналар бор. Бирпасда манзилга элтишади.

Аслида бундай қаҳратонни кўрмаганимизга ҳам анча йиллар бўлибди. Биз болалик пайтларимиз шундай совуқлар бўларди. Қорлар тизза бўйи ёғар, кўчадан кирмай чанғи учардик. Фарзандларимиз ўшандай қорларни кўрмаётганини афсус билан гапирардик. Мана ўша биз кутган, биз соғинган аёзли қиш, болалигимиздагидек бўлмаса-да бўралаб ёққан қор – халигача эримаяпти. Фарзандларимиз чанғи учиб тўйишмаяпти. Уларнинг завқига қараб “шукур” дейман. Хартугул болаларимиз яйраяптику. Ахир мана шу шукуҳни соғинмаганмидик, дилбандларимизга ўша болалигимиздаги қорни илинмаганмидик?

Аммо танганинг иккинчи томонини ўйламабмиз. Қишли-қорли кунлар машаққати кексаларни, ёлғизларни, ҳимояга, кўмакка муҳтожларни қийнаб қўйди – ҳақиқат. Тан олиш керак, халқимиз бундай совуқни ёдидан чиқариб юборган экан, шунинг учун тайёргарчилик ҳам пухта бўлмаган.

Маълумот ўрнида айтишни жоиз топдик. Метеорологик кузатувлар тарихида Ўзбекистонда кўплаб совуқ қишлар бўлган. Жумладан, 1968—1969 йиллар қиши энг совуқ келган. Ушбу қиш мавсумида республиканинг кўплаб ҳудудларида минимал ҳаво ҳароратининг мутлақ рекордлари қайд этилган эди.

Шунингдек, сўнгги 50 йил ичида энг узун ва совуқ қиш мавсуми 2007-2008-йилларда қайд этилган бўлиб, совуқ давр декабрь охиридан февраль ойининг ўрталарига қадар давом этган экан. Республика ҳудуди бўйича ҳарорат 17-22осовуққача, баъзи жойларда 24-26 градус совуққача, Қорақалпоғистон Республикаси ва чўл ҳудудларида 30-33 градус совуққача пасайган.

Мана энди биз истаган, бир қадар унутилган ўша “катта” қор билан бирга кириб келган аномал совуқ ўзини халиям кўрсатяпти. Юртимиздан чиқиб кетгиси йўқдек табиатни маҳкам қучоқлаб олган. Қуёш чиққандек кўрингани билан ҳаво роса совуқ.Уйлардаги чироқлар бир ўчади,бир ёнади.Газлар эса аллақачон аксарият ҳудудларда узилган.“Ўлимсанги” бўлиб бўлса ҳам хонадонларни иситаётган табиий олов ҳозир янаям пастлабкетган...

Тўғри, мутасаддилар томонидан аномал совуқ кунлари олдидан мунтазам равишда ўрганиш ишлари олиб борилиб, бу ҳақида аҳолига керакли маълумотлар тўлиқ етказилди. Аммо барибир муаммолар совуқ, газ ва электрга бориб тақалди-да...

Имкон қадар ушбу масалаларга ҳам ечим топишга ҳаракат қилиняпти. Лекин очиғини айтиш керак, айрим ҳолларда умид умидлигича қолиб кетяпти.

Бугун кўчаларда йўловчилар учунйўл ҳаракати хавфсизлиги, техникалар созлигини таъминлаш ҳамда жамоат транспортлари қатнови оралиғи чўзилиб кетмаслиги учун транспорт корхоналари масъулияти кучайтирилди.

Ўз навбатида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан аномал совуқ кунлари болалар, кексалар, сурункали касали бор беморларни эҳтиёт қилиш, мавсумий касалликлардан эҳтиёт бўлиш, дармондориларга бой табиий маҳсулотларни истеъмол қилиш каби муҳим йўналишларда кенг кўламли тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, “Юксалиш” ҳаракати ҳам давлат ва хусусий сектордаги иш берувчиларни аномал совуқ кунларда, агар ходимларнинг иш жойида бўлишига эҳтиёж бўлмаса, уйдан ишлашига рухсат беришга, жамоат транспортининг узлуксиз ҳаракатини таъминлашга чақирган.

Давлатимизнинг барча саъй-ҳаракатлари мана шу қаҳратондан халқни беталофат, машаққатларни енгиб олиб чиқиш эканлиги бугун ҳар қадамда намоён бўлаётир. Синовли кунлар ҳамиша бўлган. Бу аслида неъматларнинг қадрига етишимизга бир туртки. Фақат халқни асрасак, бир куч бўлолсак, қийинчиликлардан чиарга оқилона йўл тополсак – марра бизники!

Зилола АБДУЛЛАЕВА.