Атрофга назар

Қисқаришга тушган ходимлар қандай имтиёзларга эга?


22.01.2026   34

Амалиётда айрим иш берувчилар қисқаришга тушган ёки малакаси етарли бўлмаган ходимлар билан меҳнат шартномасини бекор қилишда “Мен сизнинг кейинги карьерангизни ўйлаяпман, сизга яхшилик қиляпман” деб алдаб ёки қистов йўли билан ариза олиш ҳоллари учраб туради. Аслида эса, бундай вазиятда иш берувчининг асл мақсади ходимга кафолатли тўловларни тўламасликдир. Шунинг учун қисқаришга тушган бўлсангиз, ариза ёзманг, меҳнат шартномасини белгиланган тартибда Меҳнат кодекси 161-моддаси 2-қисми 2-банди билан бекор қилишни сўранг.

Хўш, қисқаришга тушган ходимни қонуний бўшатиш тартиби қандай амалга оширилиши керак? Бўшатилган ходимларга қандай кафолатлар берилиши лозим?

Аввало, Меҳнат кодекси 161-моддаси 2-қисмининг 2-банди бўйича меҳнат шартномасининг бекор қилиниши, технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ишлар ҳажмининг қисқариши билан боғлиқ бўлиши керак. Қайд этилган ушбу сабаблар мавжуд бўлгандагина, суд ҳақиқатда ходимлар сони (штати) ёки ишлар ҳажмининг ўзгариши содир бўлган деб топади. Бунда шуни ҳисобга олиш лозимки, агар фақат технологиядаги, меҳнатни ва ишлаб чиқаришни ташкил этишдаги ўзгаришлар, иш ҳажмининг қисқариши, обектив сабабларга кўра ходим томонидан меҳнат шартномасида белгиланган аввалги ишни бажаришни давом эттиришга тўсқинлик қилсагина, бундай асосларда меҳнат шартномасининг бекор қилиниши асосли деб топилиши мумкин.

Меҳнат кодекси 165-моддасига кўра, иш берувчи қисқаришга тушган ходимни камида 2 ой олдин (МК 6-бўлимида айрим тоифадаги ходимларга нисбатан алоҳида огоҳлантириш муддатлари белгиланган ҳоллар мустасно, масалан, МК 494-моддасига кўра, мавсумий ходим қисқаришга тушса, камида 7 календар кун олдин огоҳлантирилади) ёзма шаклда (имзо қўйдириб) огоҳлантириши шарт. Ходимга бошқа иш қидириш учун ҳафтада камида 1 кун шу вақт учун иш ҳақи сақланган ҳолда ишга чиқмаслик ҳуқуқи берилади.

Қисқариш келганда ишда қолдиришга доир имтиёзли ҳуқуқ малакаси ва меҳнат унумдорлиги юқорироқ бўлган ходимларга берилади ҳамда МК 167-моддасига мувофиқ тартибга солинади.

Шунингдек, МК 144-моддасига кўра, қисқаришга тушган ходимга иш берувчи унинг мутахассислиги ва малакасига мувофиқ келадиган бошқа ишга ўтказишни, бундай иш бўлмаган тақдирда эса иш берувчида мавжуд бўлган бошқа ишни таклиф этиши шарт.

Айтайлик, ташкилотда бошқа иш йўқ ёки ходим бошқа ишни рад қилди. Бу ҳолатда иш берувчи МК 165-моддасига кўра, огоҳлантириш муддатини унинг давомийлигига мувофиқ келадиган пулли компенсация билан алмаштиришга ҳақлидир. Демак, “ҳақлидир” сўзига эътибор беринг!

Яъни огоҳлантириш муддатини пулли компенсация билан алмаштириш иш берувчининг ҳуқуқи экан. Бунда ходим билан келишиш шарт эмас. Эски Меҳнат кодексининг 102-моддасига кўра, олдин бу ҳолатда ходим билан келишилар эди. Кўпчилик эски кодекснинг мана шу талабига чалғимоқда. Демак, амалдаги кодекснинг 165-моддасига кўра, иш берувчи истаса, камида 2 ой кутади, истаса огоҳлантириш муддатини мутаносиб пулли компенсация билан алиштириб, шартномани бекор қилади.

Меҳнат шартномасини бекор қилишдан аввал, агар жамоа келишувида ёки жамоа шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитасининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, МК 164-моддасида белгиланган тартибда касаба уюшмаси қўмитаси розилигини олиш ҳам зарур.

Бундан ташқари, ходимнинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида, таътилда бўлган пайтида, шунингдек, МК 163-моддасида назарда тутилган бошқа ҳолатларда меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тақиқланади. МК 165-моддаси охирги қисмига кўра, ходимни огоҳлантириш муддатига ходимнинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврлари, шунингдек унинг давлат ёки жамоат мажбуриятларини бажарган вақти (МК 282-моддасига қаранг) киритилмайди, бундан меҳнатга оид муносабатларнинг ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) тугатилганлиги муносабати билан тугатилиши мустасно.

Шунингдек, МК 408-409-моддаларига кўра, ҳомиладор аёллар, шунингдек, 3 ёшгача боласи бор аёл ёхуд 3 ёшгача бўлган болани ёлғиз тарбиялаётган ота (васий) қисқаришга тушмайди.

Ишдан бўшатиш нафақаси ходим иш топган ёки топмаганлигидан қатъи назар, тўлаб берилади.

Бир сўз билан айтганда, қисқаришга тушдингизми, иш берувчи талабига кўра ёки ўз ташаббусингиз билан ариза ёзиб берманг. Аксинча, меҳнатга доир ҳуқуқларингиздан фойдаланинг.

Азизбек Қодиров,

фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судининг судяси