Жамият

ҚИЁМАТЛИ ДЎСТЛАР МАҲШАР КУНИДА БИР ХИЛ МУКОФОТ ОЛАДИЛАР


09.08.2021   370

Уч ҳамкасб доимо бирга юришар, бирга тушлик қилишар, доимо ҳар не юмушни ҳамжиҳатликда амалга оширишарди. Бошқа бирга ишлайдиганлар уларни русчасига “Великолепная тройка” (Ажойиб учлик”), деб аташарди. Уччала ўртоқнинг ҳамкорлиги шу даражага етдики, баъзан қай бирлари ёнларида бўлмаса, еганлари ичга тушмайдиган бўлди.

Кунларнинг бирида уччалалари тушлик қилаётган эдилар. Ёши каттароқ Абдужамил ўртага ажойиб таклифни ташлади.

-Бизнинг бир-биримизга меҳримиз тобора ортаётганидан ишхонадагилар ҳам ҳавас қилишяпти. Шу дўстлигимиз абадий давом этиши учун, келинглар, қиёматли дўст бўлайлик. Нима дейсизлар?

Қолган иккиси бир-бирига қарашди. Абдужамил уларга. Давра бир дам сукунатга чўмди. Жимликни Муҳаммаджон бузди. У Абдужамилдан сал кичикроқ, Насибуллодан каттароқ эди. Насибуллонинг жим туришидан ўзи гапириши кераклигини тушунди, шекилли, сўз бошлади.

-Маъқул. Зўр бўларди. Шундай ҳам, мана, неча йилдирки, биргамиз. Фақат уйимизга кетгандагина айриламиз бир-биримиздан. Унда, менимча, янада яқинроқ бўламиз... Қани, қўл ташланглар...

У қўл узатди. Абдужамил ҳам. Насибулло эса йўқ.

-Ҳа, нега сен қўл узатмаяпсан?

Деярли иккови тенг шу саволни беришди.

-Гапим ёқмадими, - сўради Абдужамил.

-Ёқди. Нега ёқмасин? Фақат...

-Нима, фақат?.. Бундоқ очиқроқ гапиргин...

Насибулло икковига қаради. Кейин пиёлада совуб қолаёзган чойдан хўплади. Сўнг...

-Қиёматли дўст бўлиш қандай маънога эгалигини биласизларми? Буниям ўзига хос таърифи бор экан, - деди оҳиста.

-Яна қанақа таъриф? – Ғудранди Абдужамил. – Қиёматли дўст, дегани янаям қадрдонроқ бўлиш, дегани-да... Тўғрими, Муҳаммаджон?

-Ҳа, - дея зўр-базўр жавоб берди у.

-Йўқ, - деди Насибулло. – Мен ҳам аввал шундай ўйлардим. Ундай эмас экан....

-Қандай экан унда?

Насибулло томоқ қирди, яна чой хўплади.

-Яқинда бир китобда ўқиб қолдим. Унда бир ривоят келтирилган экан. Айнан қиёматли дўстлар ҳақида. Айтиб берайми?

Иккала дўст розилик маъносида бош ирғашди.

-Хўп. Эсимда қолганча айтиб бераман. Эшитинглар...

...Қадим замонларда икки дўст бўлган экан. Улар шу даражада яқин қадрдон эканларки, одамлар уларни ака-ука, деб ўйлашаркан. Иккаласи Оллоҳ учун қиёматли дўст бўлишга онт ичишибди. Орадан йиллар ўтибди. Кунлар келиб, иккови ҳам ёруғ оламни тарк этишибди. Қиёмат кунида дўстлардан бири номаи аъмолини ўнг томондан ва ўнг қўлдан олиб, жаннатга кириш билан мукофотланибди. Иккинчиси эса дўзахга ҳукм қилинибди.

“Дўстим ҳам жаннатга кирса, бирга кетамиз”, деб кутиб турган биринчиси буни кўриб, ҳайрон бўлибди. “Ие, нега бундай бўлади? Ахир, доим иккимиз бирга эдик. Оллоҳ учун қиёматли дўст бўлганмиз. У дўзахда азобланса, менга жаннатнинг роҳату лаззатлари татирмиди?..”

Шуларни хаёлдан кечираркан, Жаннтга йўлланма олгани Оллоҳ таолога мурожаат қилибди.

-Эй, Оллоҳи карим! Бизлар ёруғ дунёда Ўзингнинг ризолигинг учун қиёматли дўст бўлишга онт ичганмиз. Ҳозир мени жаннатга, уни эса дўзахга ҳукм қилдинг. Менга усиз жаннат керакмас. Парвардигори олам, Ўзингга осон, дўстимни менинг ўрнимга жаннатга киргиз... Мен эса, майли, дўзахга бораман...

Оллоҳ таолонинг буйруғи билан ҳукм ўзгартирилибди. Энди иккинчиси жаннатга, биринчиси дўзахга кирадиган бўлибди.

Мўъжизани қарангки, энди иккинчи дўст “жаннатга кирмайман,” деб оёқ тираб, туриб олибди.

-Ахир, мен киришим керак эди дўзахга. Дўстим у ерда менинг ўрнимга азобланса, оловда ёнса, менга жаннат татирмиди? Эй, Оллоҳим, мени кечир, аммо жаннатга дўстимсиз кирмайман. Майли, мен ҳам жаҳаннамга кира қолай... У қаерда бўлса, мен ҳам ўша ердаман...

Уларнинг бир-бирини авайлаши, меҳр-муҳаббатларини кўриб, Оллоҳ таоло фаришталарга қарата шундай дебди:

-Кўрдингизми, Оллоҳ учун, Оллоҳнинг розилиги учун ҳақиқий қиёматли дўст бўлганларни! Бир-бирларига муҳаббати ҳурмати, иккисини ҳам жаннатга киритинг. Улар шунга лойиқдирлар...

...Насибулло ривоятни тугатдию, дўстларига қаради. Уларнинг иккиси ҳам ерга боққанча, жим туришарди.

Манба: Нажмиддин ИКРОМИЙ ижоди телеграмм канили.

Обуна бўлиш бепул.

https://t.me/nikromiy