Атрофга назар

Қонун ва ижро: ЎЗБОШИМЧАЛИК НОҚОНУНИЙ ЕР ЭГАЛАРИГА ҚИММАТГА ТУШАДИ


01.02.2022   297

Бугунги кунда мамлакатимизда барча жабҳаларда қонун устуворлигини таъминлашга катта аҳамият қаратиляпти. Чунончи, ердан фойдаланиш ва унга эгалик ҳуқуқи тегишли қонун ва қонуности ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган ва уларҳаётимизга кенг татбиқ этиляпти.

“Ер кодекси”нинг 91-моддасида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерларни қайтариш тартиби кўзда тутилган. Ана шу тарзда эгаллаб олинган ер участкалари уларга ғайриқонуний равишда эгалик қилинган ва фойдаланилган вақтда, қилинган сарф-ҳаражатлар қопланмаган тарзда, тегишлигига кўра қайтарилади. Ер участкаларини фойдаланиш учун яроқли ҳолга келтириш, жумладан мавжудиморатларни бузиш уни эгаллаб олган шахслар ҳисобидан амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Ноқонуний эгаллаб олинган ер участкасини ер эгасига, ердан фойдаланувчига, ер участкаси ижарачисига ёки мулкдорига қайтариш тегишли туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг ёхуд суднинг ҳал қилув қарорига биноан амалга оширилади.

Якунланган йилда бўлимимиз ходимлари томонидан “Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек ерларни ҳисобга олиш ва давлат ер кадастрини юритиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим Қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун (16.08.2021 йил)нинг ижросини таъминлашга алоҳида аҳамият қаратилди. Ерга доир қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан 149та маъмурий баённома расмийлаштирилиб, юридик ва жисмоний шахслардан тегишли жарималар ундирилди.Аниқланган 48 та ноқонуний ҳолат юзасидан тегишли чоралар белгиланди, ўзбошимчалик билан қурилган иншоотлар ва эгаллаб олинган ер майдонлари фуқаролар томонидан бартараф этилди. 16 та ҳолатда эса, мажбурий тартибда бартараф этиш учун суд органларига даъво аризалари киритилди. Айрим юридик ва жисмоний шахсларнинг ерга оид қонунчиликдан бехабарлиги ёки унга нисбатан беписандлиги, охир-оқибат ҳам моддий, ҳам маънавий зарар етказиши шубҳасиз. Бундай нохушликнинг олдини олиш учун тегишли қонун ва тартиб-қоидаларни билиш ва унга амал қилиш зарур.

Юқоридаги каби ҳолатлар аниқланганда, ерга ўзбошимчалик билан эгалик қилаётган шахслар уни 15 кун муддатда ихтиёрий равишда бартараф этишлари керак. Акс ҳолда бундай шахсларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга кўра, базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари, мансабдор шахсларга 50 баравари миқдорида жарима солиниши белгилаб қўйилган. Маъмурий жазодан сўнг мазкур ҳаракатларни давом эттириш ҳолатлари аниқланса Жиноят кодексининг тегишли моддаси асосида базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваридан 400 бараваригача жарима солиниши, ноқонуний ҳолат мажбурий тарзда бартараф қилиниши назарда тутилган.

Ер – умумиллий бойлигимиз. Унинг ҳар қаричини авайлаб-асраш, муҳофаза қилиш, унга путур етказмаслик ва ундан оқилона, қонунан фойдаланиш фуқаролик,ватанпарварлик бурчимиздир. Она заминни ўзбошимчалик билан ўзлаштиришга уриниш, ноқонуний тасарруф этиш, алалоқибат, яхшиликка олиб келмаслиги унутмаслигимиз керак.

У. ҚУРБОНОВ,

Кадастр агентлиги Марҳамат туман бўлими бошлиғи.