Конституциявий суднинг давлат ҳокимияти тизимида тутган
26.06.2026 87
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ҳокимиятлар бўлиниши принципини ҳаётга жорий этишда алоҳида ўринга эга. Чунки, Конституциявий суд қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлигини аниқлайди.
Давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи органларини Коституцияга мувофиқ тийиб туриш ва мувозанатда ушлаб туриш учун Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ўзининг ваколатлари доирасида қуйидаги масалаларни кўриб чиқади:
1) Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, ҳукумат, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди;
2) Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар - Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунларининг, ратификация қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунлари Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар - Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди;
3) референдумга чиқарилаётган масалаларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради;
4) Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради;
5) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ беради;
6) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаатини кўриб чиқади;
7) конституциявий судлов ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этади;
8) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан берилган ваколати доирасида бошқа ишларни кўриб чиқади.
Фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилишга ҳақли.
Юқорида санаб ўтилган Конституциявий суд ваколатларини аксарияти кейинги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилган ислоҳотлар натижасида мунтазам равишда кенгайганлигини кўришимиз мумкин.
Конституциявий суд фаолиятининг яна бир муҳим жихати шундаки, у фақат, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига амал қилган ҳолда ишларни ҳал этади ва хулосалар беради.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисидаги Қонунда белгиланган ваколатларни аниқ ва оғишмай амалга ошириш учун Конституциявий суд ўз фаолияти давомида қуйидаги асосий принципларга амал қилади.
Булар: Ўзбекистон Республикаси Конституциясини устунлиги¸ мустақиллик, коллегиаллик, ошкоралик, тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги принципларидир.
Конституциявий суд ишларини юритиш Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг устунлиги принципи, қонун чиқарувчи ҳамда ижро этувчи ҳокимиятнинг ҳужжатларида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари устуворлигига оид конституциявий принципнинг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бошқа нормаларининг рўёбга чиқарилиши асосида амалга оширилади.
Конституциявий суд фақат Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига амал қилган ҳолда ишларни ҳал этади ва хулосалар беради.
Конституциявий суд ва унинг судьялари ўз фаолиятида мустақилдир ҳамда фақат Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига бўйсунади.
Конституциявий суднинг судьялари қарор қабул қилар экан, ўзининг ҳуқуқий нуқтаи назарини амалий мақсадга мувофиқлик мулоҳазаларидан, сиёсий мойилликлар ва бошқа ташқи таъсирлардан холи бўлган ҳолда ифодалайди.
Конституциявий суднинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Коллегиаллик принципи деганда, ишларни қўриб чиқиш ва қарорлар қабул қилиш камида тўрт судьядан иборат таркибда коллегиал амалга оширилишини тушуниш лозим.
Ошкоралик принципи эса, Конституциявий суднинг мажлислари, қоида тарзида, очиқ ўтказилишини назарда тутади.
Конституциявий суднинг қарорлари барча давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда жамоат бирлашмалари, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига масалалар киритиш ҳуқуқига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари; Ўзбекистон Республикаси Президенти; Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман); Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари - Бола ҳуқуқлари бўйича вакил; Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси; Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида тўртдан бир қисмидан иборат депутатлар гуруҳи; Сенат аъзолари умумий сонининг камида тўртдан бир қисмидан иборат сенаторлар гуруҳи; Ўзбекистон Республикаси Олий суди; Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори; Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси; Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий маркази; Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил. Агар қонун фуқаролар ва юридик шахсларнинг фикрича, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ келмаса ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, улар қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этишга ҳақлидир.
Агар олинган материаллар қўйилаётган талабларга жавоб берса, Конституциявий суд улар олинган кундан эътиборан етти кунлик муддатдан кечиктирмай масалани ўрганиб чиқишга киришади.
Кўриб чиқилаётган иш юзасидан қарор мурожаат кўриб чиқишга қабул қилинган пайтдан эътиборан уч ойдан кечиктирмай Конституциявий суд томонидан қабул қилинади.
Конституциявий суд конституциявийлиги шубҳа туғдирган кўриб чиқилаётган аниқ масалалар юзасидангина тўхтамга келади. Конституциявий суднинг тўхтами очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади.
Судья овоз беришда бетараф қолишга ёки қатнашмасликка ҳақли эмас.
Мажлисда қатнашаётган судьяларнинг кўпчилиги ёқлаб овоз берган бўлса, Конституциявий суднинг тўхтами қабул қилинган деб ҳисобланади. Овозлар тенг бўлиниб қолган тақдирда Раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
Конституциявий суднинг тўхтамига қўшилмаган Конституциявий суднинг судьяси ўз фикрини ёзма тарзда баён қилиш ва уни Конституциявий суд мажлиси баёнига қўшиб қўйишга ҳақлидир.
Қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустқил ҳолда иш юритишни таъминлаш мақсадида Конституциявий суд судьяларини сайлашни ўзига хос тартиби ўрнатилган.
Унинг судьялари Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тавсия этган мутахассислар орасидан, Қорақалпоғистон Республикасининг вакилини қўшган ҳолда сайланади.
Конституциявий суднинг ҳар бир судьяси якка тартибда сайланади. Сенат аъзолари умумий сонининг кўпчилик овозини олган шахс сайланган ҳисобланади. Конституциявий суд раис ва унинг ўринбосарини қўшган ҳолда Конституциявий суднинг тўққиз нафар судьясидан иборат бўлади. Конституциявий суд судьясининг ваколатлари муддати биринчи марта сайланганида беш йилни, навбатдаги сайланганида ўн йилни ташкил этади. Конституциявий суднинг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши, қоида тариқасида, етмиш ёшни ташкил этади. Айни бир шахс икки мартадан ортиқ Конституциявий суднинг судьяси этиб сайланиши мумкин эмас.
Шу ўринда Конституциявий суднинг судьялигига номзодга қўйиладиган талабларга тўхталиб ўтсак. Чунки, Конституциявий суднинг судьялигига номзодга қўйиладиган талаблар бошқа юрисдикция судлари судьялигига номзодларга қўйиладиган талаблардан бир мунча фарқ қилади. Сиёсат ва ҳуқуқ соҳаси мутахассиси бўлган, юксак маънавий фазилатларга ва зарур малакага эга бўлган, ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Конституциявий суднинг судьяси этиб сайланиши мумкин.
АБДУМАННОБ РАХИМОВ,
Конституциявий суд
судьяси,
ИЛХОМ НАСРИЕВ,
Конституциявий қонунчиликни
таҳлил қилиш бўлими
бош консультанти,
юридик фанлари докторлари.
